Ғаройиб саёҳат: табиат ва тарих тилсимлари изидан (фото)

Ҳар гал «Тахти Қорача» довонидан ўтарканман, ғайриоддий бу гўша мени ўзига тортади. Омонқўтон — мусаффо ҳавоси, тотли суви, сўлим табиати бетакрор макон. Бундан ташқари, у ердаги ҳар бир тошда ўтмишнинг жонли садоси бор.
Бунда бир пайтлар Александр Македонскийнинг аскарлари нафас ростлаган, Амир Темурнинг зафарли қадамлари тошлар юзида муҳрланиб қолган. Вақт ҳазмидан холи бу воқеийликлар — гўё довон саҳнида мангу сақланиб қолгандек. Хуллас, сирли ғор, дахлсиз бокира табиат манзаралари ва бошқа ажойиботларни томоша қилиш баҳона қоғозга тушириш учун яна шу масканга ошиқдим.
Саёҳатни бошлашдан олдин «Омонқўтон» миллий табиат боғи мутасаддиларига мурожаат қилдим. Самимий қарши олишди, йўлбошчилик қилишга рози бўлишди. Идора ёнида — елкамда махсус сумка, спорт кийимида, худдики бутун тоғни пиёда забт этиш ниятида турардим. Миллий боғ директори Азамат Амруллаев бу шижоатимга кулимсираб назар ташлади-да: «Бу ерларни пиёда айланиш осон эмас, ҳудудимиз қарийб 1,5 минг гектар. Сиз кўрмоқчи бўлган манзиллар қалин ўрмонлар ва тошли сойлар ортида яширинган» деб, мени махсус машинасига таклиф этди.
Бокира табиат бағрида
Қудратли машина нотекис, икки томони жарликдан иборат тош йўллардан шиддат билан олға ҳаракатланади. Харсанглар устидан ўтаётганимизда машина чайқалиб-чайқалиб, мувозанатини йўқотаётгандек бўлади. Ёнимдаги тутқични чангаллаб, юрак ютиб атрофни кузатаман. «Пиёда кетсакмикан, бирор жарликка ағдарилиб кетмайлик-да ишқилиб», деган ўй хаёлимдан ўтади...
Ниҳоят кенг ва текисроқ йўлга чиқиб олдик. Йўлдошим шу заҳотиёқ қизиқарли суҳбатни бошлаб юборди: «Бу манзил аввалдан ҳам жозибали бўлиб келган, бу ерда Александр Македонский аскарлари билан тўхтаган. Бу табиатга Амир Темур маҳлиё бўлган. Шу қаторда Чор Россияси қўшинининг юқори мансабли вакили — генерал-губернатор Николай Иванович Корольков 1878 йилда келиб, тоғлар бағридаги сўлим манзарага мафтун бўлиб қолади. «Бу жой келажакдаги зўр дам олиш жойи ва обод маскан бўлади» деб, аскарларни ва маҳаллий аҳоли вакилларини жалб қилиб, 1 млн 300 минг туп дарахт ниҳолларини эктиради. Шу зайлда бу ерда бетакрор табиий муҳит яратилиб, катта ўрмон барпо этилган. Мана ўша пайтда экилган баъзи дарахтларни ўзингиз ҳам кўриб турибсиз».
Ҳа, биз кўриб турган тароватли «Қрим соснаси» Марказий Осиё бўйича илк бор шу ерда экилиб, тажрибадан ўтгандан кейин бошқа ҳудудларга тарқатилган экан. Йўл-йўлакай мусаффо ҳавоси билан ҳушни оладиган, қараганда дўппингиз тушиб кетадиган даражада баланд, ям-яшил қарағайзор бағрига етиб келдик. Бу ерда кўкка бўй чўзган яшил қарағайлар чайқалиб, хушбўй ифори билан атрофга жон бахш этиб турибди.
«Мен сизга айтган, бир пайтлар экилган Қрим қарағайлари айнан мана шулар, — дейди Азамат ака ғурур билан. — Буларнинг ҳар бири 147 йилдан бери бу заминга мусаффо нафасини таратиб турибди. Қрим қарағайлари — нафақат чиройли, балки кислородга бой ҳаётбахш дарахтлар ҳамдир».
Шундан сўнг илон изи йўлдан юриб бориб, бирдан тошли эски йўлга чиқиб қолдик. Бу «Тахти Қорача» довонининг эски йўли экан. Ўтмишда ҳаёт қайнаган, ҳозир сукутга чўмган бу йўл 1970 йилгача серқатнов бўлган. Йўл қадимги бўлса-да, тошлар текис терилган, айниқса, четидаги хавфсизликни таъминловчи тўсиқлари цементсиз бўлса-да, жуда мустаҳкам ўрнашиб турибди. Вақтида от-арава, кейинчалик илк автоуловларнинг узоғини яқин қилган бу йўл энди шунчаки олис ўтмишдан садо бериб турибди.
Сал нарироқда роса пишган ёввойи олчаларнинг гиламдек тўкилганига кўзим тушди. — Нега бўларни териб олмайсизлар, роса тўкилибди-ку? — савол бераман ҳамроҳимга.
Маълум бўлишича Миллий боғ ҳудудидаги барча мева ва резаворлар шу ерда яшовчи ҳайвон ва қушларнинг ризқи экан. Бу ердан ҳеч нарса олинмас экан.
— Аксинча, — дейишди боғ ходимлари, — биз қиш кунлари қушларга дон, ҳайвонларга ем, озуқа қўйиб кетамиз.
Чиндан ҳам, миллий боғ ҳудудидаги кўплаб дарахтларда қушларга мўъжаз инлар қурилганини кўрдим. Уларнинг бу саховатига жавобанми, қушлар ҳам борини бериб сайрар, бу оҳанглар, қарағай ва бошқа ўсимликлардан таралаётган ёқимли ифор билан қўшилиб, ўзгача шукуҳ бағишларди. Эртакларидагидек бу манзилдан ҳеч кетгим келмасди.
Қадим сирлар маскани
«Энди миллий боғимиздаги асосий манзилга борамиз, «Омонқўтон ғорига», деди ака хаёлотимга чек қўйиб.
Ғорлар... Ёшлигимизда эшитган ва ўқиган эртакларимизда ғорлар бизга аллақандай махлуқлар макон қурган, ҳисобсиз хазина-дафиналар яширилган, сирли, тилсимли, ажойиб бир дунёдек туюлган. Чиндан ҳам ғорлар — сукунат ва зулмат ҳукм сурган, ҳали қанчадан-қанча сирларни бағрида пинҳон сақлаётган ажойиб бир дунё. Хаёлга толаман йўл-йўлакай.
«Омонқўтон ғори» миллий табиат боғи ҳудудида жойлашган. Уни 1947 йилда Самарқанд давлат университети археология кафедраси профессори Давид Лев аниқлаган ва қазишма ишларини олиб борган. Археологик қазишма ва тадқиқотлар натижасида ғорда ўрта палеолит даврига оид одамлар, турли жонзот ва ҳайвонларнинг 16 минг дона суяклари, гулхан, ўчоқлар, ов ва иш қуроллари топилган. Унгача бу жойда ғор бор-йўқлигини маҳаллий аҳоли билмаган.
Ғорга яқинлашиб, ичкарига шошиб илдамлаётган эдим, шошманг, дея шеригим огоҳлантирди. Бирдан тўхтаб, савол назари билан ҳамроҳимга қарадим.
—Ичкарида бирор жонзот ё заҳарли илонлар бўлиши мумкин. Шошмай, эҳтиёткорлик билан кирамиз, — деди у.
Илк дақиқаларда кўзимиз зулматга ўрганмасдан туриб, ҳаракатимиз анча эҳтиёткор бўлди. Бир муддатдан сўнг, телефон чироғи ёрдамида девордаги тош шакллар намоён бўла бошлади. Шипдан осилиб турган сумалаксимон тошлар — сталактитлар, пастдан ўсаётган тош конуслар — сталагмитлар ғор ичида ҳайратланарли симметрияда пайдо бўлган. Улар орасида баъзилари бирлашиб, қатор-қатор устунлар ҳосил қилган. Ғорда табиатнинг ўзи гўё қаср ясагандек: шоҳона, мукаммал, лол қоларлик.
Ҳаётбахш сув
Кейинги манзилимиз «Омонқўтон булоғи» бўлди. Бу ерга етиб келганимизда, йўл чарчоғи сезилган, сал ташналик бор эди. Аммо булоқ ёнидаги осойишталик, сувнинг жилваланиб оқиши, бизга гўё очиқ табиатнинг меҳмондўстлигидай туюлди. Бу сувдан аввал ҳам кўп ичган эдим, аммо ҳар сафар унинг таъми кўнгилда янги бир иштиёқ уйғотади. Бу булоқнинг суви — шунчаки тотли эмас, балки у тоғ бағридан оқаётган шифо, инсон вужудига сингиб борувчи мусаффолик манбаи. Бу сувнинг таъмини бир марта татиган одам уни унута олмайди. Унинг ҳар қатрасида табиатнинг чексиз софлиги, тоғларнинг кучи ва шу заминнинг асрлар давомида тўплаган қуввати мужассам. Ерли аҳолининг айтишича, бу сув инсон танини ёшартириш хусусиятига эга экан. Бу бежиз эмас — чунки булоқнинг боши тоғ юрагида экан.
Тирик табиат хазинаси
Албатта, шу ўринда миллий боғ ҳудудидаги ҳайратланарли ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига алоҳида тўхталмасак бўлмайди. Бу ер — нафақат гўзал манзаралар, балки бебаҳо биологик бойликлар маскани экан. «Омонқўтон миллий табиат боғи» ҳудудида 1 минг 300 турдан зиёд ноёб ўсимлик ва дарахтлар ва 120 турдан ортиқ ҳайвон ва жонзотлар яшар экан.
Ҳали саёҳат бошланиши биланоқ, тепамизда мағрур парвоз қилган лочин ва бургутлар диққатимизни тортганди. Уларнинг ҳаводаги парвозини ҳар қанча суратга туширмоқчи бўлмай, чақмоқдек тез ҳаракатланиб, шиддат билан қанот қоқиб, кўз очиб юмгунча ғойиб бўларди.
Энди саёҳатимизга якун ясаймиз деб турган эдик, кўкдаги бургут менинг қуруқ қўл билан кетишимни истамай, саховат қилгиси келди шекилли, тепамизда айлана бошлади. Дарҳол фотоаппаратимни қўлга олиб, унинг шижоатли парвозини абадийлаштиришга улгурдим.
Омонқўтондан қайтар эканман, қалбан гўё бир неча асрларни босиб ўтгандек, табиат, тарих ва инсон ўртасидаги узвий боғлиқликни ҳис этдим. Бу масканнинг ҳар бир бурчагида сўзсиз ҳикоялар, ҳар бир нафасида — ҳаёт, ҳар бир товушида — ҳикмат, ҳар бир манзарасида — ўтмиш, бугун ва келажакни боғлаб турувчи жонли ришталарни кўргандек эдим. Орқамга қараб-қараб кетаётганимда қалбимда бир ҳис уйғонди: Қачондир бу масканга яна қайтаман!
Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии
Вход
Заходите через социальные сети
FacebookTwitter