Саудия Арабистони аҳолиси Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларини зиёрат қилиш истагида – вазир
28 сентябрь куни Тошкентда Саудия Арабистони подшоҳлиги Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров иштирокида мулоқот бўлиб ўтди.
Мусулмонлар идораси матбуот хизмати хабарига кўра, мулоқот чоғи икки мамлакат ўртасида азалдан тарихий, маданий ва диний ришталар мустаҳкам боғлангани қайд этилди. Ҳар бир мусулмон Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварага интилади. Аллоҳнинг уйи – Каъбаи муаззама, Арафот, Мино ва Муздалифа водийлари, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Равзаи саодати ва қабри, буюк саҳобалар дафн этилган Бақиъ маскани, Қиблатайн ва Қубо масжиди, Уҳуд тоғи каби табаррук жойларни зиёрат қилишга ошиқади.
Мулоқотда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 17-18 август кунлари Икки муқаддас масжид ходими, подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд таклифига биноан, давлат ташрифи билан Саудия Арабистонига боргани ҳамкорлик муносабатини янада юқори даражага кўтаришга хизмат қилаётганини қайд этди.
Саудиялик юқори мартабали меҳмон подшоҳликда ҳам Ўзбекистондаги тарихий масканларни зиёрат қилишга қизиқиш ошиб бораётганини таъкидлади.
«Ўзбекистоннинг меҳмондўст халқи, муқаддас ва тарихий қадамжолари доимо саёҳат қилувчиларни ўзига ром этади. Арабистонликлар ҳам бу ердаги қадим шаҳарларни кўриш, муқаддас масканларни зиёрат қилишни истайди. Саудия Арабистони фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш тартиби жорий этилиши мамлакатларимиз ўртасида зиёрат туризми кенг ривожланишида муҳим аҳамият касб этади», – деди Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа.
Учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров ҳаж ва умра қилувчиларга хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш, Мино, Арафот ва Муздалифа водийларида янада қулай шароит ҳозирлаш, шунингдек, илмий-тадқиқот ишларида ҳамкорлик қилиш, уламолар иштирокида анжуманлар ўтказиш, Саудия фуқароларининг Самарқанд, Бухоро, Термиз каби қадимий шаҳарларга зиёратларини ташкил этиш кабилар борасида таклиф ва фикр-мулоҳазаларни тақдим этди.
Аввал хабар берганимиздек, Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа бошчилигидаги делегация 27 сентябрь куни юртимизда келди. Ташрифдан кўзланган мақсад ўзаро ҳамкорликни такомиллаштириш, айниқса, диний-маърифий, илмий-тадқиқот, туризм, транспорт соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter