Абдулазиз Комилов муҳим сана муносабати билан саудиялик ҳамкасбига мактуб йўллади
![Абдулазиз Комилов муҳим сана муносабати билан саудиялик ҳамкасбига мактуб йўллади](https://xabar.uz/static/crop/1/1/920__95_1130315805.jpg)
Бугун, 20 февраль куни Ўзбекистон Республикаси билан Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлди. Шу муносабат билан мамлакатимиз ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фархон Ол Саудга табрик йўллади.
Ўзбекистон ТИВ матбуот хизматига кўра, мактубда икки давлат муносабатлари сўнгги йилларда ижобий суръат касб этиб, амалий мазмунга эга бўлаётгани, ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани қайд этилган. Ўзбекистон подшоҳлик билан барча соҳаларда ўзаро манфаатли конструктив ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлиги билдирилган.
Саудия Арабистони Ўзбекистон давлат мустақиллигини 1991 йил 30 декабрда тан олган. 1992 йил 20 февраль куни дипломатик муносабатлар ўрнатилган.
1995 йил майда Риёзда Ўзбекистон элчихонаси, 1997 йил мартда Тошкентда Саудия Арабистони элчихонаси фаолият бошлаган.
2017 йил 21 май куни президент Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол-Сауднинг таклифига биноан мазкур давлатда бўлиб, Араб-мусулмон ва АҚШ саммитида иштирок этди. Анжуман доирасида Ўзбекистон президенти бир неча давлат раҳбари, жумладан, Саудия Арабистони подшоҳи билан учрашди.
2021 йил 16 июль куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги халқаро анжуман доирасида Саудия ташқи ишлар вазири Файсал бин Фархон Ол Саудни қабул қилди. Учрашувда икки томонлама алоқалар жадал ривожланаётгани, турли соҳаларда, хусусан, энергетика бўйича йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилаётгани қайд этилган.
Вазир Файсал бин Фархон Ўзбекистон етакчисига подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг Саудия Арабистонига расмий ташриф билан келиш таклифини яна бир бор тасдиқлаган.
Ўзбекистоннинг Араб оламидаги асосий ҳамкорларидан саналган Саудия билан ҳукуматлараро қўшма комиссия ҳамда ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Таҳлилчиларга кўра, расмий Тошкент ва Риёз кўплаб халқаро масалаларда муштарак позицияга эга. 2023 йилда Бутунжаҳон туризм ташкилоти бош ассамблеясининг 25-сессиясини Самарқандда ўтказиш бўйича Ўзбекистон ташаббусини Саудия томони қўллаб-қувватлаган.
Маълумотларга қараганда, мамлакатимизда саудиялик ишбилармонлар иштирокида қирққа яқин қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда.
Аввалроқ Саудиянинг «ACWA Power» компанияси 108 миллион долларли лойиҳа доирасида Қорақалпоғистонда шамол электр станцияси барпо этаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter