Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мусулмон олами интиқиб кутган ҳодиса рўй берди

Мусулмон олами интиқиб кутган ҳодиса рўй берди

Фото: SPA

Ҳижрий тақвим бўйича янги 1448 йилнинг илк лаҳзалари, муҳаррам ойининг биринчи кунида (2026 йил 16 июн) Каъбаи муаззаманинг ёпинчиғи — кисвани алмаштириш маросими бўлиб ўтди.

Саудия Арабистони расмий ахборот агентлиги (SPA) хабар беришича, 150 нафар ҳунарманд-уста 11 ой мобайнида тайёрлаган 1 410 килограмм оғирликдаги кисва Масжидул-ҳаромнинг Каъба жойлашган Матоф майдонига махсус уловда, қўриқчилар ҳамроҳлигида келтирилган.

Фото: SPA

Малакали мутахассислардан иборат махсус гуруҳ кисвани алмаштиришни назорат қилади. Бу жараён эски каъбапўшни кўтариш, ундаги олтин билан ишланган элементларни ечиб олиш ва янги қопламани ўрнатишни ўз ичига олади.

Кисванинг алмаштирилиши бутун мусулмон дунёси интиқиб кутадиган ва ихлос билан кузатадиган ҳодиса саналади.

Маккаи мукаррамада жойлашган, Подшоҳ Абдулазиз номидаги мажмуада тайёрланадиган кисва учун юқори сифатли хомашё материаллари, жумладан, 825 килограмм табиий ипак, 120 килограмм олтин ип, 60 килограмм кумуш ип ва 400 килограмм пахта толаси ишлатилади.

Фото: SPA

Материаллар энг юқори сифат стандартларига мувофиқ ҳамда иқлим шароитларига чидамли бўлиши учун махсус лабораторияларда синовдан ўтказилади.

Каъба Қуръон оятлари ва нақшлар моҳирлик билан кашта тарзида туширилган мато билан тўлиқ қопланади.

Кисвани тўқиш ва тайёрлаш жараёнига тахминан 6,68 миллион АҚШ доллари сарфланади. Каъбапўш нафақат юксак ҳунармандлик намунаси, балки ислом оламининг муқаддас рамзларидан бири сифатида алоҳида қадрланади.

Манбаларга кўра, Каъбани илк бор кисва билан ёпган инсон пайғамбар Исмоил алайҳиссаломдир.

Каъба ёпинчиғи ранглари турли даврларда турлича бўлган. Кисвани қора рангда қилиш аббосий ҳукмдорлар давридан урфга кирган, чунки мазкур сулоланинг байроғи қора рангда бўлган.

Аввал хабар берганимиздек, ўтган йили Саудия Арабистони раҳбарияти Ўзбекистон халқига муқаддас Каъба ёпинчиғининг бир парчасини ҳадя қилган эди. Ушбу мўътабар туҳфа Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказида сақланмоқда.

Олдинроқ Xabar.uz кисвани тайёрлаш жараёнидан репортаж тайёрлаган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг