Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Cамарқанд Япониянинг қадимий пойтахти билан биродарлик муносабатини ўрнатди

Cамарқанд Япониянинг қадимий пойтахти билан биродарлик муносабатини ўрнатди

Ўзбекистоннинг қадимий кенти Самарқанд ҳамда Япониянинг кўҳна пойтахти Нара биродар шаҳарлар деб эълон қилинди. Бу ҳақда Япония элчихонаси матбуот хизмати хабар берди.

Биродарлик алоқаларини ўрнатиш тўғрисидаги битим Самарқандда икки шаҳар ҳокими – Фазлиддин Умаров ва Накагава Гэн томонидан имзоланди. Маросимда, шунингдек, Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, Нара парламенти раиси Кита Ёсиаки ҳамда Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Фужияма Ёшинори қатнашди.

«Биз биродар шаҳар номзоди борасида узоқ ўйладик. Боз устига, йигирма йилдан буён бирор шаҳар билан бундай муносабат ўрнатмаганмиз. Якунда бизнинг танловимиз, бизга муносиб деб билганимиз Самарқанд бўлди. Тарихи, маданияти узоқ ўтмишга бориб тақаладиган кўҳна шаҳар билан мустаҳкам дўстлик ришталари боғланганидан мамнунмиз», – деди Нара ҳокими.

Эътиборга молик жиҳати, бу – Ўзбекистон ҳамда Кунчиқар ўлка шаҳарлари ўртасида илк биродарлик муносабати ўрнатилишидир. Янги битимнинг имзоланиши нафақат Самарқанд ва Нара, балки умуман икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни чуқурлаштиришга хизмат қилади.

Икки қадимий шаҳар ўзаро биродарлик муносабати ўрнатгани тасодиф эмас. Зеро, улар ўртасида муштарак жиҳатлар талайгина. Ўз даврида пойтахт бўлган ҳар икки шаҳарда тарихий обидалар бисёр, уларнинг катта қисми ЮНЕСКОнинг бутунжаҳон мерос рўйхатига киритилган. Ҳар икки шаҳар давлатчилик бешиги, туризм маркази саналади. Самарқанд оша ўтган Буюк ипак йўлининг шарқий бўғини Нара шаҳрида якун топгани ҳам рамзий маънога эга.

Ўзбекистон ҳамда Кунчиқар ўлка ўртасида турли соҳалардаги алоқалар фаоллашмоқда. Кеча, 25 октябрь куни Тошкентда иқтисодий ҳамкорлик бўйича икки давлат қўмиталарининг 16-йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда қайд этилишича, сўнгги беш йилда Ўзбекистонда Япония капитали иштирокидаги корхоналар сони беш баробар кўпайиб, 55 тага етди. 2022 йилнинг тўққиз ойида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 30 фоизга ошди. Йиғилишда Япония томони Ўзбекистонда рақамлаштириш даражасини 70 фоизга етказишга кўмаклашиш ниятини билдирди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг