Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

ЕИ Марказий Осиёга глобал таҳдидларга биргаликда курашишни таклиф этмоқда

ЕИ Марказий Осиёга глобал таҳдидларга биргаликда курашишни таклиф этмоқда

23 октябрь куни Люксембургда Европа Иттифоқи – Марказий Осиё 19-вазирлар йиғилиши бўлиб ўтди. Эътиборга молик жиҳати, Марказий Осиё ташқи ишлар вазирлари ҳамда ЕИнинг 27 давлати вакиллари илк бор бир даврада жам бўлишди.

Европа комиссияси вице-президенти, ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель раислигида ўтган машваратда ҳар икки минтақа ўзаро стратегик ҳамкорликни давом эттириш борасида қатъият изҳор қилган.

«ЕИ ҳамда Марказий Осиёдаги ҳамкорларимиз билан алоқалар йилдан йилга мустаҳкамланиб бормоқда. Биз марказий осиёлик ҳамкорларимизга ислоҳотлар борасида кўмакни давом эттиришга тайёрлигимизни билдирамиз. Россиянинг Украинага агрессияси, шунингдек, бошқа глобал ва минтақавий муаммолар асоратларини бартараф этиш йўлида Марказий Осиёдаги ҳамкорларимиз билан яқиндан ҳамкорлик истагида собитмиз. Бир ёқадан бош чиқарган ҳолда, кўпроқ натижага эришишимиз, Европа, Марказий Осиё ва ундан ташқарида барқарорлик, хавфсизлик ва фаровонликка кўпроқ ҳисса қўшишимиз мумкин», – деди Ж.Боррель.

Юқори даражадаги машваратда Украина босқини оқибатлари, Афғонистондаги вазият билан бир қаторда икки йирик минтақа ўртасида хавфсизлик, савдо-иқтисодиёт, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришлари, илм-фан, инновациялар йўналишидаги ҳамкорлик муҳокама қилинди.

Жорий йил 2 июнь куни Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё ва ЕИ етакчиларининг иккинчи учрашувида ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган йўл харитаси ишлаб чиқиш таклиф этилган эди.

Люксембургдаги вазирлар йиғилишида мазкур йўл харитаси маъқулланди.

Учрашув якунида қабул қилинган қўшма баёнотда таъкидланишича, ЕИ ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари БМТ Низоми ҳамда халқаро ҳуқуқнинг барча давлатларнинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш каби тамойилларига содиқдир. 

Шунингдек, ушбу ҳужжатда ЕИ томонидан Россияга нисбатан жорий этилган санкцияларни Марказий Осиё орқали айланиб ўтишга уринишларнинг олдини олиш зарурати ҳам таъкидланган.

Чўлпонотадаги учрашувда президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё–Европа Иттифоқи биринчи тўлиқ форматли саммитини Ўзбекистонда ўтказиш ташаббуси қўллаб-қувватланган эди.

Люксембург учрашуви якунида қабул қилинган қўшма баёнотга кўра, ушбу нуфузли саммит 2024 йилнинг биринчи ярмида ўтказилади.

Машваратда қатнашган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов унинг якунидан мамнун эканини билдирган.

«Кўплаб масалалар қаторида барқарор савдо алоқаларини қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини яратиш, саноат кооперацияси ва инвестициявий салоҳиятни ривожлантириш, шунингдек, минтақанинг яшил иқтисодиётга ўтишини жадаллаштириш учун энг илғор технологияларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратдик», – деб ёзди Б.Саидов Телеграмдаги расмий саҳифасида.

Аввал хабар берганимиздек, 2022 йил 17 ноябрь куни Самарқандда бўлиб ўтган икки минтақа вазирларининг 18-учрашувида глобал беқарорлик шароитида ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш лозимлигига урғу берилган, хусусан, ЕИдан илғор технологиялар, ноу-ҳаулар ва инвестицияларни жалб этиш муҳимлиги қайд этилган эди. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг