Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ЕИ Марказий Осиёнинг Россияга қарамлигини камайтиришга кўмаклашади

ЕИ Марказий Осиёнинг Россияга қарамлигини камайтиришга кўмаклашади

«Биз Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатларнинг эксклюзивлигини эмас, балки танлаш эркинлигини таъминлашни истаймиз»,  дейди ЕИнинг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан. Дипломат Тошкентда журналистлар билан учрашувда Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг устувор жиҳатларига ҳам аниқлик киритган.

Қайд этилишича, ЕИ–Марказий Осиё ҳамкорлигининг барча йўналишлари минтақа мамлакатлари иқтисодиётини диверсификация қилиш ҳамда Россияга билвосита қарамликни камайтиришга қаратилган. Бу эса иқтисодий тараққиёт, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, энергия самарадорлиги, шунингдек, рақамлаштириш йўналишларини қамрайди.

Адриан хонимга кўра, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги роли муҳим.

«Биз Ўзбекистонни Марказий Осиёда кўпроқ таъсир, янада кўпроқ ҳамкорлик омили, минтақавий ҳамкорлик учун ўзига хос локомотив сифатида кўрамиз. Ўзбекистон нафақат ўз чегаралари хавфсизлиги, балки қўшни давлатлар билан ҳамкорлик қилишдан ҳам манфаатдор», – дейди у.

Ўзбекистон билан ҳамкорлик, жумладан, 2021−2027 йилларга мўлжалланган кўп йиллик индикатив дастурга мувофиқ амалга оширилмоқда. Дастур доирасида самарали давлат бошқаруви ва рақамли трансформация, инклюзив ва рақамли яшил ўсиш ҳамда «ақлли», экологик тоза қишлоқ хўжалиги каби йўналишларда лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Шарлотта Адриан ЕИ минтақа давлатларининг шерикларни танлаш эркинлигини ҳурмат қилишини алоҳида таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 18 ноябрь куни Самарқандда бўлиб ўтган ЕИ ва Марказий Осиё ўртасида ўзаро боғлиқлик анжуманида ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель ҳам минтақа давлатлари ҳамкорлик борасида стратегик автономияга эга бўлиши лозимлигини уқтирган эди. Тажрибали сиёсатчи давлатларнинг бир-бирига ортиқча қарамлиги қимматга тушишидан огоҳлантирган.

«Марказий Осиёдаги ҳамкорларимизнинг, тарихий ё жуғрофий ўзига хосликлардан қатъи назар, бирор бир халқаро ҳамкорга муте бўлиб қолмаслик истаги табиий эканини тан оламиз. Биз минтақадаги дўстларимизда танлов эркинлиги бўлишини қўллаб-қувватлаймиз», – деган эди ЕИ бош дипломати.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг