Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Камдан-кам насиб этадиган омад». Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси хайрлашув мактуби ёзди

«Камдан-кам насиб этадиган омад». Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси хайрлашув мактуби ёзди

Виолен де Вильмор хоним расмий-норасмий давраларда меҳмоннавозлик кўрсатган барча ўзбекистонликларга ташаккур билдирди.

 Фото: Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси

Франциянинг Ўзбекистонда фаолиятини якунлаётган фавқулодда ва мухтор элчиси Виолен де Вильмор хоним мамлакат расмий ва норасмий доиралари ҳамда дўсту ҳамкорларга хайрлашув мактуби йўллади.

«Улкан ўзгаришлар ва мамлакатнинг жаҳон ҳамжамияти томон мислсиз очилиши рўй бераётган бир даврда француз-ўзбек алоқаларига ўз ҳиссамни қўшиш имконияти яратилгани мен учун омад бўлди. Бундай имкониятлар касбий фаолиятимизда камдан-кам учрайди», – дея юртимиздаги уч йиллик фаолиятига баҳо берди элчи хоним.

Дипломат тараққиёт йўлида улкан ислоҳотларни амалга оширишдан қўрқмайдиган буюк давлат арбоблари билан учрашиш шарафига муяссар бўлганини мамнуният ила қайд этди.

Хайрлашув номасида олий даражадаги учрашувлар, Франция фуқаролари учун Ўзбекистонда қисқа муддатли визасиз режим жорий этилгани, француз тили таълими ҳамда академик ҳамкорликка енгилликлар яратилгани, Тошкентда Франция тараққиёт агентлиги бўлимининг очилгани, икки давлат ишбилармонлари клуби таъсис этилгани, ўзбек осори атиқаларини Лувр музейида намойиш қилиш имкони яратилгани катта ютуқлар сифатида санаб ўтилган.

Дипломат имкониятдан фойдаланиб ҳамкорлик дарвозаларини кенг очгани учун Ўзбекистон ҳукуматига, шунингдек, расмий-норасмий давраларда меҳмоннавозлик кўрсатган барча ўзбекистонликларга ташаккур изҳор этган.

Мактубда, шунингдек, хорижий дипломатик корпус вакиллари, чунончи, Франция элчихонаси жамоасига алоҳида миннатдорлик билдирилган.

Хайрлашув номасида маълум қилинишича, Франциянинг юртимиздаги янги элчиси лавозимига ҳам аёл дипломат – Изабель Сервоз-Галлуччи номзоди тасдиқланган.

Виолен де Вильмор хоним 2016 йил 17 сентябрда Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси сифатида иш бошлади. Унинг юртимиздаги фаолияти сермаҳсул кечди. Элчи хоним икки мамлакат президентлари ва ташқи ишлар вазирлари учрашувлари ҳамда турли даражада делегациялар алмашувини ташкил этишда жонбозлик кўрсатди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 22 август куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мамлакатимизда фаолиятини якунлаётган Виолен де Вильмор хонимни қабул қилиб, унинг элчилик фаолиятига юқори баҳо берган эди.

С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг