Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Кўча санъатидан иқлим муҳофазасига қадар. Германия Ўзбекистонда ўнлаб тадбирлар ўтказади

Кўча санъатидан иқлим муҳофазасига қадар. Германия Ўзбекистонда ўнлаб тадбирлар ўтказади

Фото: Xabar.uz

Жорий йил 12 сентябрдан 30 сентябргача Ўзбекистонда Германия ҳафталиклари ўтказилади. Бу ҳақда Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Германиянинг юртимиздаги элчиси, доктор Тило Клиннер маълум қилди.

«Германия ва Ўзбекистонни яқин дўстлик ва ҳамкорлик ришталари боғлайди. Бой маданий меросга эга ҳар икки давлат илм-фан, тадқиқот, санъат ҳамда маданият соҳаларида атоқли сиймоларга бешик бўлган. Германия Ўзбекистоннинг иқтисодиёти, тараққиётга йўналтирилган ҳамкорлик, маданият, таълим каби соҳаларида иштирок этиб келмоқда. Германия ҳафталикларидан кўзланган мақсад эса мамлакатларимиз ўртасидаги робиталар нечоғли серқирра эканини яна бир карра намойиш қилишдир», – деди элчи Т.Клиннер матбуот анжуманида.

Ҳафталиклар давомида юртимиз бўйлаб кўча санъати фестивалидан овозсиз кино намойишига қадар, таълим кўргазмасидан маҳорат дарсларига қадар, иқлим муҳофазасига доир маърузадан қишлоқ хўжалиги семинарига қадар – ўнлаб йирик тадбирлар уюштирилади.

Тошкентдаги Гёте институти директори ўринбосари Вальтер Сабиелга кўра, ҳафталик доирасида институтда 16 сентябрь куни очиқ эшиклар куни ўтказилади, олмон маданияти, тили ва таълими ҳақида кўпроқ маълумот беришга қаратилган илмий, бадиий лойиҳалар амалга оширилади. Жумладан, машҳур олмон поп-арт рассоми ва иллюстратори Жим Авигнон Тошкент, Бухоро ва Қашқадарёда ўз ижодий тажрибаси билан ўртоқлашади.

Ҳафталик давомида икки давлат таълим муассасалари ўртасида битимлар имзоланиши ҳам кўзда тутилган.

Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ваколатхонаси раҳбари Йоахим Фрицнинг маълум қилишича, у бошчилик қилаётган тузилма пойтахт Тошкент ҳамда вилоятларда қишлоқ хўжалиги, касбий таълим, тўқимачилик каби йўналишларда илмий-амалий анжуманлар ташкил этади.  

Элчи Т.Клиннер жорий йил икки давлат ҳамкорлиги борасида муҳим ҳодисаларга бой бўлганини қайд этди.

Май ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Германияга ташриф буюрди. Ташриф доирасида иқтисодиёт, савдо, молия, таълим, фан ва инновация соҳаларида 16 та ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжат имзоланди.

Март ойида эса Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги делегация расмий ташриф билан Германияда бўлиб, бизнес-форумда иштирок этди.

Германия элчиси таъкидича, қарийб 3 ҳафта давом этадиган тадбирлар ўзаро ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Ҳафталик Германия элчихонаси томонидан мувофиқлаштирилмоқда. Йирик лойиҳани рўёбга чиқаришда Германия ташқи савдо палатаси (AHK), Германия академик алмашинув хизмати (DAAD), Германия савдо-саноат палатаси (DIHK), Германия халқ университетлари уюшмасининг Халқаро ҳамкорлик институти (DVV International), DW академияси, Германия иқтисодининг Марказий Осиё бўйича делегацияси, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ), Гёте институти, Ҳаннс Зайдел жамғармаси (HSS), Ташқи алоқалар институти (IfA), Германия тараққиёт банки (KfW), Хориждаги олмон мактаблари бўйича марказий идора (ZfA) ва олмон компаниялари иштирок этмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг