Саида Мирзиёева Диене Кейта билан демографик барқарорлик ва инсон капитали бўйича ҳамкорликни муҳокама қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева БМТ Бош котиби ўринбосари, БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) ижрочи директори Диене Кейта билан учрашди.
Мулоқотда демографик барқарорлик, инсон капитали ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Саида Мирзиёева Ўзбекистоннинг асосий капитали ёш авлод эканини таъкидлади. У демографик салоҳиятни келгусида дивиденд манбаига айлантириш учун инсон, айниқса, аёллар ва болаларнинг саломатлиги, таълими ҳамда хавфсизлигига инвестиция киритиш зарурлигини билдирди.
Саида Мирзиёева ўзининг Телеграм каналида демографик прогнозлаш тизимини йўлга қўйилаётганини маълум қилди. Шунингдек, «Демографик дивиденд — 2050» стратегиясини ишлаб чиқиш режалаштирилаётганини айтди.
Томонлар демографик барқарорликни фақат аҳоли сони билан боғлиқ масала сифатида эмас, балки таълим, соғлиқни сақлаш, бандлик, ижтимоий ҳимоя ва оилаларни қўллаб-қувватлашни қамраб оладиган узоқ муддатли тараққиёт масаласи сифатида кўриш зарурлигини таъкидлади.
Шунингдек, демографик маълумотлар ва таҳлилий прогнозлар асосида қарорлар қабул қилиш ҳамда инсон капитали ва ижтимоий хизматларга инвестицияларни кучайтириш бўйича халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқотда аҳолининг фаровонлигини ошириш ва демографик жараёнларни самарали бошқаришда маълумотлар ҳамда прогнозларнинг аҳамиятига эътибор қаратилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter