Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлиши оқибатлари баҳоланди. Таҳлиллар қанчалик холис?

Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлиши оқибатлари баҳоланди. Таҳлиллар қанчалик холис?

Фото: «Известия»

Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) эҳтимолий аъзо бўлиши оқибатлари яна бир карра баҳоланди. Евроосиё тараққиёт банки (ЕОТБ) томонидан тайёрланган ҳисоботда асосан ижобий жиҳатларга урғу берилган.

Ҳисоботга кўра, Ўзбекистон ЕОИИга тўлақонли қўшилгудек бўлса, унга аъзо давлатлардан ҳар йили қўшимча 1-1,5 миллиард доллар сармоя кириши мумкин. Банк экспертлари Ўзбекистон тўғридан-тўғри сармояларни жалб этиш борасида катта имкониятларга эга эканини қайд этади.

Қолаверса, ЕОИИга аъзолик катта меҳнат бозорига кириш, кўп сонли мигрантларни иш билан таъминлаш имконини беради. Бу эса пировардида меҳнат муҳожирларининг ЯИМдаги улушини оширади. Банк экспертларининг ҳисоб-китобига кўра, ЕОИИга аъзо бўлгач, Ўзбекистонга келаётган пул жўнатмалари миқдори йилига ўртача 1,5-2 млрд долларга кўпаяди. Боз устига, меҳнат миграцияси мамлакатдаги ишсизлик билан боғлиқ тангликни юмшатиши мумкин, дейди ҳисобот муаллифлари.

Интеграциялашув ушбу тузилмага аъзо мамлакатларга Ўзбекистоннинг экспортини кескин ошириши ҳам мумкин. 2020 йилда Ўзбекистон мазкур иттифоқ давлатларига 3 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилган бўлса, аъзолик ортидан бу кўрсаткичга яна 1,2 миллиард қўшилиши тахмин қилинмоқда.

ЕОТБ мутахассислари фикрича, иттифоқ ҳудудида товар, хизмат, капитал ва меҳнат ресурсларининг эркин ҳаракати жамият ҳаётининг барча соҳаларига ижобий таъсир кўрсатади. Таъкидланишича, ЕОИИга аъзолик ортидан мамлакат ЯИМнинг йиллик ўсиши ҳозирги 5,5 фоиздан 7,2 фоизгача кўтарилиши мумкин.

Ҳисоботда ЯИМ 57,7 млрд доллар, аҳоли сони эса 34,6 млн кишини ташкил этувчи Ўзбекистон билан ҳамкорлик ЕОИИ учун муҳим экани, Марказий Осиёда йирик стратегик кучга эга мазкур мамлакатсиз минтақа масалаларини ҳал этиш душвор экани таъкидланади.

Евроосиё тараққиёт банки ҳисоботида асосан ижобий жиҳатларга урғу берилгани, салбий жиҳатлардан эса кўз юмилиши табиий ҳол. Гап шундаки, 7 миллиард долларлик устав капиталига эга мазкур банк ЕОИИнинг расмий банки саналади.

ЕОИИ 2015 йилда Россия томонидан Беларусь ҳамда Қозоғистон иштирокида таъсис этилган. Кўп ўтмай Арманистон ва Қирғистон ҳам иттифоққа қўшилди ва аъзолар сони бештага етди. Ўзбекистон (2020 йил декабрдан), Молдова ва Куба эса кузатувчи мақомида.

ЕОИИга аъзолик Ўзбекистон учун қанчалик манфаатли? Бу масалада зиёлилар кўпдан буён мунозара қилиб келмоқда. Бир тоифа мазкур халқаро тузилмага кириш Ўзбекистон меҳнат мигрантларига қулайликлар яратишига урғу бермоқда.

Мустақил таҳлилчи Фарҳод Мирзабоев ҳам иттифоққа аъзолик Ўзбекистон учун айни муддао эканини асослашга уринган.

Шу билан бирга, ЕОИИ Россиянинг империя даъволарини рўёбга чиқариш йўлида ташкил этилган, собиқ СССРни тиклашга қаратилган халқаро лойиҳаси деган қараш ҳам мавжуд.

«Ҳаққоний моҳиятига кўра ЕОИИ дунёдан ўзини ажратиб олиб, қалъасида қамалга тушган ва бу қамал ҳолатини давлат сиёсатига айлантирган тузумнинг геосиёсий лойиҳасидир, Россия мамлакати ва халқи билан дўстона алоқаларда бўлган ҳолда, уни бу кўйга солган тузум билан Иттифоқ бўлиш ўзини зулмга тутиб беришдир», – деб ҳисоблайди таниқли журналист Карим Баҳриев.

Қолаверса, ЕОИИнинг истиқболига, эртанги кунига ишончсизлик билан қаровчилар ҳам талайгина. Масалан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев ЕОИИ худди МДҲ каби минтақадаги яна бир аҳамиятсиз ташкилотга айланиши мумкинлигидан огоҳлантиради.

Ўзбекистоннинг дунёга интеграциялашувини олқишлаб келаётган сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов эса ЕОИИ клиник ўлим ҳолатида, деб ҳисоблайди. «Клиник ўлим – ҳаёт ва биологик ўлим ўртасидаги ҳолат бўлиб, организмда ҳаётийлик элементлари кўринмайди, ташқаридан қараганда яшаш учун мужда мавжуд бўлмайди», – дейди сиёсатшунос.

Кейинги йилларда ЕОИИ «меъмори» саналган Россия расмийлари мазкур тузилмага кириш борасида Ўзбекистонга гоҳ таклиф, гоҳ талабни ёдга солувчи муждалар йўллаб келмоқда.

Хусусан, 2019 йилнинг октябрь ойида Россия парламенти юқори палатаси – Федерация кенгаши спикери Валентина Матвиенко ҳали президент Шавкат Мирзиёев билан учрашмасдан туриб, Ўзбекистон ЕОИИ аъзо бўлмоқчи экани ҳақида баёнот берган эди. Бу ҳол ижтимоий тармоқларда кўп ва хўб муҳокама этилган, сиёсатчига «тўйдан олдин ноғора чалмаслик» тавсия этилган эди.

Расмий Москва Ўзбекистоннинг халқаро тузилмада кузатувчи мақомида бўлишидан ҳам қониқмаётган кўринади. Жорий йил 22 июнь куни ҳукумат раҳбарлари учрашувида Россия бош вазири Михаил Мишустин томонидан ЕОИИга аъзолик Ўзбекистон иқтисодий ўсишига қўшимча имкониятлар бериши таъкидланиши ана шундай хулосага ундайди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил январь ойида Олий Мажлис Сенати мажлисида нутқ ирод қилган президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ЕОИИга кузатувчи мақомида киришини таъкидлаб, «Кузатувчи дегани – аъзо дегани эмас. Томошабин дегандек. Кузатувчи мақомида нима яхши, нима ёмонлигини кузатамиз», – деган эди.

С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг