Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қирғизистон ва Тожикистон бош вазирлари Тошкентда қабул қилинди

Қирғизистон ва Тожикистон бош вазирлари Тошкентда қабул қилинди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раиси – Президент Администрацияси раҳбари Адилбек Касималиевни қабул қилди.

Учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон давлатимиз раҳбарига Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Икки мамлакат етакчилари ўртасида савдо-иқтисодиёт, транспорт, сув-энергетика соҳаларида эришилган келишувларни амалга ошириш, шунингдек, маданий-гуманитар дастурлар ва ҳудудлараро алмашинувларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзаро ҳамкорлик ва бўлажак олий даражадаги тадбирлар кун тартибини бойитиш мақсадида Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилишлари давомида ҳамда бошқа шериклик механизмлари доирасида янги лойиҳа ва ташаббусларни ишлаб чиқиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзодани қабул қилди.

Учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон давлатимиз раҳбарига Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Ўзбекистон – Тожикистон дўстлик, яхши қўшничилик ва иттифоқчилик муносабатларини олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Икки томонлама шерикликнинг барча йўналишларидаги юқори суръат мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ҳажми ўсиб бормоқда, энергетика, саноат, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларидаги кооперация лойиҳалари фаол босқичда.

Янги ташаббусларни, жумладан, ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алмашинувлар доирасида ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг