Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев 3 та тақдимотни маъқулламади

Шавкат Мирзиёев 3 та тақдимотни маъқулламади

Президент Шавкат Мирзиёев 30 январь куни ёшлар, спорт, соғлиқни сақлаш, электр энергияси соҳаларидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Шулардан 3 тасини маъқулламади.

Мутасаддилар ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва спортни оммалаштириш борасида маҳалла ва мактаблардаги шароитлар ўрганилгани ҳақида ахборот берди. Қайд этилганидек, юртимиздаги 9 минг 309 та маҳалладан 763 тасида спорт объекти, 6 мингдан ортиғида кутубхона йўқ. Шунингдек, 10 минг 130 та мактабдан 2 мингдан зиёдида спорт зали, 22 тасида кутубхона мажуд эмас.

Бу жойларда спорт масканлари ва кутубхоналар барпо этиш бўйича 3 хил лойиҳа таклифи ишлаб чиқилган. Биринчисида китоб жавонлари ва спорт қурилмалари ўрнатиш, иккинчисида очиқ спорт майдонлари ҳамда учинчисида ёпиқ иншоотлар барпо этиш назарда тутилган.

Давлат раҳбари бу лойиҳаларни маъқулламай, қайта кўриб чиқиш бўйича ўз тавсияларини берди.

– Тасаввур қилинглар: қишлоқларда оддий одамларга нима керак, ёшларга нима керак? Болалар кечқурун нима ўйнайди? Ёши катталар қаёққа бориб, суҳбатлашади? Шуларни ўйлаб, халқимиз хоҳишини инобатга олиб, лойиҳа қилиш керак. Масалан, маҳаллада мактаб, стадион бор. Шунинг ёнида сунъий қопламали мини-футбол майдони, баскетбол, стол тенниси, шахмат-шашка учун жойлар ташкил этиш мумкин. Бунга керак ҳамма нарса ўзимизда ишлаб чиқарилаяпти. Иккинчидан, шу жойларда кутубхона, компьютерхона, ошхона, ҳаммом қурса бўлади. Келгусида шифокор пунктларини ҳам жойлаштириш мумкин. Умуман, бу орқали ҳам хизматлар ривожланади, ҳам одамлар рози бўлади. Ҳар бир маҳалланинг мана шундай иқтисодий, ижтимоий, илмий маркази бўлиши керак, у ерда ҳаёт қайнаши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шундан келиб чиқиб, лойиҳани такомиллаштириш, маҳалла марказларини давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиш вазифаси қўйилди. Бунинг учун тадбиркорларга имтиёз берилади ва эвазига ижтимоий масъулият юкланади. Куннинг маълум соатлари маҳалла ёшлари учун текинга ажратилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг