Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев Эрон парламенти раҳбарини қабул қилди

Шавкат Мирзиёев Эрон парламенти раҳбарини қабул қилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 13 июль куни Эрон Ислом Республикаси Исломий Кенгаш Мажлиси раиси Муҳаммад Багир Қолибоф бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Ўзбекистон билан Эрон ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантириш, шунингдек, минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни юқори суръатда давом эттириш ва устувор йўналишларда кенгайтиришга хизмат қилаётган фаол мулоқотлар ва сермаҳсул алмашинувларни мамнуният билан қайд этди.

Савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорлик кўрсаткичлари ўсаётгани кузатилмоқда – жорий йил бошидан товар айирбошлаш 40 фоизга, қўшма корхона ва лойиҳалар сони 360 тадан ошди. Февраль ойида Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ҳамда икки мамлакат ишбилармон доиралари ва етакчи корхоналари вакиллари иштирокида бизнес форум муваффақиятли ўтказилди. Келгуси ойларда қатор муҳим икки томонлама тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Исломий Кенгаш Мажлиси раиси Ўзбекистон етакчисига Эрон Президенти Иброҳим Раисийнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказиб, Эрон томони дўст давлатларимиз ўртасидаги кенг кўламли муносабатларни мустаҳкамлаш ва амалий мазмун билан бойитиш борасида қатъий эканини таъкидлади.

Музокараларда ўзаро савдо ҳажмининг ошиши учун қулай шароитларни шакллантириш, транспорт ва логистика соҳасидаги қўшма лойиҳаларни илгари суриш, илмий-техник алмашинув дастурларини амалга ошириш, ҳудудлар ва тадбиркорлар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Келишувларни амалга ошириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли лойиҳаларини илгари суриш мақсадида самарали парламентлараро мулоқотни давом эттиришга келишиб олинди.

Афғонистондаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашилди. Ушбу мамлакатда узоқ муддатли тинчликка эришиш ва унинг ижтимоий-иқтисодий тикланиши йўлидаги кўмакни кенгайтириш муҳим экани қайд этилди.

Бундан ташқари, халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик масалалари, шу жумладан жорий йил сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитининг кун тартиби кўриб чиқилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг