Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шавкат Мирзиёев: «Мен мустақил Ўзбекистон ташкил топган даврда депутат бўлганман»

Шавкат Мирзиёев: «Мен мустақил Ўзбекистон ташкил топган даврда депутат бўлганман»

Қонунчилик палатаси Спикери сифатида сайланган Нурдинжон Исмоиловни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қутлади ва шу орқали барча депутатларга мурожаат қилди. Бу ҳақда Xabar.uz мухбири маълум қилиб ўтди.

«Ҳозирги Олий Мажлис билан аввалгиси ўртасида катта фарқ бор. Депутатлар катта рақобатда ютиб чиқиб сайланди, кучли дебатлар ўтказилди ва бундай палатани бошқариш осон эмас. 

Энди ишлаш керак. Жуда катта қонунлар қабул қилиниши лозим ва депутатлар зиммасида катта масъулият бор. Бунинг учун энг аввало ўз устимизда ишлашимиз ва ривожланишда давом этишимиз керак. Халқ сизга ишонмоқда ва бу ишончни оқлаш шарт. 

Бу ваколатни сизга Халқ берди. Ундан муносиб фойдаланамизми, Халқнинг розилигини оламизми, деган савол ҳар бирингизнинг кўнглингизда бўлиши лозим.

Мен ҳам бу даргоҳда уч марта депутат бўлганман. Саксонинчи йиллардаги кучли йиғилишларда иштирок этганман. Бир давлат йўқ бўлиб кетиб, мустақил Ўзбекистон ташкил топган вақтлардаги дебатларида иштирок этганман. Ўша депутатлар биринчи Президентимиз бошчилигида мустақил Ўзбекистонни ташкил этган эди.

ОАВнинг роли ўсиб бораётганини қаранг. Ҳозир ижро ҳокимияти ҳам матбуот билан ҳисоблашмоқда. кузатиб боряпти. Сиз ҳам шу йўлдан боринг. Матбуот кўтариб чиқаётган муаммолар эътиборингизда бўлсин.

Бир нарсани ёддан чиқарманг, сиз тарихий вақтда, тарихий парламентга сайландингиз. Сиз шунга муносиб бўлишингиз лозим.

Қонунчилик палатаси Спикерини лавозим билан қутлайман. Вазиятдан фойдаланиб спикерга ва депутатларга мурожаат қилмоқчиман — бир нарсани ёддан чиқарманг, ҳар бирингиз шахссиз. Энди Спикер ҳам, унинг ўринбосарлари ҳам ўзгариши лозим.

Бундан буёғига йил якунида ҳар бир қабул қилинган қонун халққа керакми ёки йўқ, бу масала кўриб чиқилади.

Ижро ҳокимиятининг, Президентнинг бир қатор ваколатлари Парламентга берилмоқда. Энди ҳар бир вазир, ҳар бир Бош вазир ўринбосари сизга келиб ҳисобот беради. Ҳисобот бера олмаган мутасаддининг ўз ишига муносиблигини кўриб чиқишга мен розиман. Мен бу баёнотни бугун Сенатга ҳам бермоқчиман.

Мана ҳозир қўл кўтариб Спикерни сайладингиз. Аммо бундан буён ҳам у билан розимисиз, ёки бошқа таклифлар борми, ўз фикрингизни билдира олишингиз лозим.

Дунё ҳамжамияти бизга ишонч билан қарамоқда ва бу ишончни оқлай олишимиз лозим», — деди Шавкат Мирзиёев.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг