Шавкат Мирзиёевга Покистоннинг олий давлат мукофоти топширилди
Покистон Ислом Республикаси пойтахтидаги “Айвони Садр” қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга Покистоннинг олий давлат мукофоти — “Нишони Покистон” орденини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тантанали тадбирда Покистон Президенти Асиф Али Зардорий ушбу юксак мукофотни давлатимиз раҳбарига шахсан топширди.
Маросимда “Нишони Покистон” ордени Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги умумий саъй-ҳаракатларнинг юксак эътирофи, шунингдек, Ўзбекистон халқига нисбатан дўстона муносабат ва чуқур ҳурмат ифодаси экани таъкидланди.
Шу билан бирга, икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтарилиб бораётганига ишонч билдирилди.
Қайд этилишича, “Нишони Покистон” ордени турли йилларда Буюк Британия Қироличаси Елизавета II, АҚШ Президенти Ричард Никсон, Жанубий Африка Республикаси Президенти Нельсон Мандела, Таиланд Қироли Пхумипон Адульядет, БАА Президенти Шайх Зоид бин Султон Ол Наҳаён, Хитой Халқ Республикаси Раиси Ху Цзиньтао, Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Саудия Арабистони Валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон каби қатор нуфузли давлат ва сиёсат арбобларига тақдим этилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter