Сигарет тутайди, мия эса сўнади...
Сўнгги илмий тадқиқотлар чекиш нафақат ўпка ёки юракка, балки инсоннинг энг муҳим аъзоси — мияга ҳам жиддий зарар етказишини яна бир бор тасдиқлади.
Энг хавфлиси шундаки, бу жараён кўпинча сезилмасдан, йиллар давомида аста-секин кечади. Натижада инсон ўз фикрлаш тезлиги, хотираси ва руҳий барқарорлигини йўқота бошлайди.
Тамаки тутуни таркибида минглаб заҳарли моддалар мавжуд бўлиб, улар қон орқали тўғридан-тўғри мияга етиб боради. Бу моддалар мия ҳужайраларига зарар етказиб, нейронлар ўртасидаги алоқаларни издан чиқаради. Айниқса, миянинг муҳим қисмлари жиддий зарарланади.
Масалан, хотира ва ўрганиш учун жавоб берадиган — «гиппокамп» кичрайиб боради, бу эса янги маълумотни қабул қилиш ва эслаб қолишни қийинлаштиради.
Ҳиссиётлар ва стрессни бошқарувчи — "амигдала" фаолияти бузилиб, инсонда доимий хавотир, асабийлик ва тушкунлик ҳолатлари кучаяди. Ҳаракат ва мотивация учун масъул «глобус паллидус» эса заифлашиб, инсонда лоқайдлик, тез чарчаш ва ҳаракат сустлиги кузатилади. Бундай ўзгаришлар оддий ҳолат эмас. Бу миянинг функционал имкониятлари пасайиб бораётганининг белгисидир.
Чекувчи инсонларда фикрлаш тезлиги секинлашади, қарор қабул қилиш қийинлашади, диққат ва реакция сусаяди. Кўпинча бу ҳолатлар стресс ёки чарчоқ билан изоҳланади, аммо аслида бу мияда кечаётган жиддий ўзгаришларнинг натижасидир.
Илмий кузатувлар шуни кўрсатадики, чекувчи одамларда мия ҳажми чекмайдиганларга нисбатан кичикроқ бўлади. Бу эса нейронлар сони ва уларнинг фаоллиги камайганини англатади. Шу билан бирга, никотин қисқа муддатли «енгиллик» ҳиссини бергани билан, стресс даражасини янада оширади.
Яна бир муҳим жиҳат — чекиш мияда қон айланишини ёмонлаштиради. Натижада мия кислород етишмовчилигига учрайди ва бу ҳолат унинг ишлаш самарадорлигини янада пасайтиради.
Бироқ, ижобий томони ҳам бор. Инсон мияси маълум даражада тикланиш қобилиятига эга. Агар чекувчи инсон бу одатни ташласа, бир неча ҳафта ичида қон айланиши яхшиланади. Бир неча ойдан сўнг эса хотира, диққат ва фикрлаш қобилияти аста-секин тиклана бошлайди. Узоқ муддатда эса мия фаолияти сезиларли даражада яхшиланиши мумкин.
Хулоса шуки, ҳар бир сигарет — бу шунчаки тутун эмас. У инсоннинг хотираси, фикрлаш қобилияти ва руҳий барқарорлиги ҳисобидан “тўланадиган” бадалдир. Шунинг учун бу одат ҳақида жиддий ўйлаб кўриш ва тўғри қарор қабул қилиш ҳар бир инсон учун жуда муҳимдир.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter