Биз 34 йил кутган воқеа
Сойиб Хўжаев, Эргаш Каримов, Ҳусан Шарипов, Мурод Ражабов.
Уларни нима бирлаштиради?
Тўғри топдингиз, улар ўзбек футбол фанатлари акс этган фильм(лар) бош қаҳрамонлари. «Ёр-ёр» филмида спорт шарҳловчисининг «футболчиларимизга нимадир етишмаяпти», деган гапига Сойиб Хўжаев «мен етишмаяпман, мен» деган сўзлари ёдингиздами?
Ёки «Учрашув» да Эргаш Каримовнинг хотинига шиша ўқталиб «Ўйнай олмасанг нима қиласан?» деган гапи-чи?
«Суюнчи»да футбол жамоаси тузиш мақсадидаги Ҳусан Шариповнинг фидойилиги, «Фақат ғалаба» фильмида Мурод Ражабовнинг футболга қизиқмайдиган қассобдан гўшт олмай, тарозини улоқтириб юборгани-чи? 1955 йилда суратга олинган «Стадионда учрашамиз» фильмида озгина бўлсада ўша замон мафкураси акс этганига қарамай қишлоқда футболни тарғиб қилишга қаратилган кино эканини тан олиш керак.
Бу филмларда бирорта муболаға йўқ. Улуғ актёрларимиз ўзбек футбол фанатлари ролини қойилмақом тарзда маромига етказиб ўйнашган.
Футболга ишқибозлик масаласида жаҳонда олдинги ўринларда турадиган халқлар сафида эканлигимиздан фахрланамиз.
Қишлоғимиз(Қозоғистоннинг Туркистон вилоятидаги Турбат)да Рихсивой ака Ғойбалиев исмли қўшнимиз бўларди. Исмларини айтмай Полвон ака дейишарди. Яқинда салкам 90 ёшда вафот этдилар. Ўтган асрнинг 70-йилларида Марказий Осиёдан олий ва биринчи лигада Ўзбекистоннинг «Пахтакор» и ва Қозоғистоннинг «Қайрат»и иштирок этарди. Гоҳида Тожикистоннинг «Помир»и ҳам кўзга ташланиб турарди. Қишлоғимизнинг ярми «Пахтакор»га, ярми «Қайрат»га мухлислик қиларди. Бир куни колхозимиз раиси даладан қайтаётса йўлда механизатор Полвон акани кўриб қолади. «Қаёққа кетаяпсан?» деб сўрайди.«Уйга, бугун “Қайрат” ва “Пахтакор” ўйнайди», дейди Полвон ака. Шунда раис «ишни ташлаб кетишга нима ҳаққинг бор? Сени масалангни райком бюросига қўяман», деб пўписа қилади ва Полвон акани «УАЗик» машинасига ўтқазиб уйигача олиб бориб қўяди ҳамда “бир соатдан кейин кийиниб туришни, районга боришларини», айтади. Бир соатдан кейин улар учрашиб туманга йўл олишади. Аммо нима учундир райком биносига кирмай Тошкентга йўл олишади. Аслида раис ҳам ўша куни футбол кўриш учун Тошкентга кетаётган бўлган. Ният холислигини қаранг, Полвон ака телевизорда футбол кўрмоқчи эди, аммо раис ҳамроҳлигида жонли футбол кўриб қайтишди.
Энг қизиғи, Полвон ака «Пахтакор»га, раис «Қайрат»га ишқибозлик қиларди. Қаранг, футбол халқлар ўртасидаги самимий дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга ҳизмат қилган. Сойиб Хўжаев, Эргаш Каримов, Ҳусан Шарипов, Мурод Ражабов ижро этган ролларда мен Полвон акани кўрганман.
Тан олиш керак, сўнгги йилларда футболга катта аҳамият берилмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, Жаҳон чемпионатида иштирок этаяпмиз. Бизнинг бу муваффақиятимизни қўшни давлатларнинг вакиллари ҳам хурсандчилик билан қабул қилаётганини кўриб, қалбларимиз қувончга тўлмоқда.
Илк ўйинни узоқ кутдик. Тўғри, мағлуб бўлдик. Аммо бу мағлубиятмикан? Аслида ғалабага тенг мағлубият бўлди-ку!
Ижтимоий тармоқларда Россия ва Қозоғистон футбол ишқибозларининг фикрларига кўзим тушди. Улар бир овоздан Ўзбекистон тарих ёзганини айтишмоқда.
Бир вақтлар Ҳожибой Тожибоев армон билан «музқаймоқ еб келсак ҳам майлийди», деган эди. Унинг ҳазил гапини тўғри маънода тушуниш керак эмас. У орзусини ҳазил тариқасида билдирганди.
Колумбияга мағлуб бўлганимиздан кейин терма жамоамизни танқид қилувчилар, киноячилар ҳам бўлди. Майли, бу уларнинг шаҳсий фикри.
Аммо мен танқид қилувчиларнинг фикрига қўшила олмайман. Шахсан мен оддий томошабин сифатида футболни кўрдим. Балки профессионал футбол ишқибозлари сингари йўл қўйилган хатоларга кўзим тушмагандир. Нима бўлганда ҳам «Оқ бўрилар» қўлдан келганича ўйин кўрсатишди. Ҳадеб уларни танқид қилавериш адолатдан эмас.
Тўғри, улар ижтимоий тармоқлардаги мақтовларни ҳам, танқидларни ҳам ўқишмайди. Ва тўғри қилишади. Чунки бу фикрлар кейинги ўйинларга таъсир қилиши мумкин.
Танқидий фикрлар бошқаларга салбий таъсир қилиши ва асабига тегиши мумкин.
Ахир биз бу кунни 35 йил кутмадикми?
Биринчи ўйиндаёқ, жамоамизни танқид қилаверсак, уларни совитиб қўймасмиканмиз?
Тўғри, ҳаддан зиёд мақтамайлик, аммо ҳаддан зиёд танқид ҳам қилмайлик!
Уйғонаётган умидни сўндириш керак эмас.
Тўғрисини айтаман, Мехикода футбол бўлаётган бир пайтда Тошкентда ёмғир ёғди. Мағлубиятни кўриб, Охунжон Мадалиевнинг бир қўшиғидаги «Йиғлаган осмон эмас, менинг қалбим йиғлаган» сатрларни хиргойи қила бошладим. Орадан кўп ўтмай, шу қўшиқдаги “Фалакнинг кўз ёшлари Жило бўлди заминда. Менинг ошиқ юрагим Зор интизор таскинга” деган сатрларни эсладим. Таскин узоқ кутирмади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги ялпи йиғилишида айтган сўзларини руҳимизни кўтарди, дея оламан.
«Ўзбекистон учун тарихий кун. Муросасиз, жуда қизғин кечган ўйинда футболчиларимиз жаҳон мундиалида биринчи марта жуда катта тажрибали жамоага қарши ўзининг кучли характерини кўрсатди. Осон эмас, биринчи марта 34 йил биз кутган воқеа бўлди. Шунинг учун кучли характери, жисмоний тайёргарлиги ва иродасини яққол намоён этди десак, бу ҳам тўғри. Биз учун чемпионатдаги биринчи голимиз — бу ҳам ғалаба», — деди Президентимиз. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев фидойи ёшлар Ўзбекистоннинг ҳақиқий қаҳрамонлари эканини қайд этди.
«Бир нарсани айтмоқчиманки, биз ватанпарвар ва фидоий ёшларимиз билан фахрланамиз ва улар ҳозирги Ўзбекистоннинг ҳақиқий қаҳрамонлари. Ҳали олдимизда жуда кўп имкониятлар борлигини ўзларинг кўрдиларинг. Фарзандларим, қаҳрамонларим кўп нарсага қодир эканликларини ҳам билдирди. Шунинг учун фақат омад тилаймиз биз. Олға, Ўзбекистон», — деди Ўзбекистон раҳбари.
Энди, ўйин натижалари қандай тугашидан қатьий назар нафақат Ўзбекистонни, балки бутун Марказий Осиёни бирлаштирадиган навбатдаги ўйинларни орзиқиб кутамиз.
Шарофидин Тўлаганов


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter