Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Нодирбек Абдусатторов «TePe Sigeman» турнирини кучли учликда якунлади

Нодирбек Абдусатторов «TePe Sigeman» турнирини кучли учликда якунлади

Фото: TePe Sigeman

Швециянинг Малмё шаҳрида шахмат бўйича анъанавий «TePe Sigeman & Co» халқаро турнири ниҳоясига етди. Ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов мусобақани мағлубиятсиз якунлаб, совриндорлар қаторидан жой олди.

7 тур давом этган баҳсларда ҳамюртимиз 1 та ғалаба ва 6 та дуранг қайд этган ҳолда, жами 4 очко жамғарди. Нодирбек қўшимча кўрсаткичларга кўра туркиялик ёш иқтидор эгаси Ягиз Каан Эрдоғмушни ортда қолдириб, 3-ўринни эгаллади. Сўнгги турда Абдусатторов нидерландиялик Йорден ван Форест билан муроса кўчасини танлади.

Турнирнинг асосий қисмида ҳиндистонлик Аржун Эригаиси ва норвегиялик Магнус Карлсен бир хил очко жамғаришди. Ғолибни аниқлаш учун ўтказилган тай-брек баҳсида Карлсен 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, бош совринни қўлга киритди.

Эслатиб ўтамиз, «TePe Sigeman» турнири ўзбекистонлик шахматчилар учун омадли мусобақалардан саналади. Нодирбек Абдусатторов 2024 йилда ушбу турнир чемпиони бўлган эди. 2025 йилда эса Жавоҳир Синдоров олтин медални қўлга киритган.

Якуний жадвал (кучли учлик):

  1. Магнус Карлсен (Норвегия) — 4.5 очко (тай-брек ғолиби)
  2. Аржун Эригаиси (Ҳиндистон) — 4.5 очко
  3. Нодирбек Абдусатторов (Ўзбекистон) — 4 очко
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг