Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сузиш федерацияси котиби ишдан олинди, уч спортчимизнинг Олимпиада йўлланмаси бекор бўлди

Сузиш федерацияси котиби ишдан олинди, уч спортчимизнинг Олимпиада йўлланмаси бекор бўлди

Фото: Миллий олимпия қўмитаси.

Сузиш бўйича Ўзбекистон очиқ чемпионатида Олимпиада йўлланмасини қўлга киритган уч нафар спортчининг лицензияси бекор қилинган. Шунингдек, Ўзбекистон сузиш федерацияси котиби Aлишер Ғаниев лавозимидан озод этилган. 

Бу ҳақда Миллий Олимпия қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

«Туризм ва спорт вазирлигининг тақвим режасидан ўрин олган, Халқаро сузиш федерацияси (FINA) шафелигида ўтказилган сузиш бўйича лицензион Ўзбекистон очиқ чемпионатида юз берган вазият катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. МОҚ ушбу ҳолатга ўз позициясини қуйидагича баён этади:

Ўзбекистон сузиш федерациясининг хабар беришича, мусобақа якунланганидан кейин 2021 йилнинг 21 апрел санасида унда иштирок этган ҳиндистонлик спортчи Ликит Селвараш Према турнир давомида ноҳақликка йўл қўйилгани, маҳаллий спортчиларнинг вақтлари нотўғри кўрсатилгани ҳақидаги видеомурожаатини YouTube ижтимоий тармоғига жойлайди.

Қайд этиш жоиз, лицензион Ўзбекистон очиқ чемпионатларига МОҚ раҳбарияти доимий ташриф буюриб турган, тезкор штаб вакили Мирсардор Алимов ҳам мусобақани мунтазам кузатиб борган. Мусобақадан сўнг шу ернинг ўзида кичик йиғилиш ташкил этиб, тайёргарлик жараёнини янада кучайтириш, машғулотлар сифатини ошириш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилган.

Турнир якунлангач, Ўзбекистон сузиш федерацияси мусобақалар протоколини МОҚга тақдим қилган ва унда 5 нафар атлетимизнинг Токио-2020 нормативини бажаргани кўрсатиб ўтилган. Тақдим этилган протоколларда белгиланган қоидаларнинг бузилиши, шу жумладан, кейинчалик ҳиндистонлик сузувчи томонидан қайд этилган воқеа ҳақида маълум қилинмаган. Шунингдек, бирор хорижий делегация томонидан, жумладан, Ҳиндистон жамоаси томонидан мазкур лицензион турнир бўйича шикоят тушмаган.

Ўзбекистон сузиш федерациясининг маълумотига кўра, FINA ушбу турнирларда қайд этилган натижаларни тан олмади. Ўзбекистон сузиш федерацияси бош котиби Алишер Ғаниевнинг сўзларига кўра, FINA бу бўйича Тошкентга расмий хат жўнатмаган. Бироқ Ўзбекистон сузиш федерацияси бир неча бор FINAга тақдим этилган маълумотларга аниқлик киритиш учун хабар йўллаган ва ҳатто бу масала бўйича Спорт арбитраж судига (CAS) мурожаат қилган. Якунда эса халқаро ташкилот йўллаган «Universal Place» асосида фақатгина 2 нафар ҳамюртимиз – Хуршиджон Турсунов ва Наталья Критинина Токио-2020 ўйинларига йўлланма олишди» – дейилади МОҚ хабарида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг