Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

120 йилгача умр кўриш учун...

120 йилгача умр кўриш учун...

Фото: Adobe Stock

Узоқ умр кўриш учун қимматдан-қиммат шифокорларга қатнаш ҳам, анқонинг уруғидек ноёб дорилар ҳам керакмас. Аср билан тенглашиш сири шундоққина ёнимизда, ўзимизда, дейишмоқда олимлар.

Олимларнинг сон-саноқсиз тадқиқотлари турмуш тарзимиз, масалан, парҳез ва узоқ умр кўришни белгилаб берувчи ирсият ўртасида чамбарчас боғлиқлик борлигини кўрсатмоқда. Ана шу кўплаб парҳез режалари орасида фан нуқтаи назаридан энг диққатга сазоворларидан бири — «очликни имитацияловчи парҳездир». Яқинда натижаси эълон қилинган тадқиқотда шу ҳақда сўз боради. GB News ёзишича, тадқиқотчилар ушбу усул 120 йилгача умр кўришни таъминловчи муҳим омилга айланиши мумкин, дейишмоқда.

Парҳезнинг моҳияти нима ейишда эмас, балки қачон ейишда!

Жанубий Калифорния университетининг Узоқ умр кўриш институти директори ва геронтология профессори Валтер Лонго мувозанатлаштирилган ёндашувни таклиф этмоқда: сутканинг 12 соати — очлик, 12 соати — овқатланишга рухсат этилган пайт. Профессорнинг фикрича, йилда уч марта кетма-кет беш кундан «очлик парҳези»ни тутиш керак. Бу тартибнинг афзаллиги сифатида кундалик озиқ истеъмолини кескин камайтирмаган ҳолда «очлик парҳези»га эришиш ёки узоқ истиқболда рационни сезиларли ўзгартириш кўрсатилмоқда.

Танаффусли очлик турли шаклларда бўлиши мумкин. Баъзилар кун мобайнида 16 соат оч юриб, 8 соат давомида овқатланишни афзал билишади, айримларга эса «500 дан 2» усули қулай: бунда ҳафтада икки кун истеъмол миқдори 500 калориягача бўлади. Турли-туман бу усулларни умумий мақсад бирлаштиради: ҳужайралар қариши жараёнига таъсир кўрсатиш орқали умр кўриш давомийлигини ошириш ҳамда касалланиш эҳтимолларини метаболизм (моддалар алмашинуви) орқали пасайтириш.

Давомий очликнинг саломатликка фойдаси ҳақидаги қарашлар тобора асосли далиллар билан кучайиб боряпти: тадқиқотларга кўра, очлик вазнни яхшилашда ёрдам беради, моддалар алмашинувини яхшилайди, диабетнинг 2-тоифаси сингари сурункали хасталиклар ва юқори қон босими хуружи хавфини пасайтиради.

Очликнинг саломатлик ва узоқ умр кўриш борасидаги фойдалари ҳар қанча жозибадор бўлмасин, уни тўлиқ тушуниб етиш учун ҳали кўп илмий изланишлар талаб этилади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, ўз таомномангизни жиддий ислоҳ қилишдан аввал, шифокор маслаҳатини олганингиз дуруст.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг