Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Олимлар Ой тупроғидан ўзга сайёрларнинг ҳаёт изларини қидирмоқчи

Олимлар Ой тупроғидан ўзга сайёрларнинг ҳаёт изларини қидирмоқчи

АҚШдаги SETI институти тадқиқотчилари ўзга сайёра цивилизацияларининг эҳтимолий изларини Ой тупроғидан қидиришнинг янги усулини таклиф қилди.

Доктор Льюис Пино (Lewis Pinault) бошчилигидаги олимлар Ой реголитида миллиардлаб йиллар давомида тўпланиши мумкин бўлган микроскопик сунъий заррачаларни излашни режалаштирмоқда. Бундай заррачалар илгари мавжуд бўлган технологик цивилизациялар фаолияти ёки космик парвозлар натижасида пайдо бўлган бўлиши мумкин, деган фараз илгари сурилган.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, Ой бундай изларни сақлаб қолиш учун қулай муҳит ҳисобланади. Чунки унда атмосфера ва суюқ сув йўқ, геологик фаоллик ҳам жуда чекланган. Шу сабабли Ой юзасида космосдан келган чанг ва бошқа заррачалар миллиардлаб йиллар давомида сақланиши мумкин.

Олимлар микроскопия, наноматериалларни таҳлил қилиш ва сунъий интеллект ёрдамида тасвирларни ўрганиш усулларидан фойдаланишни таклиф қилмоқда. Келажакда NASA’нинг Artemis ва Хитойнинг Chang’e миссиялари олиб келадиган Ой тупроғи намуналари ҳам ушбу усулни синаб кўриш имконини бериши мумкин.

Тадқиқот ҳозирча International Journal of Astrobiology журналида кўриб чиқилаётган илмий иш сифатида тақдим этилган. Муаллифлар ҳозирча ўзга сайёра технологияларига оид бирор далил топилганини билдирмаган — иш фақат бундай изларни илмий усулда қидириш мумкинлигини кўрсатади.

Маълумот учун, SETI — Search for Extraterrestrial Intelligence, яъни ўзга сайёралардаги ақлли ҳаёт ва технология белгиларига оид илмий қидирув дастурлари мажмуасидир. Ҳозирга қадар келиб чиқиши шубҳасиз тарзда ўзга сайёра цивилизациясига боғланган сигнал аниқланмаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг