Алишер Навоий ҳажга борганми?
Маънавий-маърифий тадбирлар — хўжакўрсинликдан бошқа нарса эмас! Таассуфки, орамизда шундай таънаомуз луқма ташловчилар оз бўлсада учраб туради.
Албатта, ҳар бир фуқаро ўз фикрларини айтишга ҳақли. Аммо шукрки, ҳақиқий илм соҳиблари бундай музокараларга эътибор бермайдилар, ҳамиша маърифат хизматларига шайлар.
Маънавиятни юксалтиришга ўз ҳиссаларини қўшишдан чарчамайдиган корхона ва ташкилотлар раҳбарлари томонидан эса атоқли саналар, умумхалқ байрамларига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар кенг нишонланиб келинади.
Жумладан, куни кеча, буюк шоир, аллома, мутафаккир, давлат арбоби Низомиддин Мир Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллигига бағишланган тадбир ҳам кўтаринки руҳда ўтди.
Филология фанлари доктори, профессор Дилфуза Юлдашева ўз маърузасини шундай маҳорат билан ўтдики, аудиториянинг бутун вужуди қулоққа айланди, гўё. Маъруза давомида олима дунё тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган алломанинг таржимаи ҳоли, ўлмас ижод намуналаридан сўзлади. Энг асосийси, уларни тингловчига етказишдаги олиманинг нотиқлик маҳорати мени лол қолдирди. Олима Навоийнинг рубоийларидан мисол келтира бошлаганда иштирокчилар беихтиёр унга жўр бўлишди:
Халойиққа кўрма қилиб бенаво,
Ўзингга раво кўрмаганни раво.
Ўз вужудингга тафаккур айлагил,
Ҳар не истарсен ўзингдан истагил.
Бу ҳам Навоий ижодининг қалбларга аллақачон муҳрланганидан бир нишона эди. Илгари “Навоий ҳажга борганми“, — деган савол мени кўп ўйлантирарди.
Бундан 4 йиллар муқаддам у ҳаж сафарига уч бор тараддуд кўриб, давлатнинг долзарб ишлари боис бора олмаганини эшитганимда халқ манфаатларини ўз манфаатларидан устун қўйган буюк алломага нисбатан ҳурматим янада ошганди.
«Хамса» асарини шошилинч, етти ойда ёзиб тугатиш масъулияти, тахт талашаётган шаҳзодаларни, баъзи амалдорларни тарбиялаш, қалбларида илму фанга муҳаббат уйғотиш, эгри мақсадлардан қайтариш, тақводорликка даъват қилиш ва уларга ахлоқ ва одобда ўрнак бўлиш каби масъулиятли вазифалари бор эди Навоийнинг.
Олима Юлдашева ҳам вилоятлардаги нотинчликнинг олдини олиш, халқнинг иқтисодий ва маънавий ҳаётини яхшилаш каби юмушлари туфайли ҳазратнинг умри давомида ҳаж қила олмаганлигини таъкидлади.
Ҳофизи Қуръон бўлганми, деган саволга тўрт ёшдан мактабда ўқигани, етти ёшда Қуръонни ёд олгани ҳақидаги мисоллар билан жавоб берди.
Айниқса олиманинг ҳозирги кунда катта ҳажга, умра зиёратига бориш кимларга жоизу, кимларга мумкин эмаслигини билмаслик ёки билиб туриб билмасликка олиш, муҳтож қариндошлари, эҳтиёжманд қўшниларини унутиб, муқаддас заминга хотиржамгина, ҳатто тантанавор бориб келаётгани тўғрисидаги мулоҳазалари жуда ўринли эди.
Шу ўринда, мана шундай маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этишда яқиндан ёрдам берган «Ўзбекистон почтаси» АЖ Фарғона филиали ҳамда «Ўзбектелеком» АК Шарқий филиали раҳбариятларига, қолаверса, Республика маънавият ва маърифат маркази Фарғона вилояти бўлими ва Фарғона Давлат университетига ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирамиз!
Ҳафиза Саляҳова,
«Xabar.uz»нинг Фарғона вилоятидаги мухбири


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter