Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Аёлни бир тугма билан “ечинтириш” ёхуд deepfake қурбонлари

Аёлни бир тугма билан “ечинтириш” ёхуд deepfake қурбонлари

фото:https://ru.freepik.com

“Қандай қилиб таслим бўлишни истамаган аёлни шарманда қилиб, овозини ўчирасиз? Сиз унинг феъл-атворига тажовуз қилишга, унинг камтарлигини ҳақорат қилишга, уни ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларини бошқаришдан қўрқитишга, унинг ахлоқи ҳақидаги афсона ва миш-мишларни тарқатишга ҳаракат қиласиз, бу энг қадимги стереотип”, — деб ёзган Рана Айюб 17 ноябрь куни ўзининг Instagram саҳифасида. У шунга қўшимча қилиб, “Эй касал одамлар, мен ҳеч қаерга кетмайман. Ҳаракатларим таъсир кўрсатаётганини, сўзларим сизни қўрқитаётганини, мавжудлигим сизнинг қўрқоқлигингиз ва нафратингизга қарши туришини менга англашга ёрдам берганингиз учун ташаккур”, — деди.

Америка оммавий ахборот воситаларининг шарҳловчиси Рана Айюб мунтазам равишда онлайн туҳмат кампанияларининг нишонига айланган. Собиқ Twitter платформасидаги аноним миллатчи аккаунт Рана Айюбнинг шахсий телефон рақамини ошкор қилиб, бошқаларни уни таъқиб қилишга ундаган. Шу кечанинг ўзида у 200 дан ортиқ беҳаё қўнғироқ ва хабарлар олган. Кейин эса ижтимоий тармоқларда унинг порнографик сурати тарқатилди ва шахсий маълумотлари, аккаунт пароллари ҳам ошкор қилинди. Бу фақат журналистнинг душманлари иши эмас, балки аёлларни глобал даражада тартибсиз таъқиб қилиш тизими эканини кўрсатади.

Интернет аёллар учун ҳеч қачон хавфсиз ҳудуд бўлган эмас. Аммо сунъий интеллект кириб келгач, бу майдон очиқ таъқибдан янги авлод жинсий зўравонликка айланди. Энди аёлни ҳақиқий видеосиз ҳам хўрлаш мумкин, юзи, овози етарли қолганини алгоритм бажаради.

Дипфейк (инглизча deepfake — deep learning “чуқур ўқитиш” ва fake “қалбаки”) — сунъий интеллект асосида тасвир ёки овозни синтез қилиш технологиясидир. Бу усул орқали инсоннинг юзи, овози ёки ҳаракатлари бошқа видео ёки аудиога сунъий равишда қўшилади.

2016 йилдан бошлаб юз ҳаракатларини реал вақтда алмаштириш имкони пайдо бўлди. 2020 йилда Microsoft ҳатто Video Authenticator дастурини тақдим этди — дипфейкни аниқлаш учун. Аммо муаммо шундаки: ясаш тез, фош этиш эса секин. Овозли дипфейк — бу инсон овозини сунъий интеллект ёрдамида тақлид қилиш. Бу технология фильмларни локализация қилиш, гапира олмайдиган инсонларга овоз бериш, аудиокитобларни ота-оналар овозида ўқиш учун ижобий қўлланилиши мумкин. Аммо айнан шу технология фирибгарлик, обрўсизлантириш, дезинформация учун ҳам ишлатилмоқда.

Дипфейк-порно илк бор 2017 йилда Reddit’да пайдо бўлган ва кейинчалик Twitter, Pornhub каби платформаларда тақиқланган. Аммо тақиқ тарқалишни тўхтатмади. Бу технология шунингдек ёлғон янгиликлар, сохта далиллар, шантаж учун ҳам ишлатилмоқда. 

2024 йил бошида X (Twitter) тармоғида Тейлор Свифт иштирокидаги сунъий интеллект яратган интим суратлар вирусдек тарқалди. Улар ўчирилгунча ўнлаб миллион марта кўрилган. Расмий ўчиришга 17 соат кетган, аммо баъзи тасвирлар ҳали ҳам айланиб юрибди.

Британияда эса партия лидери Ангела Рэйнер, таълим министри Джиллиан Киган, Пенни Мордант каби аёл сиёсатчиларнинг дипфейк-порно тасвирлари тарқалди. Айримлари фотошоп, айримлари эса тўлиқ AI орқали яратилган. Бу фейк фото ва видеоларнинг аксарияти ижтимоий тармоқларда анча йиллардан бери айланиб юрибди, деб ёзади The Guardian нашри.

Бугун бепул иловалар ва генераторлар орқали: оддий суратдан “кийимсиз” тасвир ясаш, видео орқали инсонни “шармандали иш қилаётганини” кўрсатиш, ҳатто болалар тасвирларини ҳам сунъий порнога айлантириш мумкин.

Юзни алмаштириш, кийимли суратни “ечинтириш”, юз манипуляцияси, синтетик юз яратиш, матндан тасвир яратиш, овозни ўзгартириш каби технологиялар нафақат машҳурларга, балки оддий инсонларга ҳам қарши қўлланяпти. Психологлар таъкидлашича, инсон ўз юзини дипфейк-порнода кўриши реал жинсий зўравонликка яқин жароҳат қолдиради.

Қурбонлар кучли уят ва қўрқув ҳис қилади, депрессия, уйқусизлик, хавотирга тушади, ишидан, оиласидан, жамиятдан узилиб қолади. Айниқса, вояга етмаганлар энг ҳимоясиз гуруҳ ҳисобланади, улар мактабда таҳқирланади, ижтимоий яккалланади, узоқ йиллик руҳий шикаст билан яшайди.

Энг оғири — видео ўчирилса ҳам, шубҳа қолади. 

Дезинформация тадқиқотчиси, “Онлайн аёл бўлиш: зўравонлик ва таъқиблардан омон қолиш ва уларга қарши курашиш” китоби муаллифи Нина Янкович буни назарий муаммо сифатида эмас, шахсий тажриба сифатида ёзади. Унинг ўзи ҳам розилигисиз яратилган порнографик дипфейк видеолар қурбони бўлди. Бу алоҳида ҳолат эмас. Янкович келтирган мисоллар бу ҳодисанинг тизимли эканини кўрсатади.

Муаллифнинг фикрига кўра, дипфейк порнографиянинг энг кўп нишонлари жамоатчилик эътиборидаги аёллар. Масалан, АҚШнинг собиқ давлат котиби Ҳиллари Клинтон, экология фаоли Грета Тунберг, журналистлар, сиёсий маслаҳатчилар, олим аёллар.

Янкович таъкидлайдики, машҳур дипфейк сайтларини қидирганда, ҳатто эркак сиёсатчилар номидан чиқадиган саҳифалар ҳам аслида уларнинг рафиқалари ва қизлари ҳақидаги жинсий характердаги видеолар билан тўлган. Масалан, Доналд Трамп номи билан чиқадиган саҳифаларда унинг ўзи эмас, балки турмуш ўртоғи ва қизи тасвирланган дипфейк видеолар жойлаштирилган. Бу тасодиф эмас. Бу ерда мақсад эркак сиёсатчини эмас, у  орқали аёлни хўрлаш ётибди.

Нима учун деярли ҳаммаси аёллар?

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, барча дипфейк видеоларининг 96 фоизи — розиликсиз порнография ва уларнинг мутлақ кўпчилиги аёлларга қарши қаратилган. Янкович буни очиқ айтади: мавжуд юз алмаштириш ва видео генерация моделлари аёл танасига мослаб ўргатилган. Яъни улар эркаклар томонидан эркаклар эҳтиёжи учун яратилган. Шу сабабли, ҳатто техник жиҳатдан ҳам аёллар ҳимоясиз қолмоқда.

Бу ерда сунъий интеллект “нейтрал технология” эмас — у мавжуд нотенгликни кўпайтирувчи воситага айланган. Янковичнинг энг қимматли фикрларидан бири шу: дипфейк видеолар мукаммал бўлиши шарт эмас. Ёмон таҳрирланган, арзон, ҳатто кулгили кўринган видеолар ҳам ўз вазифасини бажаради. Чунки уларнинг мақсади ишонтириш эмас. Мақсади — шубҳа солиш. Бу видео ростми ёлғонми аҳамиятсиз. У инсоннинг обрўсига соя ташлайди. Аёлнинг давлат лавозимига, экспертлик мақомига, жамоатчилик олдидаги сўзига ишончни йўқ қилади.

Дипфейк форумларидаги муҳокамаларни ўрганар экан, Янкович яна бир хулосага келади: бу видеоларни яратаётганлар ўз шахсий ҳаёти ҳақида жуда қайғуришади, аммо аёлларнинг шахсий ҳаёти улар учун аҳамиятсиз, кимнингдир энг шахсий образини розиликсиз порнографияга айлантириш ҳам ҳақиқий зўравонлик, жинсий эксплуатациянинг янги шакли.

Айрим мамлакатларда дипфейк порнография учун жавобгарлик мавжуд. Аммо амалда бу қурбонни ҳимоя қилмайди. Видеони ким жойлаштиргани номаълум бўлади, серверлар бошқа давлатда, платформалар эса жавобгарликдан қочади.

Шу сабабли Янкович қонун чиқарувчиларга мурожаат қилиб, сунъий интеллектни “келажак хавфи” деб муҳокама қилишдан олдин, бугун аёлларни йўқ қилаётган амалиётни тўхтатишни талаб қилади.

Дипфейк порнография бу ахлоқ муаммоси эмас, бу сиёсий ва демократик муаммо. У аёлларни сукутга мажбур қилади, уларни жамоат ҳаётидан сиқиб чиқаради ва қўрқитиш орқали назорат қилади.

Агар жамият бунга жавоб қайтармаса, интернетда сўз эркинлиги ҳақида гапириш шунчаки ўзимизни алдаш ва иккиюзламачилик бўлиб қолади.

Нина Янкович ва Рана Айюб мисолларидан кўриниб турганидек, бу фақат технология муаммоси эмас, балки аёлларни сукутга мажбур қилиш ва уларнинг ижтимоий ортиқчиликларини камситиш учун режали амалий таъсирдир.

Киберхавфсизлик билан шуғулланувчи Home Security Heroes компанияси тадқиқотига кўра, 2023 йилга келиб интернетдаги дипфейк видеолар сони 100 мингга яқинлашган, бу 2019 йилга нисбатан 550 фоизга кўп.

Дипфейк-порнографиянинг оммалашиши — технологиянинг арзонлашуви ва осонлашувининг тўғридан-тўғри оқибати. Реалистик бир дақиқалик видеони яратиш учун нейротармоққа 30 дақиқадан кам вақт керак. Интернетда эса бундай хизматларни бепул таклиф қиладиган платформалар етарли.

Порноиндустриянинг ўзи ҳам қарши курашга шошилмаяпти: энг машҳур 10 та порносайтдан 7 таси дипфейк-контентни блокламайди. Бу соҳадаги сайтларнинг ойлик трафиги 35 миллион кўришдан ошади.

Мутахассислар таъкидлашича, бу ерда гап фақат қизиқиш ҳақида эмас — шахсийлаштирилган фантазия имконияти ҳам талабни оширмоқда. Исталган инсонни “контент қаҳрамони”га айлантириш мумкин.

Зўравонликдан жабрланганларга ёрдам берувчи “Сестры” маркази мутахассиси Анна Богомолова шундай дейди:

“Аёлга объект сифатида қараш, онлайн муҳитдаги мизогиния дипфейк яратувчиларга ўзини ҳақ деб ҳис қилиш имконини беради. Улар буни жазо ёки қасос шакли сифатида кўради — худди порноқасос каби”.

Бугун аёлни жим қилиш учун қамоқ шарт эмас, таёқ шарт эмас. Интернетда уни ечинтириб қўйиш етарли.

Шу боис, мутахассислар сунъий интеллект сохталаштиришини интернетда аниқлашда ва унга қарши туришда қуйидаги маслаҳатларни беради:

Визуал деталларга эътибор беринг. Юз ва терининг нотабиий жилоланиши, соялар ва ёруғликнинг изчил эмаслиги, юз чеккалари ва тишларнинг мос эмаслиги — бу дипфейкнинг биринчи аломатлари.

Контекст ва тасвир тарихини текширинг. Агар бир фотосурат ёки видео фақат якка манбаада пайдо бўлаётган бўлса ёки бошқа расмий тасвирлар билан мувофиқ келмаса, бу сохта бўлиши мумкин. Танқидий  фикрланг. Ҳатто юқори сифатли сохта видеолар ҳам одамларнинг нотанқидий қабул қилишини осонлаштириши мумкин. Фақат технологияга ишониб қолманг, ҳар доим контекст ва манбаларни солиштиринг.

Аутентификатор воситаларидан фойдаланинг. Sensity, Reality Defender, Deepfake-o-meter, DuckGoose.AI, AI-Generated Content Detection каби инструментлар расм ва видеоларнинг ҳақиқийлигини баҳолашда ёрдам беради, аммо улар ҳам ҳеч қачон 100% кафолат бермайди.

Бугун бир видео сайлов натижасини ўзгартиради, бир аудио урушга сабаб бўлиши мумкин, бир “кийимсиз” тасвир эса инсон ҳаётини вайрон қилади.

Сунъий интеллект ёрдамида яратилган дипфейклар нафақат технология ютуғи, балки жинсийлаштирилган рақамли зўравонлик қуролига айланди. Биргина тасвир орқали инсоннинг обрўсини йўқотиш ёки жамият олдида шарманда қилиш мумкин. Шу билан бирга, кўплаб мамлакатларда қонун ҳали ҳам бундай тасвир ва видеоларни тўлиқ жиноят сифатида тан олмагани афсусланарли.

Барно Султонова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг