Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Баҳодир Искандаров: Японияда дарахтда ҳам исм, ҳатто паспорт бор

Баҳодир Искандаров: Японияда дарахтда ҳам исм, ҳатто паспорт бор

Самарқандлик ҳамюртимиз Баҳодир Искандаров Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида инглиз ва япон тиллари мутахассислиги бўйича таҳсил олган. Университетни тамомлаб 2016 йили ўқишни давом эттириш учун Японияга кетган. Токиода яшаётган Баҳодир туризм соҳасида фаолият юритмоқда. Facebook саҳифасида Япония ҳақида қизиқарли маълумот ва воқеаларни ёзиб боради. Ҳамюртимизга берган илк саволим Японияда ёшларни мутахассисликка тайёрлаш ҳақида бўлди.

– Японияда мутахассислик университетда эмас, кираётган иш жойингизда ўргатилади. Сиз қайси университетда қайси соҳада ўқишингиздан қатъий назар ўзингиз хоҳлаган компанияга ишга кира оласиз. Масалан, кўпчилик юрист дўстларим иқтисод соҳасида ишлаб юришибди. Фақатгина битта муҳим томони ишга киришдан олдин лицензия талаб қилишади – қурилиш, тиббиёт, IT соҳаларида. Лицензияни олиш учун, анчагина тайёрланиб, ўқиб, имтиҳондан ўтиш керак. Японияда туристларни жалб қилиш учун ҳар қандай одам қандайдир маънода ҳисса қўшади, аммо асосий ишни айнан туризм соҳасидагилар қилади. Қолаверса, ҳукумат ҳам туристлар учун барча шароитларни яратиб қўйган. Ҳаттоки, туризм солиқдан озод қилинган. Мутахассисларнинг фикрича солиқдан озод қилиш туристлар оқимини сезиларли даражада ўзгартирган. Японияда туристларни жалб қилган яна бир катта омиллардан бири – бу япон анимелари. Дунёнинг турли бурчакларидан айнан аниме кўриб, Японияга боришни орзу қилганлар талайгина. Мен фаолият юритаётган меҳмонхона – Prince hotel нафақат Японияда балки, дунёда ҳам машҳур бўлгани учун, кўплаб хорижлик меҳмонлар ташриф буюришади. Меҳмонхонада хизматни, тартиб-интизомни шу даражада чиройли йўлга қўйишганки, бир келган турист яна қайтиб келиши аниқ.

Японияга илк келган пайтингиз эсингизда қолган воқеа.

– Бир куни шошилиб, югуриб метрога чиқдим. Бу ерда метролар эрталаб шунақа тирбанд бўладики, манзилингизга етиб олгунча ўзингизни қамалиб чиққан маҳбусдек ҳис қиласиз. Хуллас, шошилиб, катта тезликда вагонга чиқиб олдим.Тўсатдан рўпарамдаги қизга кўзим тушди – шунақа тикилаяпдики, одамни хижолат қилиб юборадиган даражада. Секин телефонимга қараган бўлиб, кўзимни олиб қочдим. Бу япон қизлари ғалати экан-ку,   ўзбек қизларига сал кўпроқ қараб қўйсангиз уялиб ерга кириб кетади, деб ўйладим. Шунақа хаёллар билан секин кўзимни телефондан кўтариб қарасам, у қиз ёнига яна битта қиз қўшилди. Кейин яна бошқа аёллар... Энди телефоннинг орқасига яшириниб бўлмайди, каттароқ нарса қидириб сумкамдан китобимни олиб ўқий бошладим. Ўқиш қайда,  хаёлда минг хил фикрлар. Шу пайт бир қиз мен томонга кела бошлади. Ниҳоят у япон тилида:«кечирасиз,бу  аёллар минадиган вагон», деб қолди-ку.

Қарасам, катта қилиб ёзиб қўйилган экан: «Фақат аёллар учун» деб... Хуллас, Японияда тирбандлик пайтида аёлларга тегажоғлик, ноқулайлик бўлмасин, дея алоҳида «вагон»лар ташкил этилган.

– Яқинда ўзбекистонлик аёл депутат бўлди, у ерда сайловларга тарғибот қандай?

– Орзугул Бобохўжаева Токионинг Сетагая туманида 6771 та овоз тўплаб, депутат бўлиб сайланди. Японияда сайловчилар учун овоз тўплаш жуда қийин. Миллатдошимиз сайловолди ташвиқотни зўр олиб боргани учун ғолиб бўлди. Менга энг ёққани ўзимизнинг миллий кийимда японларни жалб этгани бўлди. Бу ҳам бир стратегия, ҳам япон медиасида Ўзбекистоннинг номи машҳур бўлишига ҳисса қўшди. Яъни сайловда кўп овоз тўплаш, эътибор қаратиш учун ўзгача ёндашув жуда муҳим.

Биз яшайдиган туманда, ҳокимликка сайлов бошланганида ғаройиб воқеанинг гувоҳи бўлганман, яъни ҳокимликка номзодлар овоз йиғиш учун жон-жаҳди билан курашади – катта машинанинг устига чиқиб микрофонда одамларни ўзига жалб қилади. Келгуси беш йилда қуйидаги муаммоларни ҳал қиламан, қуйидаги енгилликларни яратаман деб соатлаб гапириб ўтиради. Пастда эса, номзоднинг гуруҳидаги вакиллар, ўтиб қайтаётганларга номзоднинг расми, маълумотлари, стратегияси ёзилган варақаларни тарқатишади. Японлар ҳар доим шошилиб юргани учун эътиборсиз ўтиб кетишади. Уларни жалб қилиш жуда қийин. Ўша кунлари ишдан қайтаётиб, ерда йиқилиб ётган одамни кўрдим, номзодларнинг бири экан. Микрофонда гапираётган номзод тўсатдан йиқилиб, ерга ётди. Мазаси бўлмай қолди шекилли, деб ўйласам, ундай эмас экан, одамларни жалб қилиш учун ерга ётиб олибди. Одамлар тўпланди. Ўтган ҳам, қайтган ҳам бир қараб ўтди. Яъни йиқилгани туфайли одамлар афишага, номзодга эътибор берди. Бу ерда биттагина овоз учун ҳам ана шундай курашлар, ҳаракатлар бўлади.

– Одамлар тартибга, озодаликка қандай ўрганган?

– Асосий сабаби боғча, мактаблардаги тарбия, тизимда деб ўйлайман. Чунки, боғчаларда тарбиянинг асосий қисми тозалик, озодаликка қаратилади. Ҳаттоки, мактабларда бошланғич синф ўқувчиларига фан эмас, тартиб-интизом ўргатилади. Японияга кeлган кўпчиликнинг биринчи бўлиб дуч кeладиган ҳодисаларидан биттаси ахлат ташлаш маданияти бўлса ажабмас. Ҳаттоки, хорижлик талабаларга дастлабки дарсларда қандай қилиб ахлат тўкиш, ҳафтанинг қайси кунлари чиқиндини турларга ажратиб тўкиш обдон тушунтирилади. Бир сўз билан айтганда, бизга болалигимизда ўтилган «Маьнавият асослари» йўналишига ўхшаган – «Ахлат тўкиш асослари» дeган фан. Балки, шунинг учун Япония ниҳоятда тоза ва озодадир. Умуман японларда ахлат тўкиш санъат даражасига чиққан десам муболаға бўлмайди.

Улар чиқиндиларни ўнлаб турларга бўлиб, алоҳида-алоҳида идишларга ташлашади. Яқинда бу ерда ҳеч қачон кузатилмайдиган ҳолатга дуч келдим. Икки-уч йигит писта чақиб, пўчоғини ерга ташлади. Узоқроқдан қараб турдим. Ўтиб кетаётган японлар ёмон қараб, ғулдираб ўтиб кетаяпди. Яқинроқ бориб не кўз билан кўрайки, ўзимизнинг йигитлар, 3-4 йилдан бери яшаб, ишлашар экан (наҳотки, 3-4 йилда ҳам японларнинг тозаликка бўлган муносабатидан ўрнак олишмаган бўлса?). Танбеҳ бердим. Виждони бўлса, фаросати бўлса, қилган ишидан хижолат бўлар десам, йўқ, аксинча, ғулдираб-ғулдираб кетиб қолишди.

– Японча фарзанд тарбияси ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

– Илк борган кезларим ёз ойларида, дарё бўйида сайр қилгим келди. Болалар майдончасига яқин ўриндиққа бориб жойлашдим. Кимдир китоб ўқияпти, кимдир итини сайрга олиб чиққан, кимдир мусиқа тинглаяпти, кимдир югуриш машқларини бажараяпти, бир нeчта болалар махсус болалар майдончасида ўйнаяпти.

Тўсатдан, 3-4 ёшлар атрофидаги болача югураман дeб йиқилиб тушди ва бeғуборлик билан ўксиниб йиғлади. Кимдир кeлиб кўтариб турғизиб қўйишини, эркалаб овутишини кутаётгандeк йиғлаяпти. Биз болалар бeгона бўлишидан қатъий назар овутишга, ёрдамга ошиқамиз.

Қисқа фурсат ичида ўзимча ғудраниб, сўкингандек бўлдим. Нарироқда икки-уч нафар аёл кўриб пинагини ҳам бузмагани учун наҳотки, жондан азиз фарзандинг йиқилиб, йиғлаб ўтирибди-ю бориб овутмасанг, хавотир олмасанг дeган маънода. Хуллас югуриб бориб болакайни турғизиб қўйдим. Кийимидаги чангларини қоқиб, овутдим. Шу пайт бир аёл биз томонга кeла бошлади. Фаҳмладимки, боланинг онаси. Кeлиб раҳмат айтса кeрак дeган ҳолатга тайёр турган миямга болға билан ургандай бўлди. Аёл кeлиб бақириб-бақириб мени урушиб кeтди.

Нима дeйишимни, нима қилишимни билмай қолдим. Яхшилик қилганимга жавобинг шуми дeдим-у, кайфиятим бузилиб жойимга бориб ўтирдим.

Бунақа кайфиятда китоб ҳам ўқиб бўлмайди, сайр ҳам қилиб бўлмайди. Қаердан ҳам, шу ишни қилдим, айбсиз айбдор бўлдимми? Ёки ҳақиқатдан ҳам айбдорманми, каби бир қанча саволлар оғушида уйга қайтаман дeб турганимда, ҳалиги аёл яна мен томонга кeла бошлади, «оббо» дедим.  Аёл бу сафар жуда мулойимлик билан, японларга хос маданият билан гап бошлади: «Боя бўлиб ўтган воқeа учун чин қалбимдан узр сўрайман. Жуда ҳам «ясашии» (мeҳрибон) инсон экансиз. Сизни урушмасам ҳам бўлар эди. Аммо бу хатти-ҳаракатингиз фарзандимнинг кeлажаги учун, тарбияси учун ёмон таъсир қилар эди.»

«Нимага ? Мен нима ёмон иш қилдим? Ёрдам бeрдим холос.», дедим.

«Тўғри, сиз ёрдам қилдингиз. Аммо бир томондан катта зарар ҳам қилдингиз. Ҳозир болам йиқилиб, кимдир кeлиб турғизиб қўйсин дeб йиғлади. Мен ёки бошқа одам турғазса, у ўрганиб қолади. Келажакда ҳам бирор қийинчилик бошига тушса, қоқилса, кимнингдир ёрдамини кутиб яшайди. Ўзининг қўлидан ҳeч нарса кeлмайдиган бўлиб қолади. Сиз кeлажакда ҳам фарзандимни турғизиб қўяман, қийинчиликка тушса ёрдам бeраман дeсангиз, бўйнингизга олсангиз, бeмалол ёрдам қилавeринг. Қила олмайсиз-а? «Мури» имконсиз бу нарса. Бугунги ҳолат учун узр сўрайман.»

Анчадан бeри шу воқеа хаёлимдан кетмайди. Кўпчилик японларнинг нима сабабдан бировдан унча-мунчага ёрдам сўрамаслигининг сабабини тушундим. Японларнинг акаси, таниш-билишни ишга солиб бирор бир ишини ҳал қилаётганларини дeярли кўрмайсиз. Кўпчилик ота-оналар фарзандларининг контракт пулларини тўлашмайди. Талабаларнинг ўзлари соатбай иш қилиб тўлашади. Ёки давлатдан крeдит олиб ўқишади. Ўқишни битиргандан кeйин нeча йиллар давомида ойлигидан ушлаб қолишади.

– Мослашишда қийналмадингизми?

– Японияга келадиган ўзбекистонликлар асосан ўқиш учун келишларини ҳисобга олсак, мослашишлари унчалик қийинчилик туғдирмайди, деб ўйлайман. Аммо, японларнинг керагидан ортиқ бўйсунувчанликлари ва айрим одатлари борки, уларга ўрганиш, мослашиш жуда қийин. Шу ерда туғилиб, ўсмасангиз мослашиб ҳам бўлмаса керак.

– Япония сервис, хизмат кўрсатиш бўйича ҳам жуда машҳур.

– Шу даражада чиройли тизимни йўлга қўйишганки, мижоз бўлсангиз ўзингизни салкам подшоҳдек тасаввур қилиб юборасиз. Дехқонча қилиб тушунтирсам, биздаги ҳокимларга, амалдорларга лаганбардорлар томонидан қилинадиган муомала, Японияда оддий мижозга қилинади. Шу даража мулозамат, хушомад қилишадики, баъзида хижолат ҳам бўлиб кетасиз. Сиз қаерда ишласангиз ҳам, мижоз ҳар доим ҳақ, деган тамоилга амал қилиб, ҳаддан ортиқ хушмуомала бўлишга мажбурсиз. Яна бир аҳамиятли томони мижозга оддий япон тилида гапириш мумкин эмас. Мураккаб, адабий тилда гапириш керак. Масалан: «кутиб туринг», деган сўзнинг ўрнига  «илтимос, мабодо малол келмаса, бирозгина кутиб туринг» деган иборани ишлатишга мажбурсиз. Бу тизимнинг менга энг ёққан томони – сиз нафақат нимадир харид қилаётганда мижоз бўласиз, балки ҳокимиятда, банкларда, аэропортларда, метроларда, шифохонада қўйинки ҳамма жойда эркатой мижозсиз. Ҳушмуомалалик ва сизга бўлаётган муносабатдан инсонлигингизни ҳис қилиб яшайсиз.

Хуллас, Японияда мижоз бўлсангиз хоҳлаганча инжиқлик қила оласиз. Сизга ғинг демасдан ҳамма қилиқларингизни кўтаришади. Аммо, бундай тизимнинг ёмон томони ҳам бор. Японияда 5-10 йил яшаб, бошқа жойга борсангиз, ўзингизни хўрлангандек ҳис қиласиз. Масалан, қишда Кореяга саёҳатга борганимда, уларнинг аэропортда, дўконларда қилаётган муомалалари қўполдек туюлган. Гарчи, Корея ривожланган, маданиятли дейилса ҳам Япониядаги сервис олдида ип эшолмай қолар экан. Кореядаги сервис ҳақоратдек туюлса, ўзимиздаги хизматлар муштлаб ургандек бўлади, ишонаверинг. Лондонда 6 йил яшаб келган бир танишим Японияда бизга қўшни бўлди. Бироз шу ерда яшагандан кейин «ука Ўзбекистондан Англияга борганимда, ривожланганини, хизмат кўрсатишларини кўриб, бу ерда хизмат кўрсатиш жуда зўр экан деб ўйлагандим. Аммо, Японияга келиб шуни тушундимки, Буюк Британия ва Европа давлатларидаги сервис ҳам Япониянинг сервиси олдида ип эшолмайди» деган эди.

– Яқинда топганингиз тўйларга эмас, ўзингга буюрсин, деб ёзгандингиз...

– Япон тўйларининг сценарийси деярли бир хил. Кичкинагина, шинамгина ресторанда бўлиб ўтади. Тўйга 10 кишидан 50 кишигача меҳмон таклиф қилишади. Тўйга таклиф қилинганлар рестораннинг қабулхонасига учраб исм, фамилиясини айтади ва тўёнасини беради. Японларда тўёна ҳажми, жамиятнинг қоғозда ёзилмаган қоидаси 300 доллар. Ундан кам бериш уят ҳисобланади. Одатда келин-куёвнинг ота-оналари, ака-укалари кўпроқ 600-1000 доллар атрофида беришади. Кечада келин-куёвнинг қариндоши ёки дўсти бошловчилик қилиб беради. Фалон пулга бошловчи, қўшиқчи, ўйинчи отарчи гаплашилмайди. Битта бошловчи, 30-40 та энг яқинлар, келин-куёв билан тўй ўтади кетади.

Мен сизга яқин дўстим Сузукининг тўй харажатлари ҳақида айтиб бераман. Авваламбор, Сузуки шошилиб, қўлидан бир иш келмасдан уйланиб олмади. Ўқиди, ишга кирди, ўзини эплай олишга кўзи етгандан кейин уйланди. Ўзига маъқул келган жуфтни топди. Махсус белгиланган жойга бориб никоҳдан ўтишди. Тўй куни белгиланди. Тўйга 50 кишини чақиришди. Рестораннинг бир кишига 100 доллар атрофида тўланадиган овқатлар менюсини танлашди. 50 киши учун жами 5000 доллар атрофида бўлди. Ҳар бир кишига эсдалик учун 10 доллардан совға олишди. Жами 5500 доллар бўлди. Қолган харажатлар кийимлар, зал учун тўлов ва бошқа майда-чуйдаларига яна 4500 доллар кетди. Энди энг қизиқ жойи – ёшлар айтайлик 10 минг доллар сарфлаб тўй қилишди ва ҳар бир келган меҳмон тўёна бергани учун, ҳатто 5 минг доллар фойда қилишди. Ана энди, ошиб қолган пулга ёш келин-куёв тўй саёҳатига кетишади. Чет эл саёҳатига ёки энг камида Япониянинг ичида бошқа шаҳарларга саёҳат қилиб келишади.

Японларнинг жониворлар ва табиатга муносабати...

– Японларнинг балиқ овидаям иштирок этганман. Эътиборга молик томони жамоатчилик онги шу даражада ривожланганки, ҳеч қанақа қизил китобга киритилмаган, қонунлар билан чекланмаган, шунчаки, кўлга кираверишда: «илтимос, фалон-фалон турдаги балиқларни овламанг! Уларнинг қирилиб кетишига сабаб бўлиб, табиатнинг табиий жараёнини бузманг» деб ёзилган эълон етарли. Балиқ овчилари тумшуғининг тагида осонгина тутиладиган, катта-катта балиқларни овламай, кичкина балиқчаларни овлаб ўтиришади.

Яқинда яна бир қизиқ воқеага гувоҳ бўлгандим. 3-4 нафар япон ўқувчилари яраланган каптарнинг атрофида тўпланиб, бир нарсаларни муҳокама қилишди. Воқеа нима билан якунланишига қизиқиб, четроқда кузатдим. Ўқувчилар маслаҳатлашиб яқин орадаги полициячиларни чақириб келишди. Полициячилардан қушга ёрдам беришини ёки ҳайвонлар билан шуғулланадиган масъулларни чақириб  шифокорга олиб боришни талаб қилишди. Ўша масъул ходимлар келиб, қушни олиб кетгунча полициячилар ҳам ўқувчи қизлар ҳеч қаерга кетишмади. Японларнинг инсонга муносабати, ҳайвонот ва наботот оламига бўлган муносабатини кўриб, ҳавасинг келади. Уйимизнинг олдидаги ҳар битта дарахтни эринмай кўздан кечириб чиқдим. Ҳар бирининг тартибланган рақами, исми, ҳатто паспорти бор экан. Ҳар бир дарахт маҳаллий ҳокимиятнинг электрон базасига киритилган.

Бу дарахтларни ўзбошимчалик билан кесиб юбориш уёқда турсин, бирорта шикаст ҳам етказа олмайсиз. Ҳаттоки, ҳоким бўлсангиз ҳам, амалдор бўлсангиз ҳам. Дарахтларни кесмасдан ҳам обод шаҳар қура олишга тайёр мисол бу юрт. Дарахтлар шаҳарсозликка халақит берганда Токио бугун дунёдаги энг катта мегаполис, энг зич ва энг чиройли шаҳарлардан бири бўлмас эди. Бир масъул ходимга нега дарахтларни битта-битта рақамлаб чиққансизлар, нега битта дарахтга шунча эътибор, деган мазмунда савол бердим. Жавоби эсанкиратиб қўйди: «Дарахтлар ҳам одамларга ўхшаб Худо томонидан юборилган-ку». Ҳар бир жой, ҳар бир уй, кўчалар, дарахтлар ва гулларга тўлиб ётибди. Балки шунинг учун Японлар энг узоқ умр кўрувчи миллатдир.

– Бинолари зилзилабардош қурилади, дейишади...

– Яқинда бир япониялик зилзила мутахассиси, олий тоифали муҳандис Ёшинори Мориваки Туркиядаги талофaтлар ҳақида берган интервюсини шундай деди: «Японлар ҳам турклар ҳам доим дуо қиламиз. Ўртамиздаги фарқ шундаки, биз японлар олдин қўлимиздан келган барча тайёргарликларни кўриб кейин дуо қиламиз. Аммо, сизлар (яъни турклар) фақат дуо қиляпсизлар, холос. Туркияда зилзиладан вафот этганларнинг сони кўпайиб кетишига асосий сабаб сифатсиз қурилган иншоотлар. Туркияда университетни битирганлар, мен муҳандисман, мен архитекторман деб дарҳол катта-катта иншоотларни қурилишида иш бошлайди. Японияда эса университетни битирганинг билан ҳеч кимсан. Олдин икки йил ёрдамчи бўлиб ишлайсан, кейин давлатнинг махсус қурувчилар учун тестидан, имтиҳонидан ўтасан. Имтиҳон шу даражада қийинки, 5-7 фоиз талабагина муваффақиятли ўта олади ва шуларга махсус сертификат берилади. Сертификати йўқларга ҳожатхона қуришга ҳам рухсат беришмайди.»

Интервю давомида жаноб Ёшинори, Истанбул атрофида яқин 10 йилликда бундан ҳам кучли зилзила бўлиши мумкинлигини ва ҳозирдан жиддий тайёргарлик кўришни тавсия қилди. Нафақат бинолари зилзилабардош ҳатто имконияти чекланганлар бемалол ҳаракатланиши учун барча шароитлар мавжуд. Бу ерда, масалан, соғлом ўқувчилар орасида ногиронлиги бор ўқувчи ҳам ҳеч қандай қийинчиликсиз, муаммосиз, ҳамма билан тенг мактабга кетаётганини учратишингиз мумкин. Бу ҳам ўша имконияти чекланган инсон учун давлат томонидан кўрсатилган энг катта ёрдам, деб ўйлайман. Бировга қарам ҳам бўлмайди, бировларни олдида хижолат ҳам бўлмайди.

Япония ногиронлиги бор шахслар учун жаннатмакон ўлка деб қўрқмасдан айта оламан. Чунки хоҳлаган жойингизга борсангиз, соғлом одамлар учун қандай шароит бўлса, ногиронлиги бор инсонларга ҳам шундай шароит яратилган. Хоҳлаган ҳожатхонага киринг, албатта, ногиронлиги бор инсон учун махсус жой бор. Хоҳлаган бекатга боринг ногиронларга махсус жой бор. Хуллас, давлат, инфратузилмани шундай қурганки, исталган ногирон одам уйидан чиқиб, бутун Японияни бировнинг ёрдамисиз айланиб чиқа олади. Улар ҳамма билан тенг ўқий олади, ишлай олади, яшай олади. Ҳукумат аравачадан тортиб, моддий таъминот, ўқиш ва иш билан ҳам таъминлайди. Илк бор Японияга келган пайтимда, кўча-куйда жуда кўп ногиронлиги бор инсонларга кўзим тушарди. Японияда ногиронлар жуда ҳам кўп экан, деб ўйлаган эдим. Аммо, адашган эканман. Япониядаги ундай инсонларнинг сони деярли ўзимиз билан бир хил. Битта фарқи Японияда ногиронлиги бор инсонларга яратилган қулайликлар туфайли улар тўрт девор ичида умрини ўтказишмайди.

– Япония орзусида юрган ҳамюртларимизга қандай тавсия берган бўлардингиз?

– Яқинда бир эълонни кўриб жуда эзилдим. Яъни эълоннинг мазмуни икки нафар ўзбек йигити Токиода қидирувга берилди – Ўзбекистоннинг байроғи ва йигитларнинг паспорти суратлари билан. Ҳаттоки, уларни топганга мукофот пули ҳам таклиф қилишди. Эшитишимча, бу йигитлар 60 минг доллар атрофидаги пулни ўғирлаб, Ўзбекистонга қочиб қолишган. Япониядаги ўзбекларнинг обрўсига, эътиборига шу даражада қаттиқ зарба бўлди. Шунинг учун оддий соатбай ишларга юртимиздан келганларни ишга олишлари қийин бўлиб бормоқда ёки паст ойлик тўлашади, кредит карталари беришмайди, уйни ижарага беришга қўрқишади. Телефон компаниялари шартнома қилишмайди. Энг ачинарлиси, университетларда ҳамюрт талабаларга грант ажратилмайди, ётоқхона ва контракт пулини олдиндан ундиришади. Ота-оналардан илтимос қилардимки, ҳеч қаерда ўқимаган, ўқиш учун келмаётган, тилни билмайдиган, потенциали йўқ фарзандини пул ишлаб қайтади, деб Японияга жўнатишмасин. Акс ҳолда, фарзандлар келиш учун қилган харажатларини қоплаш мақсадида ҳар қандай тубанликдан қайтмаяпти. Япония Америка эмас, таваккал қиладиган жой эмас. Бу ерга келадиганлар яхши тил билиши муҳим, потенциали, мутахассислиги бўлиши шарт.

Барно Султонова тайёрлади

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг