Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Илмий тадқиқот кўрсаткичлари юқори ўқитувчиларнинг дарс юкламалари кам» — ғаллаороллик Монаш университети ўқитувчиси билан суҳбат

«Илмий тадқиқот кўрсаткичлари юқори ўқитувчиларнинг дарс юкламалари кам» — ғаллаороллик Монаш университети ўқитувчиси билан суҳбат

Фото: «Xabar.uz»

«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали «Хориждаги ватандошлар» лойиҳаси доирасидаги интервьюларни давом эттиради. Бу галги суҳбатдошимиз Австралиянинг нуфузли Монаш университетининг Малайзиядаги кампуси ўқитувчиси Акрам Ҳасанов.

Иш бошлаганимга 8 йилдан ошди

Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида туғилиб ўсганман. 1986–1995 йилларда Сарбозор қишлоғидаги 26-ўрта умумтаълим мактабида ўқиганман ва 1995–1997 йилларда С.Х. Сирожиддинов номидаги лицей-интернатда математика ва иқтисодиёт йўналишида таҳсил олдим. Лицейни тугатгач Тошкент молия институтига давлат гранти асосида ўқишга кириб, бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳаси бўйича 2001 йил бакалавр, 2003 йил магистр даражасини олдим.

Кейинчалик 2012 йил Малайзиянинг Путра университетида молия-иқтисод ихтисослиги бўйича PhD илмий даражасини олишга муваффақ бўлдим. Ҳозир Австралиянининг Монаш университетининг Малайзиядаги кампусида «Эконометрика ва Бизнес статистикаси» кафедрасида меҳнат фаолиятимни давом эттиряпман. Айни пайтда Бизнес факультети илмий тадқиқот дастури директор ўринбосари лавозимида ҳам фаолият юритаман.

Монаш университетида иш бошлаганимга 8 йилдан ошди.

Устозим сабабчи бўлган

Путра университетида PhD дастурида ўқиган давримда менга эконометрика ва иқтисодий моделлаштириш соҳаси бўйича дунёдаги таниқли олимлардан бири (ҳозир нафақада) профессор Дато Аҳмад Зубаиди Баҳарумшаҳ илмий раҳбарлик қилди. У киши жуда кўплаб илмий китоблар ва мақолалар муаллифи ҳисобланиб, анчагина докторлик ишларига раҳбарлик қилган. PhD дастурида ўқиш давомида шу устозимнинг қилган илмий ишларига қизиқишим ортди. Аста-секин шу соҳани мукаммал ўрганишга киришдим. Путра университетига ўқишни бошламасдан аввал эконометрика соҳаси бўйича билим ва тажрибам жуда оз эди.

Чунки мен ўқиган пайтларим Ўзбекистон олийгоҳларида, хусусан, Молия институтида эконометрика фанини ўқитишга катта эътибор қаратилмасди.

Ҳозир турли мавзуларда илмий ишларимни давом эттиряпман. Масалан, режим ўзгаришларини (regime changes) ва турли статистик тақсимот функцияларининг (distribution functions) иккинчи момент моделларида башорат қилишдаги роли ва имкониятларни ўрганяпман. Бундан ташқари, молия бозорларидаги transmission механизмларини эконометрик моделлаштириш бўйича ҳам ишлар олиб боряпман. Университетдаги PhD ва магистр талабаларим ҳам турли мавзуларда илмий ишлар билан шуғулланишади. Эконометрика соҳасида халқаро миқёсда таниқли ва машҳур олимлар билан битта кафедра ва факультетда ишлаганимдан жуда ҳам хурсандман. Улардан жуда кўп нарсаларни ўргандим ва ўргананишда давом этяпман. Бу олимлар орасида профессорлар Фаршид Воҳид, Ҳизер Андерсен, Роб Ҳайндман, Роберт Брукс, Гамини Ҳерат, Пареш Кумар Нараян, Первайз Аҳмад, Рассел Смит, Маҳендран Наир, Сантҳа Вайтилингам, Жейсон Нг ва бошқалар бор.

Хорижлик талабаларга илмий соҳада ўз билимларимни улашиш билан бир қаторда, ўзим таҳсил олган Тошкент молия институтининг ёш илмий-тадқиқотчи ходимлари билан ҳам доимий равишда узвий ижодий ҳамкорликда ишлаяпмиз. Хусусан, Тошкент молия институти иқтидорли раҳбар ходимларидан бири С. Авазхўжаев Малайзия ОТМда молия-иқтисодиёт йўналишида PhD дастурига ўқишга қабул қилинган илк кунидан бошлаб устоз-шогирдлик анъаналари асосида унга илмий раҳбарлик қилдим. 2019 йил у ўз муддатида докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилишга эришди. Ҳозир ТМИда фаолият юритиш билан бир қаторда Малйзия Миллий университетининг бизнес факультетида катта илмий ходим лавозимида ҳам меҳнат қилмоқда.

Илмий тадқиқот кўрсаткичлари юқориларнинг дарс юкламалари кам бўлади

Путра университетида докторлик (PhD) даражасини олганимдан сўнг ушбу  олийгоҳнинг ўзида бир йил давомида илмий тадқиқотчи (post doctoral research fellow) бўлиб фаолият юритдим. Кейин Австралиянининг Монаш университетининг Малайзиядаги кампусига ишга кириш учун ариза топширдим. Танлов юқори бўлса-да, менга шу университетда илмий фаолиятимни давом эттириш насиб қилди. Ишга қабул қилишда суҳбат жараёни университетнинг асосий кампусидаги профессорлар билан биргаликда олиб борилди ва якуний қарорни австралиялик профессорлар қабул қилди. Ўша пайтлари «Эконометрика кафедраси» мудири профессор Бретт Индер эди. Профессор инглизчанинг Австралия лаҳжасида саволлар бергани учун қайта қайта саволингизни қайтаринг деб мурожаат қилганим эсимда. 

Монаш университетида ўқитувчиларни ишга қабул қилиш жараёнини шаффоф тарзда ташкил этиш мақсадида 4 киши иштирок этар экан: бир профессор Австралиядаги Монаш кампусидан, бир профессор Малайзиядаги кампусдан, бир киши умуман бошқа факультетдан ва яна бир профессор бошқа университетдан.

Ушбу университетда ишлашнинг имкониятлари ва афзаллик томонлари бор кўп.

Биринчидан, Монаш университети халқаро рейтингларда энг юқори 100 та университет қаторидан жой олган. QS World University Rankings бўйича бу университет 55-ўринни эгаллаган.

Иккинчидан, бу ерда ишлайдиган аксарият профессорлар халқаро миқёсда нуфузли олимлар ҳисобланади. Кўп профессор-ўқитувчилар халқаро илмий журналларнинг муҳаррирлари ҳам саналишади.

Учинчидан, университетда илмий тадқиқотларга катта эътибор берилади. Масалан, профессор-ўқитувчиларнинг илмий тадқиқотлар бўйича кўрсаткичлари юқори бўлса, уларга университет камроқ дарс юкламалари беради. Ўз фаолиятимни мисол қиладиган бўлсам мен ҳафтада фақат 4 соат дарс бераман. Қолган вақтимни илмий ишларга ва PhD талабаларим ишларига сарфлайман.

Тўртинчидан, университет минглаб халқаро академик ва статистик маълумотлар базасига аъзо бўлган. Бу илмий тадқиқотлар учун жуда муҳим. Ушбу маълумотлар базаларидан универстетнинг ҳар бир талабаси ва профессор-ўқитувчилари бепул фойдаланишлари мумкин.

Бешинчидан, университет профессор-ўқитувчилар учун керак бўлган барча шароитларни яратиб беради. Масалан, ҳар бир ўқитувчи ўзининг алоҳида хонасига эга. Ҳар бир ўқитувчи дарс ўтиши ёки илмий тадқиқотлари учун зарур бўлган ҳар қандай дастурий таъминотлар билан университет томондан таъминланади.

Бундан ташқари, ҳар бир ўқитувчи алоҳида кундалик ишлатиладиган компьютерлар билан биргаликда, илмий тадқиқотлар учун зарур юқори тезликдаги компьютерлар билан ҳам таъминланган. Ўқитувчилар кўпроқ мослашувчан жадвал (flexible schedule) асосида меҳнат қилишади.

Малакали кадрлар етишмайди

Эконометрика соҳаси Ўзбекистонда энди ривожлана бошлади. Ушбу соҳада қилиниши лозим бўлган ишлар талайгина деб ўйлайман. Ҳозир билишимча, Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Тошкент молия институтида эконометрика кафедралари фаолият бошлаган. Эконометрика ва миқдорий усуллар йўналиши хорижий давлатларда, айниқса, Ғарб давлатларида жуда оммалашган соҳа ҳисобланади. Юқорида айтиб ўтганимдек, айни вақтда факультетда илмий тадқиқот дастури директори ўринбосари лавозимида ҳам фаолият юритаман. Бу фаолиятим доирасида ҳар бир PhD талабасининг диссертация ишлари билан яқиндан танишиб чиқишимга тўғри келади. Бу ерда эконометрика ва статистика методларини деярли ҳар бир иқтисодиёт ва молия йўналишидаги докторлик ва магистр ишларида учратиш мумкин.

Ўзбекистонда соҳа ривожига тўсиқ бўладиган жиҳатларидан бири эса бу — эконометрика бўйича хориждаги нуфузли университетларда таҳсил олиб келган малакали кадрлар етишмаслиги деб ўйлайман. Иқтисодиёт ва молия йўналишларидаги ҳар бир университет ва факультетда эконометрика соҳаси бўйича кафедра ва мутахассислик очилиши зарур. Ва бу йўналишларда математик статистика, эҳтимоллар назарияси, стохастик математика, чизиқли алгебра ва замонавий дастурлаш тилларини мукаммал ўргатиш йўлга қўйилса мақсадга мувофиқ бўларди. Афсуски, ҳанузгача Ўзбекистистонда иқтисодиёт йўналишларида юқорида номларини айтиб ўтилган фанлар ва замонавий дастурлаш тилларини, масалан Python, Stata, GAUSS, Matlab ва бошқаларни  ўргатишга етарлича эътибор қаратишмайди. Эконометрика фанининг ривожи айнан шулар билан чамбарчас боғлиқ.

Бугунги кунда Тошкент молия институти, Ўзбекистон Миллий университети, ва Урганч давлат университетлари билан яқин илмий-ижодий ҳамкорлик алоқаларини бошлаганмиз. Умид қиламанки бу ҳамкорлик кейинги йилларда ўз самарасини кўрсатади.

Режаларимга тўхталадиган бўлсам, Ўзбекистонда Эконометрика мактаби ривожига ҳисса қўшиш ва ватанимизда ҳам кўплаб докторлик ва магистр даражасидаги шогирдлар тайёрлаш ниятидаман.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг