Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ўзбекистон темир йўллари»нинг ёғоч ковуши ёхуд мақолага муносабат қани?!

«Ўзбекистон темир йўллари»нинг ёғоч ковуши ёхуд мақолага муносабат қани?!

Саботаж француз тилидан олинган – sabotage, яъни ёғоч ковуш билан тақиллатмоқ маъносини беради. Хўп, ёғоч ковушнинг бу мавзуга нима қалоқаси бор дерсиз. Тасаввур қилинг, ёғоч ковуш кийган одам у ёқдан буёққа юриб асабингизга тегаяпти. Саботаж сўзининг маъноси онгли ҳолда зараркунандалик, яъни ёғоч ковуш кийган одам сизга онгли равишда зараркунандалик қиляпти.

Яна бир маъноси — шахс ёки шахслар гуруҳи томонидан онгли ҳолда ўз хизмат вазифасини атайлаб бажармаслик ёки сифатсиз ва бепарволик билан бажариш, ишдан бош тортиш, ислоҳотларга зимдан қаршилик. Мана тўрт кундирки, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Xabar.uz сайтида чиққан «Ўзбекистон темир йўллари»даги хизмат 90-йилларни эслатяпти(ми?)» сарлавҳали мақолага ўз муносабатини билдиргани йўқ.

Гапни нима учун саботаждан бошладик, сабаби «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг нафақат йўловчиларга қониқарсиз хизмат кўрсатиб ислоҳотларни йўққа чиқараяпти, балки журналистнинг мақоласига вақтида жавоб бермай онгли ҳолда ўз хизмат вазифасини атай бажармаяпти... Ҳаттоки, ҳаракат ҳам қилмаётганга ўхшаяпти. Ўша мақола чиққанидан кейин мухбиримиз Лайло Ҳайитовага матбуот котиби, «йўқ ҳали текширув ўтказилаяпти, бир-иккитаси ишдан бўшасин кейин жавоб берамиз», деган қуруқ гапдан нарига ўтмаган. Зеро, бундан олдин ҳам худди шундай танқидларга, бўлиб ҳам хориж блогерларининг танқидига от чоптириб жавоб берган «Ўзбекистон темир йўллари» журналистнинг мақоласига жавоб беришга шошмаяпти ёки менсимаяпти.

Матбуот котиби журналистикага оид барча янгиликлар, ўзларига қўйилаётган талаблардан ё хабарсиз ё хабари бўлсаям оч қулоғим тинч дейдиганлардан, шекилли. Агар мабода эсида бўлмаса, Президент матбуот котиби Шерзод Асадов бир йиғилишда айтган гапини эслатиб қўймоқчимиз: «Оммавий ахборот воситаларида чиққан негатив маълумот 1 соат ичида вилоят ҳокимига етказилиши керак. Кўпи билан 3-4 соат ичида расмий веб-сайт ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида дастлабки ўрганиш натижалари эълон қилиниши керак. Яъни «ўрганяпмиз» ёки «кўрдик бу маълумотни», «ҳа ҳақиқатдан ҳам бу масала бизнинг вилоят билан боғлиқ, бизнинг туман билан бўлган  масала», деб фикр билдириш керак. 24 соат ичида мазкур воқеа, воқелик ёки ҳодиса бўйича аниқ позиция бўлиши керак».

Шу ўринда журналист Норқобил Жалилнинг facebook саҳифасидаги постига эътибор қаратишингизни сўраймиз: «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ «Xabar.uz» мухбирига нима деб жавоб бераркин?!

«...Эсланг, 2023 йил 18 февраль куни «Шарқ» йўловчи поездининг «Самарқанд – Тошкент» йўналишида ҳаракатланган россиялик сайёҳ-блогер Илья Варламов ўзи келган купе вагонида гувоҳи бўлган камчиликлар ҳақида видеолавҳа тарқалгач, ушбу ҳолатга «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ расмий муносабат билдирган ва айбдорлар қонун доирасида жазоланган ҳам эди. Яқинда эса ўзимизнинг уч-тўрт артистларимиз ҳам поездларда (менимча, оддий халқ неча йилларки, бундай миннатли хизматдан баҳра олиб келишаётганини улар билишмагандир балки) йўловчиларга етарли шароитлар яратилмагани ҳақида ижтимоий тармоқда видеолавҳа қўйишганидан сўнг қанча гап-сўзлар бўлганди. Орадан кўп ўтмади яна бир хорижлик, тўғрироғи, эронлик машҳур саёҳатчи блогер Муизин Миратварий ҳам «Афросиёб» поездида кўрган-кечирган хуш-нохуш таассуротларини эълон қилди! Роса ваҳима қилишди-ку, чора-тадбирлар белгиладик, айбдорлар жазоланади, дегандай. Аммо...

«Xabar.uz» сайтида куни кеча эълон қилинган аччиқ ва аламли танқидий мақолага ХАЛҚ билан, ЖАМОАТЧИЛИК бирга жиддий жавоб топиш вақти келмадими?

Мақола муаллифи – таниқли журналист Лайло Ҳайитова ўзи гувоҳ бўлган ўта аянчли воқеаларда, заррача муболаға йўқлигига ишончим комил. Сабаби, айнан аҳолига темир йўл хизмати кўрсатишдаги кўнгилсиз ҳолатлар  хусусида Лайло авваллари ҳам бир неча марта жонли, ҳаётий мисоллар орқали мақола эълон қилганига гувоҳман. Лекин, минг афсуски, унинг бу чиқишлари ҳавога учиб кетгани рост!

Хўш, ким жавоб беради: Лайло Ҳайитованинг юқорида, тилга олганларим – хорижлик блогерлардан кам жойи борми? Ким айтади? Нега унинг «огоҳликка чорлов»лари жавобсиз қолмоқда? Танқидий чиқишлари нохолис, бир ёқлама ё нотўғри бўлса муносабат билдириш керак-ку ёки танқидига раддия талаб қилиш керак эмасмиди? Сукут сақлашга устамиз биз.

Хориждаги айрим ОАВлар ёки сайту қандайдир хусусий ТГлар қайсидир соҳамизни тўғрими-нотўғрими, салгина «уриб» чиқса оёғини қўлга олиб зир югурадиган МАТБУОТ КОТИБлари, нега жимсиз? Овоз беринг, қаердасиз? Нега сукут сақлаяпсизлар? Раҳбарингиз имкони борича бундай «совуқ хабар»ларни билмаса, ўқимаса, кўрмаса, сизга яхши-да, тўғрими?  

Дангал гапни айтайми, аслида ўша рус блогер Илья Варламов ёки эронлик  блогер Муизин Миратварий шов-шув кўтарган видео чиқишлар шахсан менинг назаримда «Xabar.uz» мухбири Лайло Ҳайитованинг «қалампирли» мақоласи олдида ҳатто сариқ чақагаям арзимайди. Уларнинг устунлиги – чет эллик экани-да, қандай бўлмасин, имижимизга соя соладиган бундай чиқишларга «шессекунд»да жавоб тайёрлаймиз. Ўзимизникига келганда эса...

Ҳа, энди, ўзимизники ёзса ёзибди-да, арзимаган битта «узр»минан қутуламиз, дейдиганлар, энди адашасиз! Президент, давлатимиз сизлардан бундай совуққонлик, лоқайдликни кутаётгани йўқ. Энди бор ҳақиқатни хаспўшлаш, хўжакўрсинликка ёзилажак «отписка»лар, ёлғон муносабатлар ёзиш даври ўтди. Халқни, одамларни энди алдаб бўлмаслигини тезроқ англаб етинглар!».

Тасодифни қарангки, ўша кунлари, яъни 6 август куни Президент ҳузурида темирйўл соҳасидаги натижалар ва режалар кўриб чиқилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда йўловчи вагонларининг аҳволи, совитиш тизимидаги муаммолар бўйича кўп эътирозлар бўлаётгани таъкидланди. Ўтган йили 10 октябрда «Ўзбекистон темирйўллари» АЖни трансформация қилишга оид президент қарори қабул қилинган эди. Бу жараёнга кўмаклашиш мақсадида халқаро консалтинг компанияси ҳам жалб этилди.

Ўша йиғилишда таъкидланишича, илгари йиллар давомида зарарга ишлаб келган «Ўзбекистон темирйўллари» бу ислоҳотлар натижасида фойда кўришга ўтган. Аммо Ўзбекистон темир йўлларидаги бугунги аҳвол ислоҳотлар ҳақида эмас, балки норозиликлардан дарак бериб турибди. Айнан мана шундай ҳолатлар онгли ҳолатда зараркунандалик, ислоҳотларга қарши саботаж эмасми?

Тақдимотда кейинги вақтларда йўловчи вагонларининг аҳволи, совитиш тизимидаги муаммолар бўйича кўп эътирозлар бўлаётганига урғу берилгани ҳам бежиз эмас. 143 та вагон таъмирталаб. 59 та локомотив хизмат муддатини ўтаб бўлганлигига ва шунинг учун янги йўловчи вагонлар ишлаб чиқаришга Саноатни ривожлантириш жамғармасидан 50 млн доллар ажратилаётганига алоҳида урғу бериб ўтилди. 38 та локомотив олиб келиш ва 12 та электровозни модернизация қилиш бўйича хитойлик ҳамкорлар билан 181 млн долларлик келишувга эришилган. Бу чакана маблағ эмас.

Шуууунча ислоҳотлар бўлсаю мақола муаллифи айтганидек «Ўзбекистон темир йўллари»даги хизмат 90-йилларни эслатяпти.

«Ўзтемирйўлйўловчи» АЖнинг расмий саҳифасида 712-Ф сонли «Тошкент – Бухоро» йўналишида ҳаракатланган йўловчи поезд ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга матбуот котиби томонидан шундай изоҳ билдирилибди: 2024 йилнинг 1-август куни ҳаракатланган мазкур поездда йўловчиларни «Купе» вагонга ўтказишни ваъда қилган вагон кузатувчиси ва поезд бошлиғига нисбатан  «Ўзтемирйўлйўловчи»  АЖ томонидан хизмат текшируви бошланди. Хизмат текшируви натижаси ҳақида «Ўзтемирйўлйўловчи»  АЖ расмий саҳифаларида эълон қилинади...

Орадан тўрт кун ўтди. Телеграмдаги расмий саҳифада шунча ислоҳотлар кетаётган соҳа ҳақида тўртта хабардан бошқа нарса қўйилмаган. Таҳририят эса ҳар куни бир неча бор саҳифани кузатишдан бўшамаяпти – бизга берилиши керак бўлган муносабатдан ҳали умидини узгани йўқ. 

«Ўзбекистон темир йўллари» эса ёғоч ковушини ечиш нияти йўққа ўхшаяпти – тақ-туқ, тақ-туқ...  

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг