Озиқ-овқат мустақиллигига эришган ягона мамлакат (видео)
Дунёда юз миллионлаб одамлар озиқ-овқат танқислигини бошдан кечираётган бир пайтда, Жанубий Американинг кичик бир мамлакати ташқаридан ёрдамсиз ўзини тўлиқ таъминлай оладиган ягона давлатга айланди, деб ёзмоқда ScienceFocus.
Бу — 830 мингга яқин аҳоли яшовчи Гайана. Ҳудуди — салкам 215 минг квадрат километр (Беларусдан каттароқ). Таъкидланишича, бу мамлакат озиқ-овқат маҳсулотларининг барча асосий гуруҳлари бўйича тўлиқ ўзини ўзи озиқ-овқат билан таъминлашга эришди.
Ҳар тўртинчи гайаналик мамлакат ҳудудининг атиги 1 фоизини ташкил этувчи қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилади.
Гайана Венесуэла, Бразилия ва Суринам ўртасида жойлашган ва аҳолисининг катта қисми мамлакат умумий майдонининг 5 фоизидан камроғини ташкил этувчи қирғоқбўйи текислигида тўпланган.
Мамлакат ҳудудининг 85 фоизи ўтиб бўлмас тропик ўрмонлардан иборат, бу эса кенг кўламли қишлоқ хўжалиги учун деярли имконият қолдирмайди. Энг муҳим жиҳат ҳам шунда, гайаналиклар ноёб ўрмонларни сақлаб қолишди, кучларини дарахтларни кесишга эмас, балки жуда чекланган қишлоқ хўжалиги ерларидан ўта самарали фойдаланишга сарфлаб, озиқ-овқат мустақиллигига эришишди.
Буюк Британиянинг Глостершир шаҳрида жойлашган Қироллик қишлоқ хўжалиги университети ходими Никола Кенноннинг айтишича, Гайана қирғоқбўйи минтақасининг иқлими қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун жуда мос.
Мамлакат экваторнинг шундоққина биқинида жойлашган: йил бўйи иссиқлик кўп, ёғингарчилик мўл, юқори намлик ва энг муҳими, минг йиллар давомида тўпланган унумдор тупроқ бор. Аммо Гайананинг муваффақиятини тушунтириш учун иқлимнинг ўзи етарли эмас. Муваффақият сири Гайана ўзининг чекланган қишлоқ хўжалиги ерларидан қандай фойдаланаётганида.
Дунёдаги қишлоқ хўжалиги ерларининг аксариятида фақат битта экин кенг, бир хил майдонларда етиштирилаётган бир пайтда, Гайана фермерлари деҳқончиликда бутунлай бошқача ёндашувдан фойдаланадилар. Улар аралаш экиш билан шуғулланишади. Яъни, бир майдонда икки ёки ундан ортиқ экинлар биргаликда етиштирилади, бунда ҳар бири ўз ўрнини эгаллайди ва ресурслардан турли вақтларда фойдаланади.
Кокос палмаси етиштирувчи деҳқонлар ёш дарахтлар етилишига қадар уларнинг орасига ананас ёки помидор экишади. Маккажўхори ва соя бир хил тупроқдан фойдаланади: соя азотни табиий равишда тўплайди, маккажўхори эса мавсумнинг бошқа даврида бу озуқа моддаларини олади.
Шоли ва маниока каби асосий экинлардан тортиб, кенг турдаги мева ва сабзавотларгача — бу қишлоқ хўжалиги хилма-хиллиги нафақат одамларни боқади, балки мамлакат тупроғини ҳам фаол озиқлантиради. Аралаш экинлар бир жойда бир хил экин етиштиришга нисбатан ҳосилдорликни 1,2-1,5 баравар ошириши мумкин.
Мамлакат регенератив қишлоқ хўжалиги деб номланувчи усул орқали озиқ-овқат ишлаб чиқаришни кўпайтирмоқда — бунда тупроқ унумдорлигига умуман зиён етмайди.
Чорвачилик деҳқончилик тизимига мослаштирилган, бунда тирик илдизларнинг йил бўйи ерда сақланиши ҳисобига тупроқ эрозиясининг олди олинади. Бу усуллар тупроқ саломатлигини фаол тиклайди ҳамда емирилишининг олдини олади.
Мутахассисларга кўра, Гайана ресурслари чекланган кичик мамлакатлар доимий озиқ-овқат беқарорлигига маҳкум эмаслигига яхши мисолдир.
Ушбу видеода ҳам Гайананинг озиқ-овқат мустақиллиги ҳақида сўз боради.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter