Қизнинг туғилган кун санасини кўрсатинг! Ёхуд ёш қизалоққа нега қўша қари (ким билан) деб тилак билдирилди?
Қашқадарё вилояти Кўкдала туманида 7-синф қиз унаштирилгани ҳақида видеолавҳа тарқалди ва кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Видеолавҳани бир эмас, икки эмас, уч эмас нақ тўрт марта кўрдим. Қизчанинг бўйнига аёл занжир тақди? Қизчанинг қўлини кўксига қўйиш кераклигини яна бир аёл ўргатиб турди.
Ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани ва Қашқадарё вилоят ҳокими ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Комила Каромова томонидан манзилли ўрганилди.
Қизнинг ота-онаси видеодаги ҳолат аслида фарзандининг туғилган куни муносабати билан ўтказилган тадбир экани тўғрисида тушунтириш берган. Шунингдек, ҳолат тўй ёки унаштирув маросими эмаслиги, қизини эрта турмушга бериш нияти йўқлиги, уни ўқитиш ва шифокор қилиш ниятида эканини айтган.
Қанийди шундай бўлса, айниқса қизини шифокор қилиш нияти аъло ният. Қолаверса шифокор бўлиш учун кўп йиллар таълим олишга тўғри келади... Демак тўй ҳақида ҳали узоқ йиллар эсланмайди, эсланмаслиги керак эди...
Шу видеони кўриб баъзи англашилмовчиликларни аниқламоқчиман. Аввало видеода бирон марта туғилган кун деган ибора ишлатилмади. Бирон марта! Ё мен ўтказиб юбордимми, ё мен эшитмадимми? Нима учун туғилган кунда, мактабни аъло баҳоларга ўқи, келажакда бирор касбни эгалла, ана борингки шифокор бўл дейилмади, айнан БАХТЛИ бўл деб тилак билдирилди. Бахтли бўл деган тилак фақат тўй ёки унаштирувда айтилади. Ёки бирортангиз фарзандингизни, бўлиб ҳам 7-синфда ўқийдиган қизингизга бахтли бўл деб тилак билдирасизми? Тўғри ич-ичингиздан хоҳлайсиз аммо қизалоққа бу гапни айтмайсиз. Мактабни битирган қизга айтсангиз ҳам ярашарди. Туғилган кунинг билан табриклайман, деб айтишга нима монелик қилди? Яна қайтариб айтаман бирон марта туғилган кун ҳақида гап бўлгани йўқ.
Агар ростдан ҳам РОСТни юзага чиқариш бўлса ният бизга тилла таққан аёлнинг кимлигини айтинг, онасими, холасими, аммасими? Тўғри қариндошлар ўртасида ҳалиям никоҳлар қайд этилиши учраб турибди. Агар бу аёл қизнинг аммаси, холаси бўлган тақдирдаям ажабланмаймиз. Балки аммасидир, балки холасидир. Аммо қайси хола ёки амма жиянига тилла тақади, туғилган кунда!? Реал қарайлик воқеага. Фақат келиннинг бўйнига, қулоғига тилла тақиш мумкин. Тўғри жиянига жуда қиммат совға берадиган амма, хола, оналар бор... Фақат тилла эмас. Тилла унаштирилаётган қизга тақилади!
Яна битта савол, қиз нега тилла таққан қариндошига (балки мутлақо бегона) қўлини кўксига қўйиб миннатдорчилик кўрсатиши керак. Яна реал ҳаётга қайтайлик. Уялиб ҳижолат бўлиб туриши керак? Кимнинг қизи уйда ота-онасию, амма-холасининг олдида қўлини кўксига қўйиб мулозамат қилади. Тан олинг ҲЕЧ кимнинг. Фақат келин қайнана ва куёвга, унинг хеш-ақробларига қўлини кўксига қўйиб мулозамат қилади.
Умуман ёлғон ахборот берганлик учун жавобгарлик бор. Агар қизнинг ота-онаси ростдан ёлғон ахборот берган бўлса нега жавобгарликка тортилмаяпти? Агар хотин-қизлар масъули ёлғон ахборот берган бўлса-чи? Ёки ёлғон ахборот тарқатишда фақат блогеру журналист айбланадими?
Энг охирги саволим, агар видеода эшитган гапларимни қулоқларим алдамаётган ёки галлюцинация бўлмаса видео сўнгида аёллар қизга нега ҚЎША қари, деди? Эрга теккан аёл ёки турмушга чиқаётган қиз-йигитга айтилмайдими қўша қари деган тилак. «Ҳали жуда қизиқ бўлади, айниқса шоколади келса», деди яна бир аёл, «Ҳали кичкинада билмайди (мулозаматни)», дейишди. Қиз янада ҳижолат бўлди. Худди янги келинчакдек, асло ота-онаси туғилган кунини нишонлаётган эрка қиздек эмас.
Вой-воей...Исбот, далил бўлиб туриб ҳам бу унаштирув эмас, бу туғилган кун эди деб одамларни лақма қилишга нима ҳаққингиз бор?
Ижтимоий тармоқларда бу қизчанинг унаштируви одамларни бир ғазаблантирган бўлса, кўриб турган нарсамизни, йўқ бу аслида бошқа нарса эди деб ҳаспўшлаётганларингиз икки карра ғазаблантирмоқда. Қачон мард бўлиб хатоларни тан олишни ўрганамиз.
Яхшимас, видеода кўриниб турган воқеани ҳаспўшлаш, суваш ва ёлғон гапириш. Ёлғон ахборот тарқатганлик учун ҳам жавобгарлик бор...
Биздан уялмасанглар ҳам қизалоқдан, келажакда адолатли жамият қуришни кўриш истагингизни амалга оширадиган ЁШлардан уялинглар!
7-синф қизини унаштириш, унинг онгини бузиш, танловини (ўзи бу қизалоқда танлов борми, қарори эшитиладими)ҳурмат қилмаслик ва камига бутун ўзбекистонликларни алдаш, қайси меъёрларга тўғри келади.
Болалар омбудсманининг таъкидлашича, бу ҳудудда қизларнинг унаштирув маросимини эрта ўтказиш урф-одати қисман бўлса-да сақланиб қолган. Шу сабабли, омбудсман ҳолат бўйича назоратни давом эттиради, боланинг жисмонан ва маънан соғлом муҳитда парвариш қилиниши, унинг таълим олиш ҳуқуқи ҳамда келгусида ўз ҳаёти билан боғлиқ қарорларни қабул қилиш ҳуқуқи таъминланишини кузатиб боради. Болалар омбудсмани қизларни эрта турмушга бериш ҳолатларига мутлақо муросасиз бўлиб, шундай фикрда бўлган ота-оналарни никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузиш учун қонунан жавобгарлик белгилангани ҳақида огоҳлантирган.
Омбудсман кузатиш жараёнида юқорида биз қўйган саволларга ҳам жавоб топади, деб умид қиламиз.
Ҳа, айтганча бизга жуда қизиқ – қизнинг туғилган куни қачонлиги. Уни аниқлашнинг энг осон йўли, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномага бирров қараб олиш. Қани кўрсатинг-чи гувоҳномани! Бутун Ўзбекистонга кўрсатинг қизнинг туғилган куни ёзилган санани. Балки биз ҳам энг эзгу тилакларимизни билдирармиз. Келажакда мактабни аъло баҳоларга битириб, бирор касб эгаси бўлишини, ўзи қарор чиқара оладиган мустақил қиз бўлишини, қачонки ўзи учун ўзи жавоб бериш масъулиятини ҳис қилсагина бахт уни қувлаб юришини айтармиз. Ахир кўпнинг дуоси кўл дейишади... Қани кўрсатинг қизнинг туғилган кун санасини! Бир изҳорларимизни билдирайлик.
Барно Султонова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter