Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Сеҳрли диёр»даги ватандошимиз Aмериканинг энг катта ютуғини айтди

«Сеҳрли диёр»даги ватандошимиз Aмериканинг энг катта ютуғини айтди

Фото: Абдуазиз Исакуловнинг шахсий архиви

Бугунги суҳбатдошимиз Абдуазиз Исакулов 1997 йили Тошкент шаҳрида  туғилган.

Бўладиган бола бошидан, деганларидек 20 ёшида Тошкент давлат юридик университети халқаро ҳуқуқ йўналиши бакалавр босқичини, 23 ёшида Нью-Йоркдаги Fordham Univeristy School of Law университети халқаро ҳуқуқий низоларни ҳал этиш йўналиши бўйича магистратура босқичини тугатган. Бу ютуқларига ҳам қаноат қилмай Тошкент давлат иқстисодиёт университети Жаҳон иқтисодиёти ва ҳалқаро иқтисодий муносабатлар факультети ва Вебстер университети – MBA (Master of Business Administration)ни ҳам тамомлаган.

Нью-Йорк, Вашингтон ва Франкфуртда «White & Case LLP» ва «Clifford & Chance LLP» каби халқаро юридик компанияларида, шунингдек, Женевадаги Жаҳон савдо ташкилотида фаолият юритиб, тажриба тўплаган.

Ҳозирда у Нью-Йоркдаги Cardozo School of Law университетида докторант, халқаро энергетика ва иқлим ўзгаришига боғлиқ низоларни ҳуқуқий йўл билан ҳал этиш мавзусида илмий изланишлар олиб бормоқда.

– Абдуазиз, келинг суҳбатни Фулбрайт дастури ҳақида маълумот билан бошлаймиз. Чунки ушбу дастур ҳақида кўпчилик билмайди...

– Фулбрайт бу AҚШ Давлат департаментининг алмашинув дастурларидан бири бўлиб, дунёдаги 150 дан ортиқ мамлакатлардан ҳар йили фақатгина саноқли истеъдодли ёшларни танлаб олувчи ва уларга AҚШ олийгоҳларида магистратура даражасини олиш билан боғлиқ бўлган барча харажатларни қоплаб берувчи грант дастури ҳисобланади.

Дастур тақдим этадиган иқтисодий имтиёзлар қаторига магистратурага кириш учун топшириладиган имтиҳонлар учун тўловлар (TOEFL, GRE, GMAT), грант ғолибининг AҚШга етиб бориши билан боғлиқ бўлган транспорт харажатлари, тегишли университет контракт тўловлари, танлов ғолибининг AҚШда яшаш харажатларини қопловчи ойлик стипендия, тиббий суғурта харажатлари, ўқиш учун зарур бўлган адабиётларни сотиб олиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун бериладиган молиявий кўмак каби имтиёзларни киритса бўлади.

Ушбу грант дастурига Ўзбекистондан ҳар йили юзлаб талабалар ҳужжат топширишади ва ҳар йили фақат 3 нафар талаба ушбу дастур ғолибига айланади.

Фото: Абдуазиз Исакуловнинг шахсий архиви

«Америка орзуси» амалга ошиши учун Фулбрайт дастури имкон бўлиши мумкинми?

– Ҳа, албатта. Буни мен ўзим босиб ўтган йўл мисолида тўлиқроқ тушунтириб ўтишим мумкин.

2017 йили Тошкент давлат юридик университетини битирганимдан сўнг Адлия вазирлигига ишга кирдим. 2018 йилда биринчи маротаба вазирлик делегацияси таркибида АҚШнинг пойтахти Вашингтонга ташриф буюрдим. Вашингтон шаҳрида жойлашган инвестициялар бўйича Халқаро судда Ўзбекистон иштирокидаги бир қанча халқаро суд жараёнларида қатнашдим. Ўзбекистон манфаатларини ҳимоя қилиш учун ёлланган халқаро адвокатларнинг юридик билими ва маҳоратини ўша суд жараёнларида кузата туриб, халқаро даражадаги ҳуқуқшунос бўлиб етишиш учун юртимда олган билимларим етарли бўлмаслигини ва дунёнинг ривожланган давлатларидаги топ университетларидан бирида ўқиб, кейинчалик ўз соҳамда халқаро тажриба тўплашим муҳимлигини тушуниб етдим.

Америкада ўқиш контракти ўртача 60-70 минг АҚШ долларидан ошишини ҳисобга олиб, магистратурада ўқиш учун тўлиқ грант тақдим этувчи дастурларни қидирдим. Интернетдан, яъни AҚШ элчихонаси веб-сайти орқали Халқаро Фулбрайт грант дастури ҳақида маълумотга эга бўлдим ва ҳужжатларимни шу грант дастурига топширдим. Якунда ушбу дастур ғолибига айландим ва АҚШнинг Ню-Йорк шаҳридаги Фордxем университетига йўл олдим.

Айнан Фулбрайт дастури орқали магистратурани битириб, кейинчалик халқаро доирада, хусусан Нью-Йорк, Вашингтон ва Франкфурт каби дунё мегаполисларида «White & Case LLP» ва «Clifford & Chance LLP» каби халқаро юридик компанияларида, шунингдек Швецариянинг Женева шаҳридаги Жаҳон савдо ташкилотида фаолият юритиб, тажриба орттирдим.

Фото: Абдуазиз Исакуловнинг шахсий архиви

Ушбу дастурнинг талаби қандай, яъни грант ютиш учун нималарга эътибор бериш керак.

– Дастурнинг энг асосий талаби танлов иштирокчилари бакалавр даражасини тамомлаган ва камида 2 йиллик иш тажрибасига эга номзодлар бўлиши керак.

Номзоднинг инглиз тилини қанчалик яхши билиши ва AҚШда ўқимоқчи бўлган соҳаси унинг ўзи ва Ўзбекистон учун қанчалик муҳимлигини ёритиб берувчи мотивацион иншо сифати дастурда муваффиқият қозонишнинг асосий омилларидан биридир.

Ҳужжат топшириш бир босқичдан иборат. Ушбу босқичда номзодлар бакалавр дипломлари нусхалари, мотивацион иншо ва тегишли тавсия хатларини топширадилар. Aгар ушбу босқичдан номзод муваффақиятли ўтса, кейин иккинчи босқичга – суҳбатга чақирилади. Дастурда ғолиб бўлиш учун талабанинг бакалавр давомида олган баҳоларининг ўрни жуда муҳим. Чунки AҚШдаги барча университетлар учун номзоднинг бакалавр давомида олган баҳолари, номзодни магистратурага қабул қилишда инглиз тилини билиш даражасидан кейинги энг муҳим омилдир.

Дастур ғолибига айланишни истайдиган талаба аввало, ўз соҳасини яхши билиши керак. Ушбу соҳага оид AҚШда қандай олийгоҳлар борлигини билиш муҳим. Ва АҚШда орттирилган билим, тажриба билан ўша соҳани Ўзбекистонда қандай ривожлантириш мумкинлиги ҳақида ўзига яраша тахминий тасаввурга ва режаларга эга бўлиши керак. Яъни, энг муҳим омиллардан бири, бу номзоднинг AҚШда таълим олишга бўлган ва тегишли соҳани Ўзбекистонда ривожланишига ҳисса қўшишга бўлган хоҳиш-мотивациясининг мавжудлилиги ва албатта тил билиш даражаси.

Aгар номзод юқорида таъкидланган икки босқичдан (ҳужжат топшириш ва суҳбат босқичлари) муваффақиятли ўтса, элчихона унга TOEFL топшириш билан боғлиқ имтиҳон харажатларини қоплаб, уни ушбу тест имтиҳонига рўйхатдан ўтказишда кўмак беради. Номзодлардаги мавжуд IELTS ва бошқа тил сертификатлари уларни ТOEFL топширишдан озод қилмайди. Шунинг учун TOEFL имтиҳонидан яхши балл олиш бу грант соҳиби бўлишда албатта катта устунлик беради.

– Ушбу дастур орқали мамлакатлар қадриятлари, урф-одатлари, тили, маданияти ўрганилади ва бу қанчалик мамлакатлар ривожланиши ёки ҳамкорлик қилиши учун ёрдам беради, деб ўйлайсиз?

– Aлбатта, Aмерика Ўзбекистондан жуда ҳам катта фарқ қилувчи давлат. Aмерика бу иммигрантлар мамлакати бўлиб, ҳар бир инсоннинг авлод-аждодини суриштирсангиз ёки немис, поляк, чех, инглиз, ирланд, француз, хитойлик, япон ёки яна бошқа бир миллат вакили бўлиб чиқади. Лекинг уларнинг барчаси ўзини ягона мамлакат ва миллат вакили – америкалик деб билади. Яъни, бир сўз билан айтганда бу ерга келаётган иммигрантлар ёки халқаро талабалар ўзларини бегона ёки Ватандан айри ҳис қилишмайди. Бу эса ўз навбатида Aмерика маданияти ва ҳаёт тарзининг жуда ҳам хилма-хиллигидан далолат беради.

Хусусан, Нью-Йоркда дунёнинг барча нуқталаридан келган иммигрантларни учратишингиз мумкин ва бу ўзига хослик шаҳарнинг маданиятини жуда ҳам хилма-хиллаштирган. Шу жумладан, мен ҳам биринчи келганимда кўп сонли ватандошларимизни ва улар ташкил этган бир қанча маҳаллий ресторанлар, дўконларни, ўзбек маҳаллаларини кўриб, албатта, ҳайратга тушганман.

Хулоса қилиб айтганда, юқорида таъкидланган омиллар, дастур иштирокчиларини нафақат Америка, балки бир қанча мамлакатлар қадриятлари, урф одатлари, тили, маданияти билан танишишга сабабчи бўлади ва ушбу миллат вакиллари ўртасидаги ўзаро дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлайди.

Фото: Абдуазиз Исакуловнинг шахсий архиви

Америка ҳақида таассуротларингиз.

– Фордхем университети Нью-Йорк шаҳрининг маркази, Манхеттенда жойлашгани сабабли, биринчи ҳиссиётлар ва таассуротлар бу осмонўпар бинолар, ҳар доим расмий кийим ва галустукларда қаергадир шошиб юриб кетаётган корпоратив ходимлар, АҚШ фильмларида кўрсатиладиган сариқ такси машиналари билан тўлиб-тошган Нью-Йоркнинг тор кўчалари бўлди.

Ўқиш бошланганидан сўнг, Америкада таълим тизими методлари Ўзбекистон университетларида фойдаланиладиган ўқиш методларидан тубдан фақр қилишини ва бу ерда талабалар ўртасидаги соғлом рақобат жуда ҳам кучли эканлигини ҳамда талабалар ўрганаётган фанининг муҳимлиги ва бу билимлар уни келажакда ўз соҳасида яхши иш топишида аҳамиятга эга эканлигини чуқур англаган ҳолда, ўз келажагига катта масъулият билан қараши, албатта мени ижобий маънода ҳайрон қолдирди.

Олийгоҳлардаги юқори малакали таълим ҳам Aмериканинг ҳозирги кундаги ютуқларининг энг катта сабабларидан бири, деб ҳисоблайман.

– Айни вақтда қайси мавзу устида ишлаяпсиз?

– Ҳозир глобал иқлим ўзгариши ва энергия ресурслари билан боғлиқ халқаро ҳуқуқий низоларни ҳал этиш масаласида илмий иш қиляпман.

Марказий Осиё энергия ресурсларига бой минтақалардан бири. Ресурсларни тўғри ишлатиш билан боғлиқ низоларни ўрганяпман. Минтақадаги иқлим ўзгариши билан боғлиқ масалаларга халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан ечим бериш илмий изланишимнинг асосий мақсади. Халқаро юридик фирмалар ва халқаро ташкилотларда орттирилган тажрибам ушбу масалаларни чуқурроқ ўрганишимга туртки бўлди. 2015 йилда имзоланган Париж битими дунёдаги глобал иссиқликни камайтириш бўйича ушбу ҳужжатга қўшилган давлатларга ўзига яраша мажбурият юклаган. Бу каби мажбуриятлар кейинчалик давлатларнинг инвестиция шартномаларида ўз аксини топган.

Ушбу шартномалар асосида хорижий инвесторлар дунёнинг деярли барча давлатларида фаолият кўрсатади. Лекин улар доим ҳам иқлим ўзгариши билан боғлиқ мажбуриятига риоя қилишмайди. Бу бундай можароли ҳолатларга самарали ҳуқуқий ечим топишни талаб қилади. Докторлик диссертациямнинг асосий мақсади айнан шу каби можароли ҳолатларга самарали ҳуқуқий ечим таклиф қилишдан иборат.

– Ишларингизга омад тилаймиз.     

Барно Султонова суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг