Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

АҚШ Ўзбекистон таълим тизимига 50 миллион доллар ажратмоқда

АҚШ Ўзбекистон таълим тизимига 50 миллион доллар ажратмоқда

Фото: Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати

28 сентябрь куни Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида таълим тараққиётига кўмаклашиш бўйича муҳим келишув имзоланди. АҚШ элчихонаси матбуот хизмати хабарига кўра, бу – икки мамлакат ўртасидаги биринчи кенг қамровли грант шартномасидир.

Ушбу ҳужжатни Ўзбекистон Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, АҚШ муваққат ишлар вакили Алан Мельцар ҳамда USAIDнинг Марказий Осиё минтақавий ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчиси Жули Саусфилд имзолади.

Келишувга кўра, АҚШ ҳукумати келгуси беш йил давомида мамлакатимиз таълим тизимини қўллаб-қувватлаш учун 50 миллион доллар маблағ ажратади.

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизматига кўра, мазкур келишув доирасида 19,5 миллион доллар маблағ аллақачон ажратилган.

Таълим соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ажратилаётган маблағ бошланғич синфларда ўқиш ва математика сабоқларини янада такомиллаштириш, ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш ҳамда инглиз тилини ўқитиш самарадорлиги ва сифатини оширишга йўналтирилади.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил май ойида Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида таълим бўйича иккита келишувга эришилган. АҚШ Давлат департаментининг юқори мартабали мулозими Элис Уэллс ҳамда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов имзолаган ҳужжатларда Қўшма Штатлар олий ўқув юртлари ҳамда Марказий Осиё университетлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистонда инглиз тилини ўқитиш учун молиявий кўмак дастурларини кенгайтириш кўзда тутилган.

С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг