Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

АҚШдан келган 27 меҳмон вазир ва элчи томонидан иззат-ҳурмат билан кутиб олинди. Дарвоқе, ким ўзи улар?

АҚШдан келган 27 меҳмон вазир ва элчи томонидан иззат-ҳурмат билан кутиб олинди. Дарвоқе, ким ўзи улар?

Фото: АҚШ элчихонаси

Ўзбекистон халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ва АҚШнинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм океанортидан келган меҳмонларни иззат-ҳурмат билан кутиб олишди. АҚШдан ташриф буюрган 27 нафар меҳмон инглиз тили ўқитувчилари ва олимлар бўлиб, улар Ўзбекистон бўйлаб мактаб ва университетларда дарс берадилар.

АҚШ элчихонаси матбуоти хизмати хабарига кўра, маърифат аҳлини кутиб олиш маросими Тошкент шаҳридаги 295-мактабда бўлиб ўтди. Январь ойида келган ва икки ҳафталик карантин даврини тамомлаган гуруҳ коронавирус пандемияси бошланганидан буён Марказий Осиёга ташриф буюрган АҚШ алмашинув иштирокчиларининг биринчи гуруҳидир.

«Сизларни бу ерда кутиб олиб, ушбу маросимни Ўзбекистон ҳукумати билан биргаликда нишонлаётганимиздан бағоятда хурсандман. Сизлар икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, инглиз тилини хорижий тил сифатида ўқитиш, илмий тадқиқотлар ва педагогика бўйича мутахассислигингизни ўзбекистонлик ҳамкасбларингиз билан баҳам кўриш учун муҳим сафарга отландингиз. Ҳар бирингиз мамлакат бўйлаб синфхоналарда ва таълим муассасаларида муҳим аҳамиятга молик ишларга пойдевор бўлиб хизмат қиласиз. Инглиз тилида сўзлашувчи мутахассис сифатида сизлар ҳукуматларимизнинг инглиз тилида равон сўзлашувчи битирувчиларни кўпайтириш ва Ўзбекистон ёшларининг таълимга оид ҳамда иқтисодий имкониятларини кенгайтириш учун биргаликдаги мақсадларимизга катта ҳисса қўшасиз», – деди элчи Розенблюм ўз табрик нутқида.

Мезбон томон вакили – Халқ таълими вазири Ш.Шерматов ҳам ўз фикрлари билан бўлишди.

«Ўзбекистон президенти парламентга қилган мурожаатида чет тилларини ўрганишни бу йилги устувор вазифалардан бири, дея таъкидлади. Шу боис жойларда инглиз тилини ўргатишни янада яхшилашга кўмаклашиши учун биз АҚШдан мутахассисларни таклиф этдик. Бу бизга юқори мақсадларга эга «English Speaking Nation» лойиҳамизни амалга оширишда яқиндан ёрдам беради», – деди вазир.

Ўқитувчиларнинг аксари маҳаллий ўқитувчилар сафига қўшилиб, синфхоналардаги дарсларда бевосита иштирок этади. Гуруҳдаги етти киши эса «English Speaking Nation” дастури доирасидаги «Мураббий-тренерлар» номли тажриба лойиҳада қатнашади. Лойиҳадан кўзланган мақсад Ўзбекистон ўрта макатабларидаги чет тили ўқитувчиларига касбий ривожланиш ва малака оширишда амалий ёрдам беришдан иборат. Ушбу дастурни АҚШ элчихонаси жамоатчилик билан алоқалар бўлими гранти асосида Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда Америка кенгашлари амалга оширади.

Америкалик ва ўзбекистонлик педагоглар бугун таваллуд санаси нишонланаётган буюк мутафаккир Алишер Навоий хотирасига ҳам ҳурмат бажо келтиришди.

АҚШлик муаллимлар 10 февралданоқ Ўзбекистон мактабларга йўл олишади.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил май ойида Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида таълим бўйича иккита келишувга эришилган. АҚШ Давлат департаментининг юқори мартабали мулозими Элис Уэллс ҳамда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов имзолаган ҳужжатларда Қўшма Штатлар олий ўқув юртлари ҳамда Марказий Осиё университетлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистонда инглиз тилини ўқитиш учун молиявий кўмак дастурларини кенгайтириш кўзда тутилган.

Аввал хабар берганимиздек, 2020 йил 28 сентябрь куни икки мамлакат ўртасида таълим тараққиётига кўмаклашиш бўйича муҳим келишув имзоланган. Келишувга кўра, АҚШ ҳукумати келгуси беш йил давомида мамлакатимиз таълим тизимини қўллаб-қувватлаш учун 50 миллион доллар маблағ ажратади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг