Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Бир ўринга 125 даъвогар» — Президент мактабларида ўқиш учун кураш бошланди (фото)

«Бир ўринга 125 даъвогар» — Президент мактабларида ўқиш учун кураш бошланди (фото)

Фото: «Xabar.uz»

Бугун, 1 июль куни Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Президент мактабларининг 1-босқич имтиҳонлари бўлиб ўтди.

2022-2023 ўқув йили учун Президент мактабларига ҳужжатлар қабули жорий йилнинг 1-20 июнь кунлари онлайн шаклда ariza.piima.uz сайти орқали амалга оширилди. Ушбу ўқув йилида фақат 5-синфга қабул эълон қилинди.

Тасдиқланган жами аризалар сони 41 930 тани ташкил этди. Имтиҳонлар натижасига кўра, Президент мактабларига жами 336 нафар ўқувчи ўқишга қабул қилинади.

Эътибор қилган бўлсангиз, танлов даражаси шунчалик юқорики, биргина ўрин учун 125 нафардан бола рақобатлашади. Ҳатто энг нуфузли университетларда ҳам бир ўрин учун кураш бунинг яримичалик ҳам бўлмайди. Шу сабабли имтиҳонга келган болалар эндигина 4-синфни битиришган бўлса-да, кўзлари катталарники каби порлайди. Ишончи, иштиёқи баланд, қаттиқ курашга жиддий синовлар билан тайёргарлик кўришгани сезилади.

Президент мактабларида имтиҳонлар икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда, яъни бугун ўқувчилар математика фанидан 30 та топшириқдан иборат тест саволларини ишлашди. Белгиланган вазифани бажариш учун 60 дақиқа вақт ажратилди.

Биринчи босқич натижасига кўра, қабул квотасида белгиланган ҳар бир мактаб кесимида 480 нафар талабгор 2-босқичда қатнашади.

Иккинчи босқичда эса ахборотни таҳлил қилиш ва солиштириш қобилиятини аниқлаш бўйича – мантиқ элементлари бўлган математика фанидан – 40 та масала, инглиз тилидан – 40 та тест ишланиши талаб этилади.

Президент таълим муассасалари агентлиги ва Cambridge Assessment International Education ташкилоти ўртасида ҳамкорлик шартномаси тузилган бўлиб, унга биноан Президент мактабларига қабул имтиҳонлари мазкур ташкилот билан ҳамкорликда ўтказилиши белгилаб қўйилган. Имтиҳон жавоблари Cambridge Assessment International Education ташкилотининг расмий веб-саҳифасида эълон қилинади. 

Имтиҳонда жавоби белгиланган масалалар тоифаларининг ҳар бири бўйича энг юқори балл тўплаган талабгорга қуйидагича тартибда устунлик берилади, яъни:

  • C тоифадаги саволлар бўйича юқори балл тўплаганлар;
  • Б тоифадаги саволлар бўйича юқори балл тўплаганлар;
  • А тоифадаги саволлар бўйича юқори балл тўплаганлар;
  • Туғилган санаси бўйича (ёшроқ номзод танланади).

Номзодлар барча тоифадаги саволлар бўйича тенг балл тўплаган тақдирда, туғилган санаси бўйича сараланади, бунда ёшроқ номзодга устунлик берилади. Агарда бу ҳолатда ҳам тенглик сақланиб қолса, қабул комиссияси ва таълим соҳасида хизмат кўрсатувчи ихтисослашган хорижий ташкилот томонидан қўшимча топшириқлар берилади.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Президент таълим муассасалари агентлиги тизимида 14 та Президент мактаби фаолият юритмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг