Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Дипломатия университетига кириш учун тестдан олдин яна бир имтиҳон қўйилди

Дипломатия университетига кириш учун тестдан олдин яна бир имтиҳон қўйилди

Фото: «Kommersant.uz»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 21 июнь куни «Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Унга кўра, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб университетнинг бакалавриат йўналишлари бўйича таълим олиш муддати 4 (тўрт) йилни ташкил этади, шу ўринда аввал ўқишга қабул қилинган талабалар амалдаги тартиб асосида ўқишни якунлайди ва диплом олади.

Шунингдек, университетнинг барча бакалавриат йўналишлари бўйича ўқишга қабул чет тили, математика/тарих, она тили ва адабиёт фанлари бўйича давлат тест синовлари якунлари асосида амалга оширилади.

Абитуриентлар учун дастлабки имтиҳондан ўтиш тартиби жорий этилади, унинг якунлари бўйича абитуриентларни давлат тест синовларини топширувчилар рўйхатига киритиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Университетнинг магистратура йўналишлари бўйича таълим олиш муддати ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таълим олувчилар учун бир йилни, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим олувчилар учун икки йилни ташкил этади.

Магистратурага қабул белгиланган тартибда мутахассислик юзасидан ёзма имтиҳонлар ва чет тили бўйича имтиҳон топшириш орқали амалга оширилади.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимига киради ҳамда қуйидаги йўналишлар бўйича мутахассислар ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакаси оширишни, юқори даражада фундаментал ҳамда илмий-амалий тадқиқотлар олиб борилишини таъминлайдиган асосий олий таълим муассасаси ҳисобланади:

— халқаро иқтисодиёт ва менежмент;

— халқаро муносабатлар ва сиёсий фанлар;

— халқаро оммавий ва хусусий ҳуқуқ;

— гид ҳамроҳлиги ва таржимонлик фаолияти.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг