Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Санжар Саид

Ҳаётда мўъжизалар содир бўлади

Мажбурий меҳнат тақиқланди, энди ўқитувчилар сифатли ишласин!

Мажбурий меҳнат тақиқланди, энди ўқитувчилар сифатли ишласин!

Ўзбекистон дунёга юз тутмоқда!

Фото: «uza.uz»

Президентнинг Сирдарё вилоятидаги нутқи, Комил Алламжоновнинг баёноти ва бош вазир раислигида ўқитувчи ва шифокорлар, талабаларни мажбурий меҳнатга жалб қилишга чек қўйишга бағишланган видеоселектор йиғилишидан кейин мажбурий меҳнатга жалб қилиш давлатга хиёнат билан тенглаштирилди. Президентнинг кўзига ёмон кўринишни истамаган (халқнинг шунча йиллик дод-войларига тупуриб қўйган ҳаммаси) ҳокимлар энди ўқитувчи-ю шифокорларга тегинмаса керак.

Қандай яхши, энди ўқитувчилар ва шифокорлар кўча тозалаш, пахта териш, том оқлаш, дарахт экишга чиқарилмайди! Улар энди ўз вазифаси – ўқитиш, даволаш билан шуғулланади. Ҳадемай уларнинг ойликлари оширилади ва уларга аввалгидек ачиниш эмас, балки ҳавас билан қараш бошланади. Аммо, лекин, бироқ, бу гаплар ўқитувчи ва шифокорларни дахлсиз, танқид қилинмайдиган, арзанда ва эркатой одамларга айлантириб қўймайди.

Томошанинг каттаси энди бошланади, азиз устозлар, муҳтарам шифокорлар!

Сизларга шунча эътибор ва шароит яратилганидан кейин оддий халқдан тортиб президентгача, айниқса журналистлару бугун катта кучга айланиб бораётган ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари яхши ишлашни, натижа кўрсатишни талаб қилишни бошлайди. Шунча шароит, имконият яратилди, ортиқча ишлардан озод қилиндингиз, энди нега яхши ишламаяпсиз, қайси юз билан пора олдингиз, қайси виждон билан яхши дарс ўтмасдан, болаларнинг ҳақига хиёнат қилаяпсиз ёки беморларни кўнгилдагидек даволамаяпсиз деган саволу таъна-дашномлар остида қолиб кетишингиз мумкин.

Тан олиш керак, ижтимоий соҳа ходимлари орасида ўз вазифасини виждонан бажармайдиган, иш жойида ва иш вақтида фисқу-фасод тарқатиб, жамоадаги муҳитни бузадиган, ғийбат, адоват, кўролмаслик, чақимчилик, «ёз-ёз»га берилган тоифалар ҳам бор. Айниқса тамагирлик, порахўрлик ўқитувчи ва шифокорлар орасида ҳам кенг тарқалган. Халқ таълими тизимида ўтказилаётган танловлардаги нохолисликлар, порахўрлик натижасида қанчадан-қанча болаларнинг иштиёқи сўндирилгани, ҳафсаласи пир бўлганини ҳали унутганимиз йўқ.

Шу билан бирга, маънавияти паст, жоҳил ўқитувчилар ҳам борки, уларнинг хатти-ҳаракатларидан бегуноҳ болалар кўпроқ азият чекади. Ўқувчиларнинг бирини бошқасидан устун кўриш (айниқса бойларнинг болаларига «пахта қўйиш»), улардаги табиий нуқсонлар устидан кулиш, яхши ўқимагани учун камситиш, ҳақорат қилиш, болалар боғчаларида болаларни уриш ва калтаклаш (шу пайтгача бир қанча видеолар тарқаб кетди) каби ҳолатлар таълим мутасаддилари ҳали кўп иш қилишлари кераклигини англатади.

Бир сўз билан айтганда, таълим ҳали ислоҳотга муҳтож. Ўқитувчиларни мажбурий ишлардан озод қилиш билан соҳада йиғилган тизимли муаммолар йўқ бўлиб қолмайди. Ана шу ислоҳотлар қаторида ўқитувчиларнинг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини ошириш, таълим муассаларида педагогик ва жамоавий муҳитни яхшилаш, зиммасига юклатилган вазифаларни белгиланган тартиб ва қоидалар бўйича адо этишларини таъминлаш шарт ва зарур.

Чунки бугун Ўзбекистон дунёга юз тутмоқда, иқтисодий ривожланиш сари дадил қадам ташлаётган мамлакат барча учун эшикларини очади ...ва ҳадемай чет эллардан билимли, малакали, тажрибали мутахассислар оқиб келишни бошлайди. Яъни бугунги ёш авлодни глобал кадрлар билан рақобатга киришиб, уларга ўз иш ўринларини бериб қўймайдиган мутахассислар қилиб тарбиялаш замон талаби даражасига кўтарилади.

Шу боис ўқитувчиларга нисбатан ижодий ва илмий талабни кучайтиравериш керак. Бу уларни қийнаш эмас, балки болаларга замонавий билим ва малакаларни бериш учун тинимсиз изланиши, ўз устида ишлаши, янги услуб ва воситалардан фойдаланиши лозимлигини англатади. Дарвоқе, юқорида айтганим глобал мутахассислар ҳадемай уларнинг ҳам ўрнини эгаллашни бошлайди. Мактаб ва университетларда муайян фанлар инглиз тилида берилсин деган талаб юзага чиқса, чет эллардан ўқитувчи ёллаш ҳолатлари кучайса не ажаб ва бу докторларга ҳам тегишли.

Хуллас, шунақа гаплар, мажбурий меҳнат йўқ бўлди, энди «тирноқ остидан кир қидирадиган бир тўда журналисту блогерлардан қутуламиз» деяётган бўлсангиз, чучварани хом санабсиз, икки кўзимиз ва икки қулоғимиз сиз томонда, ҳурматли таълим мутасаддилари!

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг