Мактаб битирувчиси аттестат олиши учун камида битта касб ёки ҳунар эгаси бўлиши талаб этилади
Мактабларнинг 10-11-синф ўқувчиларини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб ва ҳунарларга ўқитиш тизими йўлга қўйилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев ёшлар ва талабалар форумида таъкидлаб ўтди.
– Андижон вилоятида жами 41 минг мактаб битирувчиларининг 25 минг нафарини касб-ҳунарга ўргатиш орқали, бандлигини таъминлаш бўйича тажриба, барча ҳудудларда кенг қўлланилиши керак.
Бундан буён, мактаб битирувчисига аттестат беришда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган камида битта касб ёки ҳунарни эгаллаш мажбурий қоида бўлади, – деди Президент.
Давлат раҳбари томонидан айтилишича, тизим давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат таълим ташкилотлари билан бирга йўлга қўйилади. Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳар йили 1 сентябрга қадар мактаблар кесимида 10-11-синф ўқувчиларини меҳнат бозорида эҳтиёж юқори бўлган касб-ҳунарларга ўқитиш рўйхати ва дастурини маҳаллий кенгашларда муҳокама қилиб, тасдиқлайди.
– Парламентимиз палаталари ушбу талабни қонун даражасида мустаҳкамлаши мақсадга мувофиқ бўлур эди.
Ўйлайманки, ушбу ташаббусни барча ота-оналар қўллаб-қувватлайди. Чунки, касб-ҳунар эгаллаган инсон бировга муҳтож бўлмайди, бузғунчи ғояларга берилмайди, ҳаётда албатта ўз йўлини топади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter