Наманганда сунъий интеллект лойиҳалари Президентга тақдим этилди
Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи доирасида Наманган давлат техника университетида ташкил этилган сунъий интеллект лабораторияси фаолияти билан танишди. Лаборатория талабаларнинг амалий кўникмаларини ривожлантириш, илмий тадқиқотларни кучайтириш ва замонавий технологияларни таълим жараёнига жорий этиш мақсадида ташкил этилган.
Мажмуада талабалар ва ёш тадқиқотчилар учун зарур инфратузилма яратилган. Унинг таркибида таҳлил маркази, робототехника ва бионика лабораториялари, стартап-акселератор, тўққизта «ақлли» хона ҳамда сунъий интеллект бўйича икки махсус тайёргарлик хонаси фаолият юритмоқда.
Бу ерда сунъий интеллект, робототехника, «ақлли» транспорт тизимлари, экология ва агротехнологиялар йўналишларида инновацион лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Лойиҳаларнинг бир қисми амалиётга жорий этиш босқичига ҳам ўтган.
Тақдимот давомида давлат раҳбари лаборатория фаолияти ёшларни замонавий билимлар билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Шунингдек, бундай тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.
Президент илмий ишланмаларни иқтисодиётнинг турли тармоқларига татбиқ этиш, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва уларни инновацион фаолиятга кенг жалб қилиш бўйича тавсиялар берди.
Учрашув доирасида профессор-ўқитувчилар ва мутахассислар томонидан амалга оширилаётган ишлар, илмий тадқиқотлар ҳамда истиқболли технологиялар ҳақида маълумот берилди.
Президентга вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларида фаолият юритаётган сунъий интеллект бўйича маслаҳатчилар иштирокида ишлаб чиқилган стартап лойиҳалар ҳам тақдим этилди. Уларда рақамли бошқарув, хизматлар кўрсатиш ва иқтисодиёт тармоқларида самарадорликни оширишга қаратилган ечимлар акс этган.
Давлат раҳбари ёшлар билан мулоқот қилди, уларнинг таклиф ва ташаббусларини тинглади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter