Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Омонулла Мадаев: «Ректорларнинг тепасида хўжайинлари бор. Улар ҳам «бункер» қилишга мажбур» (видео)

Омонулла Мадаев: «Ректорларнинг тепасида хўжайинлари бор. Улар ҳам «бункер» қилишга мажбур» (видео)

Кадр: «Ўзбекистон» телеканали

Кеча «Ўзбекистон» телеканалининг «Муносабат» кўрсатувининг навбатдаги сони олий таълим муассасаларига бўладиган тест синовларининг шаффоф ва адолатли ўтишига бағишланди.

Жумладан, кўрсатувда иштирок этган адабиётшунос Омонулла Мадаев тест синовларидаги «бункерлар» масаласига алоҳида тўхталди.

«Бу ерда кўп мунозаралар бўлаяпти Лекин кимдир айтди: аудиторияларда телефонларни назорат қилдим деди.

Ўқитувчи 10 доллардан пул йиғиб олибди. Ҳамма болалар йиғиб беришган, кейин телефондан бемалол фойдаланишган. Бу гадойчилик эмасми? Бу ўқитувчилик шаънига иснод, даҳшатли фожеа эмасми?

Ҳозир гапираверасизлар. Лекин энг олий даражадаги абитуриент ўзининг олий даражадаги ишини қилаверади. Лекин мен 1966 йилдан бери қабулда ишлаганман. 1990 йилдан кейин репетиторлик билан шуғулландим. Пухта тайёрланган ўқувчи албатта ўқишга киради.

Аммо исталган жойда ўз манфаатини кўзлайдиган одамлар бор. «Бункер» деяпсизлар. «Бункер» — катта хўжалик у. «Бункер»да бир кун ишлаган битта ўқитувчи 500дан 1000 долларгача пул ишлайди. «Бункер»да ётадиган жойи бўлади, овқатланадиган жойи бўлади. Буни ректорат билмаса ким қилади бу нарсани?

Сиз тасаввур қилинг: бугунги кунда контракт билан ўқиганлар ректор бўлгани йўқ. Ҳаммаси давлат ҳисобига ўқиган одамлар. Лекин шу одамларнинг ҳам тепасида хўжайинлари бор. Мен сени ректор қилиб қўйсам, битта боламни ўқишга кирита олмасанг нима қилиб юрибсан дейди. Натижада улар ҳам «бункер» қилишга мажбур бўлади», — деди Мадаев.

Кўрсатув бошловчисининг «Унда миллатнинг келажаги нима бўлади?» дея ташлаган луқмасига жавобан Мадаев шундай жавоб қайтарди: «Миллатнинг келажагини ўйлайдиган одам йўқ ҳозир. Фақатгина Президентимизнинг қарори мустаҳкам ишламаса, ҳеч нарсанинг фойдаси йўқ.

Қарорнинг амалга ошиши учун асосий ижрочи — қабул имтиҳонида ишлайдиган масъул одамлар. Қабул комиссияси раислари, ўринбосарлари, ректорлар, проректорлар. Лекин битта нарсани унутманг: уларнинг ҳар бирида ўқишга кирадиган битта одам бор. Ҳамиша».

Кўрсатув давомида Мадаевнинг сўзларига «Адолат» газетаси бош муҳаррири Ислом Ҳамроев: «Ўртоқлар, бир қораласак, ҳаммани бирдан қоралаб ташламайлик. Тўғри, тестга қаршиман, лекин ҳамма ректор муттаҳам, ҳамма ўқитувчи порахўр дея баҳо қўйишга ҳаққимиз йўқ», — дея эътироз билдирди.

«Исломжон, «бункер» йўқ институтни биласизми? Айтинг бирортасини? Мен ишлаганман қабулда. Ишламаган бўлсангиз гапиришга умуман ҳаққингиз йўқ. «Бункер»сиз институт йўқ эди. Агар «бункер» йўқ бўлса шунинг ўзида 70-80 фоиз шаффофлик таъминланади», — деди Мадаев унга жавобан.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг