Ўзбекистон–Германия: яшил иқтисодиётга доир ҳужжат имзоланди
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ўртасида “Марказий Осиёда яшил иқтисодиёт учун яшил кўникмалар” янги минтақавий лойиҳасини амалга ошириш бўйича шартнома имзоланди.
Мазкур ҳужжат 2025–2028-йиллар давомида касбий таълим тизимини ривожлантириш, дуал таълимни кенгайтириш ҳамда “яшил иқтисодиёт” соҳалари учун замонавий кўникмаларга эга мутахассислар тайёрлашга қаратилган.
Янги лойиҳа Германия федерал ҳукумати топшириғига биноан GIZ томонидан Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда амалга оширилади.
Шартномани имзолаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Ўзбекистон Республикаси Касбий таълим агентлиги директори Азимжон Ҳусанов, Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг Ўзбекистондаги директори Йоахим Фритц ҳамда “Марказий Осиёда яшил иқтисодиёт учун яшил кўникмалар” лойиҳаси маслаҳатчиси Жаҳонгир Жўраев иштирок этди.
Учрашувда лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар, унинг устувор йўналишлари ва келгусидаги амалий қадамлар муҳокама қилинди. Томонлар GIZ’нинг Ўзбекистонда институционал ислоҳотларни қўллаб-қувватлашдаги муҳим ролини таъкидлаб, касбий таълим тизимини модернизация қилиш, дуал таълимни ривожлантириш ҳамда “яшил кўникмалар”ни шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Лойиҳа доирасида меҳнат бозори ҳақиқий эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда таълим дастурлари ва курсларга “яшил” кўникмаларни интеграция қилишга, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида минтақавий тажриба алмашувини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Германия “яшил” саноат, экология, иқлим ўзгариши оқибатларини бартараф этиш каби йўналишларда Ўзбекистон билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, 2023 йил декабрь ойида Дубай шаҳрида, БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференцияси доирасида Ўзбекистон ва Германия ўртасида 9 миллион евролик битим имзоланганди.
2024 йилда имзоланган ҳужжатга биноан, Германия “яшил” саноатлаштиришда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси доирасида Ўзбекистонга қўшимча 3 млн евро миқдорида грант ажратади.
Икки давлат турли соҳалар қатори таълим бўйича ҳам ҳамкорликни кучайтирмоқда.
Ўтган йили Тошкент шаҳридаги 1-сонли Абу Али ибн Сино номидаги Республика Жамоат саломатлиги техникуми базасида Германия тиббиёт академияси ташкил этилди.
2024 йилда эса Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида Ўзбек–немис факультети очилди.
Ўзбекистонда Германия университетини ташкил этилиш бўйича музокаралар ҳам давом этмоқда. Бу ташаббус Ўзбекистонда рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, Европа стандартлари асосида билим бериш ва Германиянинг илғор академик анъаналарини жорий этиш борасида муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter