Ўзбекистонлик бир гуруҳ олимлар АҚШ университетларида бўлишди
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти олимлари томонидан жорий йилда Жаҳон банкининг 2 йилга мўлжалланган «Хорижий университетлардаги инновацион ечимларни жорий этиш орқали қишлоқ хўжалигида муҳандис кадрларни тайёрлаш дастурларини такомиллаштириш» мавзусида гранти қўлга киритилган эди.
Мазкур грант доирасида АҚШ университетлари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш ва қўшма дастурлар асосида кадрлар тайёрлаш ва илмий тадқиқот ишларини олиб бориш мақсадида, институтнинг бир гуруҳ олимлари АҚШнинг Миссисипи штати университети, Оклахома штати университети, Калифорния штатидаги Девис университети, Мичиган штати университети, Жоржия технологиялар университетларига ташриф буюрди.
Ташриф давомида 2019-2020 ўқув йилида қўшма штатларнинг бир нечта университетлари билан икки томонлама диплом бериш магистратура мутахассисликлари, илмий тадқиқот ва тажриба-синов ишларини олиб бориш ҳамда талабалар алмашинуви бўйича келишув битимлари имзоланди.
Жумладан, Миссисипи штати университети билан Аниқ координатали қишлоқ хўжалиги (PrecisionAgriculturе) ва Қишлоқ хўжалиги бизнеси (Agricultural Business) қўшма магистратура бўйича ҳамкорликда ўқув меъёрий ҳужжатлари ҳамкорликда тайёрланди ва факультет кенгаши томонидан маъқулланди.
Қишлоқ хўжалиги ва биологик инженерлар факультети декани Жорж Ҳоппер (Dr. George Hopper) ва факультет кенгаши аъзолари билан Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ва Миссисипи штати университети ҳамкорлигининг истиқболли йўналишлари белгилаб олинди.
Миссисипи штати университетининг илмий тадқиқотлар бўйича проректори Рубен Мур (Dr. Reuben Moore) билан бўлиб ўтган учрашувда олимларнинг илмий тадқиқот ва тажриба-синов ишларини ҳамкорликда олиб бориш бўйича муҳокама қилинди.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг ўқув ишлари проректори Баҳодир Мирзаев ва Миссисипи штати университети президенти Жуди Боннер (Judy Bonner) ўртасида томонларнинг узоқ йилларга мўлжалланган кенг қамровли истиқболли ҳамкорлик ишлари бўйича келишув битимини имзоланди.
Келишув битими қўшма дастур асосида тайёрланадиган Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти магистрантлари Миссисипи штати университетининг барча имтиёзларидан тўлиқ фойдаланиш имкониятига эга бўлдилар.
Оклахома штати университети билан Халқаро қишлоқ хўжалиги (International Agriculture), Ақлли қишлоқ хўжалиги (Smart Agriculture) қўшма магистратура бўйича ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш ҳамда Оклахома штати университети талабалари Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти базасида амалиётини ўтказишга келишилди.
Калифорния штати Девис университети билан ҳамкорликда Сув ресурсларини бошқариш (Water Resource Management) қўшма магистратура ва PhD докторантура бўйича илмий педагог кадрларни тайёрлаш келишувига эришилди.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб АҚШнинг Мичиган штати Университети билан «Сув сифатини бошқариш» ҳамда «Smart датчиклар ва технологиялар» икки томонланма диплом бериш магистратура мутахассислиги таълим қўшма дастури буйича ҳамкорликда кадрларни тайёрлаш йўлга қуйилган эди.
Раҳимбой Жуманиёзов,
институт матбуот котиби
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter