Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент ўқитувчилар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимояловчи махсус хизмат ташкил этиш вазифасини қўйди

Президент ўқитувчилар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимояловчи махсус хизмат ташкил этиш вазифасини қўйди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 июль куни умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Кейинги йилларда таълим соҳасининг барча босқичларини замонавий талаблар асосида ташкил этиш бўйича фармон ва қарорлар қабул қилинди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 30 сентябрдаги қарорига мувофиқ Халқ таълими вазирлигининг бошқарув тизими такомиллаштирилди, асосий вазифа ва фаолият йўналишлари белгилаб берилди. Яқинда вазирлик раҳбариятида ўзгаришлар амалга оширилиб, ўқув-тарбия жараёнига илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқеини юксалтириш орқали таълим сифатини ошириш бўйича кўплаб вазифалар қўйилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда ушбу кўрсатмалар асосида ишлаб чиқилган халқ таълими тизимини ислоҳ қилишга қаратилган чора-тадбирлар тақдимоти ўтказилди.

Президент педагогларнинг ойлик маошини, жамиятдаги мавқеини ошириш, уларни ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича топшириқлар берди.

Турли назорат органлари томонидан ўқитувчилар фаолиятини текширишларни чеклаш, педагогларни ободонлаштириш, мажлисларда қатнашиш, обуна ва шу каби касб фаолиятига тегишли бўлмаган ишларга жалб қилмаслик кераклиги таъкидланди. Ўқитувчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш учун махсус ҳуқуқий хизмат ташкил этиш вазифаси қўйилди.

«Умумий ўрта таълим сифатини янги босқичга кўтариш керак. Ҳар бир синфда болаларнинг нималарни билиши зарурлигидан келиб чиқиб, давлат таълим стандартлари ва ўқув режаларини қайта кўриб чиқиш лозим. Дарсликларни энг замонавий методикалар асосида яратиш ва чоп этиш, мактабларда технология, муҳандислик фанлари, математика, санъат, чет тиллари йўналишларини кучайтириш, бу борадаги лабораторияларни қайта жиҳозлаш талаб этилади. Мактабгача таълим ва олий таълим тизимлари билан узвийликни таъминлашга ҳам эътибор бериш керак», деди Шавкат Мирзиёев.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг