Қабул комиссияси ишидан ректорнинг кўнгли тўлмади
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида олий таълим тизимида ҳануз учраётган иллат бўлмиш коррупция ва унинг олдини олиш масаласида онлайн мулоқот ўтказилди. Бу ҳақда институт матбуот хизмати хабар берди.
Унда институт ректори, профессор Ўктам Умурзоқов сўз олиб, ТИҚХММИда бу иллатга қарши олиб борилаётган чоралар, пандемия шароитида масофавий таълимнинг йўлга қуйилгани ва бошқалар ҳақида гапирди.
Қайд этилдики, яқинда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов раҳбарлигида ОТМларда қабул жараёнларининг бориши масалаларига бағишлаб видеоконференция тарзида ўтказилган йиғилишда ҳам охирги пайтларда ОАВ, ижтимоий тармоқлар орқали жамоатчилик эътиборига етказилган олий таълим муассасалари (НамДУ, СамДАҚИ, БухМТИ, Нукус ДПИ, СамДУ, ТДЎТАУ, ЎзДЖТСУ) ходимлари томонидан содир этилган коррупциявий ҳолатлар танқидий муҳокама қилинган. Бу масалада ректорлар, таълим муассасасидаги маънавий-ахлоқий муҳит учун масъул бўлган проректорлар фаолиятига салбий баҳо берилган.
Институт ректори, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирлари охирги уч йилдан буён кенг қамровда амалга оширилаётган бўлса ҳам «огоҳлик — давр талаби» эканини айтиб, барчани қатъий огоҳлантирди.
Сўнгра 2020-2021 ўқув йилида абитурентларни қабул қилиш бўйича қабул комиссияси ишига тўхталиб, қилинаётган ишлар кўнгилдагидек эмаслигини таъкидлади.
Мавзу юзасидан ўз мулоҳазаларини билдирган профессор Алтиев Абдурашид коррупция ҳар қандай соҳага путур етказиши мумкинлигини айтиб, ҳатто бу масалаларни ҳокимлик тизимига, айрим давлат органларига бориб боғланаётгани ҳақида гапирди. Коррупцияга қарши агентлик ташкил қилингани ўринли бўлгани, эндиликда бундай хатти-ҳаракатларнинг илдизига болта урилиши ҳақида тўхталди.
Онлайн мулоқотда академик Мирзиёд Мирсаидов куни кеча телевизор орқали намойиш этилган Самарқандда диплом сотиш билан шуғулланиб жамоаси олдида мулзам бўлганларнинг фожиасидан сабоқ олиш, тўғри хулоса чиқазиш кераклигини қайд этди. Институтнинг мавқеи кундан кунга ошиб, жаҳонга юз тутиб бораётган бир пайтдаги номаъқул ҳаракат ҳамманинг юзига доғ тушириши мумкинлигини гапирди.
Мулоқот давомида қабул комиссиясининг масъул котиби Алишер Фатҳуллаев қабул жараёнида олиб борилаётган фаолиятга изоҳ бериб ўтди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter