Таълим тизимини ислоҳ қилишни нимадан бошлаш керак?
Кўпчилик одамлар таълим тизимини таҳлил қилар экан, энг аввало мактаблардаги порахўрлик, мажбурий меҳнат, мажбурий обуна, ўқитувчиларнинг ўқувчилардан пул йиғиши, дарсларга беэътиборлик каби камчиликларни кўрсатишади. Аммо, мана неча йилдирки, муаммоларни қанча гапирмайлик, курашмайлик, улар бартараф этилаётгани йўқ.
Нега?..
Чунки биз муаммоларни келтириб чиқараётган асосий сабабларни ўрганаётганимиз йўқ. Балки оқибатларни таҳлил қилишга берилиб кетганмиз. Баъзан эса муаммонинг тагига етиш учун чекка бир қишлоқ мактабининг раҳбари ёки ўқитувчисини топиб олиб, уни ёмонлашга тушамиз. Гўёки бу муаммо бошқа жойда йўғу, шу мактабдагина пайдо бўлгандай. Агар бирор жамоада бирон иллат пайдо бўлса-ю, бошқа жойларда учрамаса, унинг сабаби шу жойдан ахтарилади. Аммо шундай иллатлар бир нечта шундай жамоада, бошқа ҳудудлардаги ўхшаш социал гуруҳларда ҳам кузатилса, демак унинг сабаблари тизимнинг бошқаруви ва ташкил этилиши билан боғлиқ бўлади.
Шундай экан, бу муаммоларни келтириб чиқараётган сабабларни комплекс тарзда илмий ўрганиш, таҳлил қилиш, хулосалаш ва бартараф этиш учун чоралар ишлаб чиқиш керак бўлади.
Хўш, тизимдаги муаммоларнинг келиб чиқишида энг асосий сабаб бўлаётган муаммолар нимадан иборат?
Кадрлар муаммоси
Тизимдаги кадрлар салоҳиятини яхшилаш энг долзарб вазифадир. Зеро, ҳар қандай ижтимоий фаолият равнақи ёки таназзули кадрларнинг салоҳияти билан боғлиқдир.
Шу пайтгача халқ таълими тизимида барча муаммоларни келтириб чиқараётган кадрлар масаласи том маънода ислоҳ қилингани йўқ. Аслида барча соҳалардаги энг асосий муаммоларни уқувсиз ва билимсиз кадрлар келтириб чиқараяпти. Кадрларни эса «мансабсотар» кадрлар бўлимлари бошлиқлари ва уларнинг гумаштаси бўлган ҳаромхўр раҳбарлари танлайди. Бугун бу тизим шунчалар махфийлашиб кетганки, деярли ҳамма бўғинларнинг кадрлар бўлимларини писмиқ, сир бой бермайдиган, олса ҳам олмагандай тураверадиган без мутахассислар эгаллаган. Таъкидлаш керак, бу каби ходимлар порахўр раҳбарлар учун айни муддаодир.
Шу ўринда тизимнинг энг яқин тарихига назар солсак. 1991 йилга қадар халқ таълими тизимида лавозимлар учун пора бериш жуда паст даражада бўлган. Аксинча, кадрларни газеталарда махсус эълонлар бериб, турли имтиёзлар ваъда қилиб ишга таклиф этиш тизими мавжуд бўлган.
Аммо мустақиллик йилларида тизимнинг ўзгариши ва рўй берган ижтимоий-иқтисодий инқироз туфайли яхши кадрлар таълим тизимини ташлаб кета бошлади (бу ҳолат фақат таълим тизимида эмас, барча соҳаларда кузатилди). Ходимларга ойлик маошларининг кечиктирилиши, инфляциянинг кескин ўсиши ўқитувчиларнинг ижтимоий аҳволини бутунлай ёмон аҳволга солиб қўйди (шу даврларни бир эсга олсак: Тошкент шаҳрида мактаб директорлари ўқитувчиларни ишда сақлаб қола олмагани учун педагогика соҳасида ўқиётган талабаларни ишга таклиф қилишар, уларга бепул ойлик чипталар ваъда қилишарди. Талабалар эса ўша даврда «Вузгородок воқеаси» сабаб стипендияларини ўз вақтида оладиган, бепул тушлик билан таъминланган, ягона социал гуруҳга айланган, қолаверса, қўшимча иш ва тажриба орттириш ҳам улар учун фойдадан холи эмасди).
Орадан йиллар ўтиб бюджет соҳасида ишлаётган ходимлар иш ҳақларининг оширилиши, таълим тизимида олиб борилган ислоҳотлар сабабли ўқитувчиларга мунтазам ойлик тўлаш йўлга қўйилди. Иш ҳақи миқдори жуда кам бўлса-да, бюджет тизимидан бошқа соҳаларда мунтазам иш ҳақи тўланмаслиги туфайли кўпроқ иш ўрнига эга бўлган таълим тизимининг нуфузи анча ошди. Айрим ўқитувчилар яна мактабга қайта бошлади. Шу давр ўқитувчиларни ишга олиш учун пора олишнинг энг кучайган даври бўлди. Бунда энг асосий омиллардан бири тадбиркорлик соҳасига кетиб, анча-мунча олди-берди муомаласига ўрганиб қайтганларнинг таъсири бўлди десак адашмаймиз. Чунки ўша даврда «қассоб-ўқитувчи», «фермер-ўқитувчи», «дўкондор-ўқитувчи», «даллол-ўқитувчи», «табиб-ўқитувчи», ҳаттоки «фолбин-ўқитувчи»лар кўпайган эди. Айнан шулар таълим тизимининг бузилиши ва коррупциялашувига катта таъсир кўрсатди. Уларнинг кўпчилиги икки ишни мувофиқлаштириш учун уринар, иш вақтида ишни ташлаб кетар ёки дарсларни маълум кунларга қўйиб беришни сўрашар, баъзилари эса ойликни директорга бериб «менга стаж бўлса бўлди, пул керакмас» дейишар эди.
Юқоридаги омиллар сабаб кейинги босқичда мактаб раҳбарларининг ҳам нуфузи ошиб борди. Энди мактаб директорлигини эгаллаш учун пора бериш бошланди. Табиийки, яна ўша тоифа, яъни олди-бердини эплайдиганлар директорлик курсисига ўтира бошлади. Илмли, ахлоқни устун қўядиган виждонли раҳбарлар эса бошқа соҳага кетди ёки оддий ўқитувчиликка қайта бошлади. Айримлар эса замонга мослашиб олишди. Бунда бош-қош бўлган кадрлар бўлимлари каламушлари вакант ўринларга раҳбар тайинлашда «хуфия» ҳужжат тайёрлашга ўтиб олишди. Яъни бўш ўринлар тўғрисида оммавий ахборот воситаларида ёки идорадаги махсус афишаларда эълон бериш бутунлай тўхтаб қолди.
Халқ таълими тизимида раҳбар кадрлар инқирози бошланди. Маълумки, 2005 йилга келиб Вазирлар Маҳкамасининг «Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида»ги 275-қарори қабул қилинди. Кўпчилик қарор мазмуни билан танишиб чиққач, энди меҳнатга ҳақ тўлаш тизими яхшиланади деб ўйлаган эди. Чунки қарорга тегишли «Умумтаълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармаси тўғрисидаги низом»да маълум бир демократик тамойиллар олға сурилган эди. Аммо бундай бўлмади. Жамғарманинг «директор жамғармаси» деб аталиши яна директорларнинг нуфузини оширди холос. Виждонини уйғотмади. Директор фондидан устамалар низомда кўрсатилганидек демократик ва холислик тамойиллари асосида эмас (виждонан ишлайдиган, олимпиада ва билимлар беллашувларида ютуқларга эга бўлган ўқитувчилар бундан мустасно), директор билан устамани «арра» қилишга рози бўлганларга берила бошлади.
Савол туғилади: наҳотки натижа кўрсатмаган ўқитувчига устама тайинлаш мумкин бўлса? Албатта, директор ҳеч бир асоссиз нобоп ўқитувчига устама белгилай олмайди. Аммо ўша натижани қалбакилаштириш мумкин. Туман халқ таълими бўлими томонидан сохта фахрий ёрлиқлар, ДТС бўлимларидан сохта натижалар пулга сотиб олиниб «аррачи»ларга устама белгилана бошланди.
Кейинги йилларда ўқитувчилар орасида бу борада эътирозлар кўпайиб кетди. «Нега у устама олади, мен олмайман?» деган ҳақли саволлар берилди. Аммо ислоҳотлар шундай кечса, натижалар сотилса, нима қилиш мумкин? Қолаверса, примитив бошқарувга асосланган ва уқувсиз кадрлар билан тўлган тизимда адолат ўрнатиш мумкинми?
Нима қилмоқ керак?
Тизимни янгилаш учун энг аввало чуқур ўйланган ва илмий асосланган концепция ишлаб чиқиш зарур. Агар мендан таклиф сўрашса, ҳеч иккиланмай ишни кадрларни алмаштиришдан бошлашни ва Таълимни илмлиларга олиб бериш концепциясини таклиф қилган бўлар эдим.
Ҳеч кўрганмисиз яхши агрономларсиз қишлоқ хўжалиги, яхши инженерларсиз саноат ривожланганини? Худди шундай таълим ҳам олимлар, билимли ўқитувчиларсиз ривожланмайди.
Бугун ўқитувчилар орасида саводхонликни муҳокама қилиш ноёб ҳодисага айланган. Ўқитувчилардан диктант олинганда натижалар шуни кўрсатдики, айрим фан ўқитувчилари умуман саводхонликка эга эмас. Оддий имло қоидаларини билмайди. Тасаввур қилинг,ҳатто она тили ва адабиёт ўқитувчилари ҳам диктант ёза олмаяпти.
Мактаблардаги ўқув-тарбия жараёнлари учун масъул ўринбосарларнинг аксарияти мактаб таълимини ташкил этиш меъёрлари ҳақида тушунчага эга эмас. Ўқитувчилар билан ишлаш, уларнинг педагогик фаолиятини бошқариш лаёқати йўқ. Чунки тизимда янги раҳбарларга кўмак бериш учун холис менежментлик ёрдами шакллантирилмаган. Кўпчилик ўринбосарлар директор билан тил топиша олгани ёки дарси камлиги учун шу лавозимни эгаллаган.
Шундай бўлса-да, ҳамон мактабларда билимли, жонкуяр ўқитувчилар бор. Мактабни, университетни аъло баҳолар билан битирган, ахлоқан барқарор, болаликдан ўқитувчилик касбини севиб, шу соҳани онгли равишда танлаган ўқитувчилар ҳам жуда кўп. Республикамизнинг ҳамма мактабларида ўнлаб топилади. Аммо улар раҳбарликни хоҳламайдилар. Балки хоҳлар, аммо раҳбарлари ботиб турган коррупция ботқоғига киргиси келмайди. Билимли ўқитувчиларнинг кўпчилиги ўқувчи билан ишлаб натижа кўрсатишга, ҳаракат қилиб устама олишга интилишади. Айримлари эса мактаблардан номига стаж учун дарс олиб, репетиторлик билан шуғулланади.
Уларни раҳбарликка қўйиш керак. Агар тизимдаги ислоҳотлар ўша билимли ўқитувчиларни раҳбарликка тайинлаш билан бошланса, тизим ўзгаради. Бугунги кунда уларни раҳбарликка олиб келиш осонлашди. Чунки улар ёқтирмайдиган мажбурий меҳнат, турли ноқонуний йиғимларга чек қўйилди. Ўқитувчидан фақат сифатли таълим сўралса, улар раҳбарликка рози бўлишади.
Бунинг учун аниқ, пухта ўйланган, тизимли ва давомли концепция ишлаб чиқиш ва амалга ошириш зарур бўлади.
Ўқитувчиларнинг касбий фаолиятини яхшилаш муаммоси
Таълим тизимини ислоҳ қилишнинг яна бир долзарб вазифаси ўқитувчиларнинг касбий фаолиятини яхшилаш билан боғлиқдир. Касбий фаолиятни яхшилаш учун эса уларнинг малакасини ошириш зурур. Аммо малака қандай оширилади?
Шу пайтгача кузатганимиз малака ошириш институтлари фаолияти амалда талабга жавоб бермади. Шу сабабли малака ошириш тизими олий таълим муассасалари таркибига ўтказилди. Хўш, нима ўзгарди?.. Деярли ҳеч нарса! Ўша малака ошириш институтларидаги педагогик жамоа яна ўз ўрнида қолди. Яна ўша эски таниш қиёфалар дарров тил топиб олишди. «Мен малака оширишга келмайман, эвазига сени сийлайман, сен эса қарашиб юборасан» деб номланган эски сценарийга ўзгаришлар киритилмади. Аксинча, ўқитувчи фаолиятини баҳолайдиган қандайдир тест-cўров тизими жорий этилиб, ўқитувчилар малака ошириш ўрнига халқ таълими бўлимларидан мақтов ёрлиқлари ва натижаларни сотиб олиши кўпайди.
Нима қилмоқ керак?
Бу борада ҳам аниқ ислоҳотлар ўтказилиши зурур. Чунки сифатли дарс бера олмаётган ўқитувчи, мактабнинг ўқув жараёнини тушунмайдиган директор, таълим тизимининг илмий соҳа эканлигини ҳис қила олмайдиган туман, вилоят халқ таълими мутасаддилари, вазирлик идоралари раҳбарлари учун малака ошириш жуда ҳам керак.
Бунинг учун энг аввало ўқитувчиларнинг АКТ билан ишлаш кўникмасини ривожлантириш зарур. Афсуски, бу борада шу пайтгача деярли ҳеч бир иш қилинмади. Мутахассислар собиқ совет давридаги ёппасига саводхонликни тугатиш тамойилини қўллашди шекилли, АКТ саводхонлиги бўйича ўқишлар фақат ҳисоботларда яхши бўлди. Ёлғон маълумотларга таяниб хулосалар қилинди. Аммо АКТ билан ишлаш, интернетдан фойдаланиш лаёқати ҳар бир шахснинг индивидуал қизиқишлари доирасида шаклланишига эътибор қаратилмади.
Эндиликда асосий таянч компетенцияларининг иккитаси: ахборотлар билан ишлаш ва ўзини ўзи ривожлантириш компетенцияларини шакллантиришга эътибор бериш керак бўлади.
Унда: медиаманбалардан зарур маълумотларни излаб топа олиш, саралаш, қайта ишлаш, сақлаш, улардан самарали фойдалана олиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, медиамаданиятга эга бўлиш лаёқатини шакллантириш, ўқитувчининг маънавий, руҳий, интеллектуал ва креатив ривожланиши, камолотга интилиши, ҳаёт давомида мустақил ўқиб-ўрганиши, когнитивлик кўникмаларини ва ҳаётий тажрибани мустақил равишда мунтазам ошириб бориши, ўз хатти-ҳаракатини муқобил баҳолаши ва мустақил қарор қабул қила олиш кўникмаларини эгаллаши назарда тутилади.
Энг асосийси эса ўқитувчилар малакасини оширишда эскича услублардан воз кечиш, замонавий ўқитувчи қиёфасини шакллантириш зарур.
Таълим тизимида раҳбарлар ва ўқитувчилар фаолиятини очиқлаш
Агар шу пайтгача тизимдаги муаммоларни ёритмоқчи бўлсангиз Халқ таълими вазирлигининг ўзи қарши чиқар, раҳбарларда ҳар қандай танқидий мақолага қарши реакция мавжуд эди. Ижтимоий сайтларда эълон қилинган ҳар қандай танқидий мақолага вазирликнинг хуружлари бошланар эди. Ўтган йили дарс ишланмалари танловидаги кўчирмакашликлар ҳақидаги мақоланинг оммавий сайтлардан йўқолиб қолиши, шахсан мен ёзган «Фан олимпиадаларидаги ноҳақликлар»номли мақоламни «Ufq.uz», «Xabar.uz» сайтларидан олиб ташлаш учун қилинган ҳаракатлар бунга мисол бўлади.
Балки бу борада фақат халқ таълими тизимини айблаш керак эмасдир, чунки йигирма беш йил давомида муаммоларни ошкор қилмаслик ва ёпиқ ҳал қилиш амалиёти ҳамма соҳаларда ҳам кузатилди. Аммо нима бўлганда ҳам халқ таълими тизимида бу амалиётнинг асоратлари кўпроқ из қолдирди. Раҳбарларда виждон олдида ҳисоб бериш, элдан уялиш ҳисси йўқолиб борди. Бир раҳбар жиддий айби учун ишдан олинса-да, тез орада янада яхшироқ лавозимга тайинланаверди. Чунки унинг айблари оммага ошкор қилинмади.
Шундай экан, оммавий ахборот воситалари томонидан таълим тизими фаолияти кенг ёритилиши, раҳбарларнинг айблари, нафақат раҳбарлар, балки ўқитувчиларнинг ҳам ножўя қилиқлари, нопедагогик хатти-ҳаракатлари оммавий тарзда муҳокама қилиниши зарур. Шунингдек очиқ дарсларни кўпайтириш, уларга жамоат ташкилотлари вакилларини, журналистларни жалб қилиш ҳамда улар орқали таълимга жамоатчиликнинг адолатли, таҳлилий муносабатини шакллантириш керак бўлади.
Бунинг учун таълим тизимидаги газета ва журналлар фаолиятини ислоҳ қилиш, агар бунинг имкони бўлмаса ёки кечикса ижтимоий-оммавий сайтлар, блогерлар кўмагига таяниш керак. Нима бўлганда ҳам халқ таълими тизими фаолияти халқ учун очиқланиши зарур.
Хулоса ўрнида
Таълим тизимида муаммолар кўп. Аммо уларни ошкор айтадиганлар кам. Ўқитувчи ўзи ҳалим халқ. Муаммо чиқармасликни яхши кўради. Бу фазилатми? Билмадим! Мажбурлаб ишлатса, бир ой ишлаб топган маошини алдов билан олиб қўйса ҳам индамаслик ҳалимликка кирмаса керак. Фазилат ҳам эмас. Қўрқоқлик бу. Қўрқоқлик эса иллат ҳисобланади. Шундай экан, ўқитувчилар онгини ҳам янгилаш зарур бўлади. Бунда:
- меҳнат ва фуқаролик муносабатларида муомалага онгли кириша оладиган;
- ижтимоий вазиятларда ўз ҳуқуқларини талаб қила оладиган;
- жамиятда бўлаётган воқеа, ҳодиса ва жараёнларга фаол муносабат билдира оладиган;
- ўзининг фуқаролик бурчини тўлақонли англаган;
- мутеликдан холи, ахлоқан барқарор ўқитувчини тарбия қилиш айни муддаодир!
Анвар Бўронов
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter