Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бухорода 500 нафардан ошиқ ёшлар иштирокида йирик халқаро олимпиада ўтказилди

Бухорода 500 нафардан ошиқ ёшлар иштирокида йирик халқаро олимпиада ўтказилди

Ўзбекистонда илк бор ташкил этилган «BIMO–2026» (Bukhara International Mathematics Olympiad) ва «BICO–2026» (Bukhara International Chemistry Olympiad)  халқаро олимпиадалари Бухоро давлат Университетида ўтказилди. Дунёнинг 10 дан ортиқ мамлакатидан келган 500 нафардан зиёд иқтидорли ёшлар математика ва кимё фанлари бўйича ўзаро беллашдилар.

Дунёнинг ёш билимдонларини бирлаштирган ушбу илмий беллашув халқаро академик ҳамкорлик майдонига айланди. Бухоро Давлат университети ректори, профессор Обиджон Ҳамидовнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, ушбу нуфузли олимпиадада Россия, Туркманистон, Иордания, Покистон, Озарбайжон, Ҳиндистон, Хитой, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг 75 та олий таълим муассасасидан жами 95 та жамоа иштирок этган.

«Университетимизда халқаро стандартларга мос таълим муҳити яратилган.  Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилган. Рақамли платформалар, виртуал лабораториялар ва IT инфратузилманинг ривожланиши талабаларнинг билим олиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Худди шунингдек, математика, физика ва кимё фанлари ўзаро интеграция қилинган ҳолда ўқитилиб, халқаро олимпиадалар талабларига мос масалалар асосида машғулотлар ташкил этилмоқда. Ушбу ёндашув талабаларнинг аналитик фикрлаши, алгоритмик тафаккури ва амалий кўникмаларини ривожлантиради. Мана шу устиворлик илк бор ўтказилиши лозим халқаро олимпиаданинг Бухоро давлат университетида ўтишини таъминлади. IT технологиялар ёрдамида мазкур олимпиада форматлари, симуляция ва моделлаштириш усуллари қўлланилди. Талабаларни ушбу халқаро интеллектуал мусобақаларга тайёрлаш самарали йўлга қўйилди»,-деди Обиджон Ҳамидов.

Бухоронинг минтақадаги нуфузли академик марказ сифатидаги  мавқеини намоён қилган «BICHO–2026» халқаро кимё олимпиадасида 41 жамоат иштирок этган.  Андижон давлат техника институти, Бухоро давлат университети, Махтумқули номидаги Туркман давлат университети ҳамда Россия халқлар дўстлиги университети (РУДН) жамоалари Супер кубок соҳибларига айланган. Иштирокчилар 19 та олтин, 26 та кумуш ва 40 та медаль билан тақдирланган.  

«BIMO - 2026» халқаро математика олимпиадасида эса 54 та қатнашган.  Унда Туркманистон, Россия, Андижон, Тошкент олийгоҳлари Супер кубок билан тақдирланишган. 29 та олтин, 46 та кумуш ҳамда 56 та бронза медаллар топширилган.  Жамоавий баҳсларда  иштирок этганлар «Best Teamwork and Strategy Award», «Vertex» ҳамда «Outstanding Logical Reasoning Award» номинациялари бўйича пешқадамлик кўрсатишган.  

Жами 48 та олтин, 72 та кумуш ва 96 та бронза топширилган.

Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари маркази вакили Шерзод Расулов мазкур олимпиадалар келгусида иштирокчи давлатлар географиясининг кенгайишига туртки бўлишини таъкидлаб ўтган.

«BIMO» ва «BICO»лар шунчаки мусобақа эмас, балки, келажак олимларининг танишув ва тажриба алмашиш майдонидир»,-деди Шерзод Расулов.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг