Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ҳиндистоннинг йирик халқаро кўргазмасида қатнашган ўзбек дастурчилари: биз улардан яхшироқ технологиялар ярата оламиз

Ҳиндистоннинг йирик халқаро кўргазмасида қатнашган ўзбек дастурчилари: биз улардан яхшироқ технологиялар ярата оламиз

Фото: «Uznews.uz»

«Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация маркази резидентлари делегацияси «INDIASOFT 2018» дастурчилар кўргазмасида қатнашиши ҳақида аввал хабар қилган эдик.

Фото: «Uznews.uz»

Кўргазмада мамлакатимизнинг веб-сайт ва мобиль иловалар, CRM-тизимлар ишлаб чиқарувчи «UzCard», «Unicon Soft», «Online Service Group», «Webline», «Suvan Net», «SSP-Maroqand», «Technologies of Business Processes Navoi», «Avars Plus», «Green White Solutions» ва бошқа АКT-компаниялари вакилларидан иборат 15 кишилик делегация иштирок этди. Бу ҳақида «UzNews.uz» маълум қилди.

«INDIASOFT» — Ҳиндистон IТ-ишлаб чиқарувчилари ва бутун дунёда катта муваффақият қозонган халқаро харидорлар учун ягона IТ-технологиялар кўргазмаси ҳисобланади. Иштирокчи компанияларнинг қизиқишлари IT-саноатнинг дастурий таъминот, булутли технологиялар, бизнес-сервислар, электрон хавфсизлик каби асосий сегментларига қаратилади.

Фото: «Uznews.uz»

Таъкидлаш жоизки, кўпгина Европа ва Америка компаниялари Ҳиндистонни асосий аутсорсинг хизматлари етказиб берувчи мамлакат деб ҳисоблашади. Тасаввур қилинг-а: фақат Ҳиндистон дунёдаги аутсорсинг бизнес-жараёнларининг 65 фоизини бажаради. Бу факт Ҳиндистонда кўплаб иқтидорли ва малакали кадрлар ресурслари мавжудлигига шубҳа қолдирмайди.

Анъанавий кўргазма бу йил Осиёнинг йирик илмий ва саноат маркази сифатида жадал ривожланиб бораётган шаҳарларидан бири — Бангалорда 24-25 январь кунлари бўлиб ўтди. Кўплаб АКТ-компаниялар жойлашгани туфайли Бангалорни «Ҳинд кремний водийси» деб ҳам номлашади.

Фото: «Uznews.uz»

Ўн олинчи бор ташкил этилган «INDIASOFT 2018» кўргазмасида 150 дан ортиқ маҳаллий компания ҳамда жаҳоннинг 75 мамлакатидан 400дан ортиқ меҳмонлар иштирок этди.

Икки кун давомида Ўзбекистон вакиллари Ҳиндистоннинг дастурий таъминот ишлаб чиқувчилари, шунингдек, бошқа мамлакатлардаги ҳамкасблари билан танишдилар.

Фото: «Uznews.uz»

— Энг муҳими, бу ташриф орқали кўргазмадаги сўнгги технологиялар ва Ҳиндистон компанияларининг имкониятларини кўриб, биз бундан ҳам яхшироқ бўла олишимизни ва халқаро даражада рақобатлашишимиз мумкинлигини тушуниб етдик, — дейди  «Technologies of Business Processes Navoi» МЧЖ асосчиси ва раҳбари Бахтиёр Рўзиматов. — Бутун дунё Ҳиндистонни АКТ-саноатининг етакчи мамлакати деб эътироф этса-да, биз улардан яхшироқ технологиялар ярата оламиз. Бизга фақат халқаро тажриба етишмайди, холос. «Mirzo Ulugbek Innovation Center» томонидан биз резидентларнинг ушбу кўргазмага юборилишимиз хорижда ишлар қандай йўлга қўйилганини кўриш ва улардан ҳам яхшироқ ишланмалар қилишимиз учун жуда фойдали тажриба бўлди.

Фото: «Uznews.uz»

Таъкидлаш жоизки, «INDIASOFT 2018» делегациямиз аъзоларига ҳамкорлик ва халқаро алоқалар ўрнатиш имконини берди. Кўргазма доирасида ўзбек ва ҳинд компаниялари ўртасида 10дан ортиқ меморандумлар имзоланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг