Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистондаги стартапларга 100 минг долларгача сармоя ажратилади. IT-Паркда биринчи венчур жамғармаси очилди

Ўзбекистондаги стартапларга 100 минг долларгача сармоя ажратилади. IT-Паркда биринчи венчур жамғармаси очилди

Фото: «Xabar.uz»

2019 йил 25 сентябрь куни «ICT WEEK 2019» доирасида бўлиб ўтган «Digital Uzbekistan» форумида Ўзбекистон Республикасида биринчи венчур жамғарманинг ташкил этилиши ҳақида эълон қилинди.

IT-Паркнинг асосий вазифалари ва йўналишларидан бири – бу ахборот технологиялари соҳасидаги бошланғич ва кичик корхоналарга стартап лойиҳаларни амалга оширишда венчур молиялаштириш асосида кўмаклашиш ҳисобланади.

«Биз қанчалик стартап экотизимини ривожлантиришга ҳаракат қилмайлик, IT-лойиҳалар қўшимча молиялаштиришларсиз тўлиқ амалга ошмай қолаверади. Шу муносабат билан, биз бу борада манфаатдор томонлар: ҳам давлат, ҳам хусусий сектор вакиллари ва халқаро экспертлар билан кўп маротаба алоқа қилдик ва венчур жамғармани яратмасдан туриб, IT соҳасини тўлақонли жадал ривожлантириш мумкин эмас деган хулосага келдик. Шунинг учун биз истиқболли стартап лойиҳаларни ривожлантиришнинг мантиқий занжирини тўлдирадиган биринчи венчур капитал жамғармасини яратиш ташаббусини илгари сурдик», – деб маълум қилди IT-Парк директори Фарҳод Ибрагимов.

Жамғарма ахборот технологиялари соҳасидаги венчур лойиҳаларга сармоя киритади.

Венчур жамғарманинг мақсадли ҳажми 10 миллион долларни ташкил этади ва унинг иштирокчилари: давлат жамғармалари, халқаро молиявий институтлар, хорижий инвестиция компаниялари ва манфаатдор хусусий инвесторлар бўлади.

IT-стартапларга сармояни йўналтириш оралиғи ғоянинг пайдо бўлиш босқичидан (pre-seed stage) ривожланиш босқичигача (early growth stage) бўлган жараённи қамраб олади. Ҳар бир лойиҳа бўйича ўртача инвестиция стартап лойиҳаларнинг ривожланиш босқичларига қараб 25 мингдан 100 минг долларгача сармояни ташкил этади.

Жамғарманинг манфаатдор доираси ArgoTech, «E-Gov»дан тортиб, MedTech, E-commerce, IoT ва бошқаларга қадар реал иқтисодиётнинг барча соҳаларини қамраб олади. Жамғарма Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтган, инвестиция қилинадиган лойиҳаларини кўриб чиқади.

Инвестицион хатарлардан ҳимоя қилиш учун венчур жамғармани IT-стартап лойиҳаларига 1+1 (matching) форматидаги қўшма инвестиция механизмидан фойдаланган ҳолда, яъни мақсадли лойиҳада тўғридан-тўғри молиявий ёки корпоратив шериклар бўлганда сармоя киритади.

Ҳозирги кунда «IT Park Venture Fund» QazTech Ventures (Қозоғистон), Sturgeon Capital (Буюк Британия), Astron Fund Advisors (Ўзбекистон), RB Partners (Россия), Aleinikov and Partners (Беларус) ва Global Venture Alliance (АҚШ) каби халқаро венчур ўйинчилари билан ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг