Mobiuz PowerStar ақлли тизими ёрдамида электр энергиясини тежашни бошлади

Mobiuz мобил алоқа оператори ўз тармоқларига Huawei компаниясининг PowerStar инновацион энергия тежаш технологиясини жорий этди. Ушбу тизим алоқа сифатини пасайтирмасдан, таянч станцияларда электр энергияси сарфини сезиларли даражада камайтириш имконини беради.
Бу қандай ишлайди?
Сиз қўнғироқ қилганингизда ёки интернетдан фойдаланганингизда, сигнал таянч станциялари орқали ўтади. Бу станциялар узлуксиз ишлайди ва кўп энергия талаб қилади. PowerStar туфайли улар тармоқ юкламаси минимал бўлган пайтларда автоматик равишда "уйқу режими"га ўтади. Зарурат туғилганда эса тезда қайта фаоллашади.
Бу битта таянч станциясида ўртача 9 фоизгача электр энергиясини тежаш имконини беради. Бунинг натижасида CО₂ чиқиндилари ва табиатга бўлган юклама камаяди. Шу билан бирга, алоқа сифати юқори даражада сақланиб қолади, чунки ақлли ечимлар абонентларнинг ҳақиқий эҳтиёжларига мослашади.
PowerStar бутун дунё бўйлаб ўнлаб оператор тармоқларида, жумладан, Хитой, Жанубий Африка, Камбоджа ва бошқа мамлакатларда муваффақиятли қўлланилмоқда. Бу йирик операторларга алоқа сифатини сақлаб қолган ҳолда электр энергиясини тежаш ва углерод изини камайтиришга ёрдам берадиган глобал тармоқ учун самарали ечимдир.
Лойиҳа Mobiuz тармоқларида қандай амалга оширилди?
Mobiuz ESG тамойиллари доирасида PowerStar’ни қўллашни бошлади. Уни жорий этиш 2024-йил сентябрь ойида Сурхондарё вилоятидаги бир қатор таянч станцияларида йўлга қўйилди.
Муваффақиятли синовлардан сўнг, республика бўйлаб жорий этилиши зарур бўлган таянч станцияларда тизим ишга туширилди. Ҳозирда PowerStar 3000 дан ортиқ таянч станцияда электр энергиясини самарали бошқармоқда ва бу ойига ўртача 300 минг кВт/соатдан ортиқ электр энергиясини тежаш имконини бермоқда.
PowerStar яна бир бор шуни исботлайдики, ҳатто йирик технологиялар ҳам тежамкор бўлиши мумкин. Mobiuz учун бу шунчаки модернизация эмас. Бу онгли ўсиш фалсафасидир: алоқа ишончли, технологиялар оқилона, ривожланиш эса масъулиятли бўлиши лозим.
"Биз учун нафақат алоқа сифати, балки атрофимиздаги дунёга қандай таъсир кўрсатаётганимиз ҳам муҳим. Технологиялар ҳам инсонлар, ҳам атроф-муҳит учун фойдали бўлиши керак. PowerStar бизга замонавий, масъулиятли ва барқарор бўлишга ёрдам беради," - дея таъкидлашди Mobiuz вакиллари.
Mobiuz алоқани нафақат ишончли, балки янада экологик ва технологик қиладиган илғор ечимларни жорий этишни давом эттиради.
Илгарироқ компания бутун республика бўйлаб ўз офисларида қуёш фотоэлектр станциялари ўрнатилгани, шунингдек, IQ Air ҳаво сифати сенсорлари ўрнатилгани ҳақида хабар берган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter