Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Нурафшон ва Тошкентда замонавий офислар очилди (фото, видео)

Бугун, 6 август куни Нурафшон шаҳри ва пойтахтда UZTELECOM савдо ва хизмат кўрсатиш офисларининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва «Ўзбектелеком» АК томонидан давлатимиз мустақиллигининг 30 йиллигига ажойиб туҳфа бўлди.

Очилиш маросими дастлаб Тошкент вилоятининг маркази – Нурафшон шаҳрида ўтказилди.  Шу ерда бироз мозийга чекинсак. Ҳозир қад ростлаган етти қаватли бино ўрнида аввал баҳор ва кузда ҳовлисида сув кўллайдиган кўримсизгина почта боғламаси бўлган, пастқам бино ва иншоотлардан иборат, халқ тили билан айтганда «Алоқа уйи» фаолият кўрсатар эди.

Ҳудуднинг олдинги ҳолати

Давлатимиз раҳбарининг Тошкент вилояти марказини Тўйтепа, ҳозирги Нурафшон шаҳрига кўчириш тўғрисидаги топшириғидан кейин бу ер улкан бунёдкорлик майдонига айланиб кетди. АКТ вазирлиги раҳбарияти ҳам юқорида тарифини келтирганимиз алоқа бинолари ўрнида ҳамма талабларга жавоб берадиган, соҳанинг барча корхона ва ташкилотлари жойлашадиган замонавий Алоқа уйини бунёд этиш ишларини жадаллаштириб юборди. Лойиҳа ишлаб чиқилди, бир неча марта мутахассислару раҳбарлар ушбу қурилиш майдонига келиб, бинонинг кўркам, энг муҳими, аҳоли талаб ва истакларига жавоб берадиган даражада бўлиши учун маслаҳатлашиб, ишларнинг боришни доимий назоратини олиб боришди. Натижа эса кутилгандек бўлди ва мана бугун энг замонавий бино фойдаланишга топширилди.

Нурафшонда очилган бино

Очилиш маросимига соҳа корхона раҳбарлари, меҳнат фахрийлари таклиф қилинди.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов, Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Шуҳрат Ҳакимовлар сўзга чиқишиб, алоқачиларни ушбу кун билан табриклашди.

 – Бугун жудаям қувончли кун, – деди Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов. – Вилоят соҳа корхоналари ташкилотлари бир жойда жам бўлиб ишлайдиган муҳташам бинони фойдаланишга топширяпмиз. Албатта, вилоят аҳолисига сифатли ва тезкор хизмат кўрсатиш асосий мақсад. Президентимиз ташаббуси билан «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегияси қабул қилиниб, унинг ижроси йўлида саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Нурафшон шаҳри кун сайин обод бўляпти. Мана шу ишларда соҳа вакиллари ўз ҳиссаларни қўшаётганлари бизни хурсанд қилади. Бу Давлатимиз мустақиллигининг 30 йиллик тўйига муносиб совға бўлади, деб ўйлайман. Бунёдкорлик ишлари шу билан тўхтаб қолмайди. Яхши биласизлар, Тошкент ахборот технологиялари университетининг Тошкент вилоятида филиали очилган. Филиал учун бинолар, 18 қаватли талабалар тураржойи, алоқа техникуми, Президент мактаби каби қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Вилоят алоқачиларини ушбу замонавий бино билан табриклаймиз ва омад тилаймиз.

Шундан сўнг меҳмонлар бу ерда яратилган шароитлар билан танишишди. Янгиланган савдо ва хизмат кўрсатиш офисида вилоят аҳолиси барча алоқа хизматларидан, жумладан, мобил алоқадан тортиб уй интернетигача хизматлар кўрсатувчи UZTELECOM миллий операторининг хизматларидан фойдаланишлари мумкин. Шунингдек, ушбу бинода АКТ вазирлигининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси, «Ўзбекистон почтаси» АЖ, АТ «Алоқабанк» ва Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясининг Тошкент вилояти филиаллари ҳамда таркибий бўлинмалари жойлашган. Табиийки, аҳоли ушбу алоқа корхоналари хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлишди. Алоқачилар, айниқса, соҳа фахрийлари яратилган қулайликлардан шодликларини яширшиб ўтиришмади.

– Бу ерда аҳоли учун жуда яхши имконият яратилибди, – деди меҳнат фахрийси Жумабой Бўтаев. – Офисда бир вақтнинг ўзида ҳам алоқа, ҳам банк, почта хизматларидан фойдаланиш мумкин. Авваллари бу ерда почта биноси жойлашган эди, энди эса шаҳар кўркига-кўрк қўшиб турувчи замонавий иншоот фойдаланишга топширилди. Бунинг учун биз бу лойиҳани амалга оширган барча масъулларга ўз миннатдорлигимизни билдирамиз.

Нурафшондаги очилиш тадбирдан  сўнг тадбир иштирокчилари пойтахт томон йўл олишди. Уларни Тошкент марказида яна битта савдо ва хизмат кўрсатиш офис кутиб турганди.

«Ўзбектелеком» АК мутасаддиларининг айтишларича, 2020 йил охирида Андижон шаҳрида бошланган, республика бўйлаб савдо ва хизмат кўрсатиш офисларини модернизация қилиш ва такомиллаштириш бўйича кенг кўламли лойиҳа кенгайиб бормоқда.

Тошкентдаги бино

Лойиҳанинг асосий тамойилига кўра, бу офисларни очишдан мақсад телекоммуникация технологиялари бозорида хизмат кўрсатиш соҳасини янги босқичга кўтариш ва мобил алоқадан тортиб мобил ва уй интернетигача UZTELECOM миллий операторининг барча хизматларини битта хизмат кўрсатиш офисида бирлаштиришдир.

Ягона фалсафага амал қилган ҳолда, Тошкентдаги савдо ва хизмат кўрсатиш офиси Eco Hi-tech услубида яратилган ва миллий оператор абонентларига қулайлик яратиш мақсадида замонавий технологиялар билан жиҳозланган.

Тошкентдаги офис очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов ҳамда Бош вазир маслаҳатчиси – IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи Олимжон Умаровлар иштирок этишиб, қувончли кун билан телекомчиларни табриклашди. Сўнгра тадбирга келган меҳмонлар учун офис бўйлаб экскурсия уюштирилди ва компания ходимлари бу ердаги янгиликлар ҳақида сўзлаб беришди.

– UZTELECOM бутун мамлакат бўйлаб савдо ва хизмат кўрсатиш офисларини модернизация қилиш ва такомиллаштириш бўйича кенг кўламли лойиҳани давом эттирмоқда, – деди «Ўзбектелеком» АК бош директори Назиржон Ҳасанов. – Янги савдо ва хизмат кўрсатиш офисларимизни реконструкция қилиш лойиҳасининг асосий тамойили абонентларни энг эргономик ва қулай офислар билан таъминлашдир. Эндиликда улар UZTELECOM миллий операторининг барча хизматларидан бир жойда, бир вақтнинг ўзида фойдаланишлари мумкин.

Таъкидлаш жоиз, ушбу лойиҳа компания томонидан муваффақиятли амалга оширилмоқда ва келажакда миллий оператор абонентларини бир қатор янгиликлар кутмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг