Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда «мобиль қарамлик»ка барҳам берилади

Ўзбекистонда «мобиль қарамлик»ка барҳам берилади

Фото: «Униан»

Бугун, 14 май куни имзоланган «Электрон тижоратни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги зиммасига: 

  • икки ой муддатда электрон тижорат соҳасида давлат миқёсидаги ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни молиялаштириш механизмини инобатга олган ҳолда Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги Низомга ўзгартиришлар киритиши; 
  • мижозларни мобиль алоқа рақамига боғлиқ ҳолда масофадан идентификация қилиш механизмининг самарали ишлашини таъминлаш мақсадида 2018 йил якунига қадар мобиль алоқа тармоғи абоненти бошқа мобиль алоқа тармоғига ўтганда телефон рақамини сақлаб қолиш тартибини ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши юкланди. 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси икки ой муддатда электрон дастурий маҳсулотлар, ахборот маҳсулотларидан фойдаланиш ҳуқуқини расмийлаштириш, шу жумладан, «булутли технологиялар» хизматини харид қилиш ва унга обуна бўлишнинг бухгалтерия ҳисобини юритиш ва божхона расмийлаштируви (декларациялаш) тартибини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини киритадилар. 

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Марказий банк билан биргаликда 2018 йил якунига қадар мобиль телефонлар (планшетлар) қўлланилишини инобатга олган ҳолда банк карталари ва нақд пул тўловларини қабул қилувчи ягона қурилмаларни (E-POS терминал ва онлайн НКМ бир қурилмада) жорий этиш бўйича зарур чоралар кўради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг