Қайси масалаларда петиция йўллаш мумкин эмас?
Хабар берганимиздек, бугун «Менинг фикрим» веб-портали ишга туширилди. Мамлакатимизда фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш, давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятининг очиқлиги, қабул қилинаётган қонунларнинг ҳаётий ва самарали бўлишини таъминлаш мақсадида яратилган ушбу портал қай тартибда ишлайди?
1-босқич. Авторизация ва мурожаатни яратиш
- Электрон жамоавий мурожаат (мурожаат) Олий Мажлис палаталари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига берилади.
- «Менинг фикрим» веб-портали орқали мурожаат яратиш учун фойдаланувчилар дастлаб Ягона идентификация тизимида (id.gov.uz) авторизациядан ўтиши, сўнгра асосий саҳифадаги махсус тугмани босиб тегишли жойга мурожаат матнини киритиши лозим.
- Яратилган мурожаат Ягона идентификация тизими (id.gov.uz) орқали авторизациядан ўтган фойдаланувчилардан камида 5 нафарига қўллаб-қувватлашлари учун юборилади.
2-босқич. Экспертиза ва электрон мурожаатни жойлаш
- Агар мурожаат етарли миқдорда овоз тўпласа, унда мурожаат модератор – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан экспертизага қабул қилинади.
- Модератор мурожаатни ўрнатилган талабларга мувофиқлигини текшириш учун экспертиза ўтказади. Бунда қуйидаги масалалар кўриб чиқилмайди:
- мавжуд конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришга қаратилган даъватлар;
- жамиятнинг маънавий қадриятларига путур етказадиган, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини поймол қиладиган;
- уруш, зўравонлик, шафқатсизликни тарғиб қилиш, миллатлараро, ирқий, диний адоват, экстремизм, сепаратизм ва фундаментализмни қўзғатиш тўғрисидаги;
- террорчилик ҳаракатларини содир этишга, қонунга мувофиқ жиноий ва ўзга жавобгарликка сабаб бўладиган бошқа хатти-ҳаракатларни содир этишга даъват қилиш тўғрисидаги ва низомда белгиланган бошқа масалалар.
- Мурожаатга модератор ижобий хулоса бергандан сўнг бир кун ичида мурожаат умумий овоз бериш учун «Mening fikrim» веб-порталида эълон қилинади. Агар мурожаат белгиланган талабларга жавоб бермаса, у рад этилади ва мурожаат муаллифига хабар берилади.
3-босқич. Мурожаатга овоз бериш
- Умумий овоз бериш мурожаат эълон қилингандан сўнг 90 кун давомида амалга оширилади.
- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига юборилган мурожаат фуқароларнинг камида 10 000 та овозини, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига юборилган мурожаат камида 5 000 та овозни, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига юборилган мурожаат 1 000 та овозни тўплаши зарур.
- Етарли миқдордаги овозларни тўплаган мурожаат модератор томонидан кейинги кундан кечиктирмай ваколатли давлат органларига юборилади.
4-босқич. Мурожаатни кўриб чиқиш
- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига юборилган мурожаатни кўриб чиқиш ва улар бўйича қарорлар қабул қилиш уларнинг регламентлари билан тартибга солинади.
- Олий Мажлис палаталари, маҳаллий халқ депутатлари Кенгашлари томонидан мурожаатни кўриб чиқиш натижалари бўйича қарор қабул қилинади ва «Mening fikrim» веб-порталида жойлаштирилади.
- Мурожаатни кўриб чиқиш ва у бўйича қарор қабул қилиш муддати 60 кундан ошмаслиги лозим.
Ушбу портал Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича Ягона интегратор «UZINFOCOM» МЧЖ томонидан ишлаб чиқилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter